“Воқеа иштирокчилари орасида ҳуқуқ идораси вакиллари ҳам борлиги ниҳоятда хавотирли” — Мирзиёева
Хоразм вилоятида мансабдор шахсларнинг педофилияда айблангани ва судлангани ҳақидаги хабарга Саида Мирзиёева муносабат билдирди.
Президент администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири Саида Мирзиёева оилавий зўравонлик бўйича қонунни қабул қилишни тезлаштириш зарурлигини таъкидлади.
«Хоразмда юз берган фожиа жамиятда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳолат қонунчилигимизда жиддий муаммолар борлиги ва ушбу бўшлиқдан жирканч шахслар фойдаланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Воқеа иштирокчилари орасида ҳуқуқ идораси вакиллари ҳам борлиги эса ниҳоятда хавотирлидир.
Бош прокуратурадан мазкур ҳолатга алоҳида эътибор қаратиб, синчиклаб ўрганишни ва ҳуқуқий баҳо беришни сўрайман.
Биз мавжуд қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш, турли «лазейка»ларни ёпиш, оилавий зўравонлик бўйича қонунни қабул қилишни тезлаштиришимиз зарур. Мазкур қонун лойиҳаси аёллар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган», деб ёзди Саида Мирзиёева.
Аввалроқ, Хоразмда вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ва туман ФВБ раҳбари Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келгани, 15-17 ёшлардаги ҳимоясиз қизларни бу ишга Меҳрибонлик уйи мудираси мажбурлагани, мудира 5 йилга озодликдан маҳрум қилингани, икки мансабдорнинг озодлиги бир ярим йилга чеклангани ҳақида хабар берилган эди.
Мавзуга оид
15:27 / 20.09.2024
Болага нисбатан оилавий зўравонлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
20:03 / 19.09.2024
Саида Мирзиёева Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашув ўтказди
11:52 / 14.09.2024
Саида Мирзиёева: «Оиладаги зўравонликларга қарши кураш бўйича мамлакатимиз минтақада етакчига айланганидан фахрланаман»
14:24 / 13.09.2024