Ўзбекистон | 09:13 / 02.04.2023
29338
15 дақиқада ўқилади

Z-артистларга қарши кампания, ойликлар ошиши ва пасаймаган тезлик — ҳафта дайжести

Кремлпараст артистларнинг Боку ва Олмаотада қабул қилинмаган концерти Тошкентда ўтказиладими? Инфляция 12 фоиз бўлиб турган бир пайтда нега ойликлар 6,5 фоизга оширилди? Жарима баллари бўйича топшириқни бажармаган ИИВ тезликни пасайтириш талабини ҳам бажармоқчи эмасми? Якунланаётган ҳафта мавзулари – Kun.uz дайжести.

Якунланаётган ҳафта ўзбекистонлик фаоллар, айниқса ўз фикрига эга ёшларнинг рус пропагандасига қарши кампанияси билан ёдда қоладиган бўлди. Улар эълон қилган бойкот сабаб, Озарбойжон ва Қозоғистондан қувилган Z-артистлар энди Ўзбекистонда ҳам қабул қилинмаслиги мумкин.

Ўнлаб россиялик қўшиқчиларни жамлайдиган “Жара” фестивалининг ўтган йили Боку ва Олмаотада бўлиши белгиланган концертлари жамоатчилик қаршилиги сабабли бекор қилинган эди. Бунга сабаб – фестивал иштирокчиси бўлган бир қатор қўшиқчилар Россиянинг Украина ҳудудларини босиб олишини очиқ қўллаб-қувватлаган. Фестивал асосчиларидан бири, Ғарб санкциялари остидаги Григорий Лепс доимий равишда Путин иштирокидаги Z-шоуларда қатнашиб келади, у Донбассда концерт ҳам берган.

Тошкентдаги фестивал 20-21 май кунлари “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиб ўтиши эълон қилинган. Ижтимоий тармоқларда норозилик ҳаракати бошлангач, ярим-расмий манбаларда концерт номаълум муддатга қолдирилиши маълум қилинди. Лекин буни ҳеч қайси давлат идораси тасдиқлай олмаяпти: Kun.uz боғланган Маданият вазирлиги, “Ўзбекконцерт”, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар ички ишлар бош бошқармаси каби давлат органларининг ҳеч қайсиси аниқ гап айта олмади. Лекин бу гап-сўзлар фонида “Жара” учун чипта сотаётган iticket.uz сайти концерт бекор қилинмаганини айтиб чиқди. 1 апрел ҳолатига ҳам, сайтда чипталар сотуви давом этяпти.

Умуман, воқеалар ривожидан урушни қўлловчиларга саҳна бериш масаласи худди икки томон ўртасида савдолашилаётганга ўхшайди. Ўзбекистонликлар эътироз билдира бошлаганидан кейин, концерт афишасидан урушни оқловчи айрим ашулачилар, хусусан Григорий Лепс, Дима Билан ва Лолита олиб ташланди. Маълумот учун, 1 ҳафта олдин Лепс Тошкентдаги концертда иштирок этишини айтиб видеомурожаат йўллаган эди.

Шунга ўхшаш савдолашув, афтидан, Қозоғистонда ҳам бўлган. Ташкилотчилар ўтган йили Бокуда концерт бериш бўйича Озарбойжон расмийларидан рад жавобини олгач, Қозоғистонга кўз тиккан ва 25-28 июл кунлари Олмаотада концерт бўлишини эълон қилишган. Лекин қозоқларнинг ҳам қаршилигига дуч келиб, режалар яна бузилиб кетган. Шундай бўлса-да, ташкилотчилар “музокаралар”ни давом эттирган ва Олмаотадаги фестивални 2023 йил 9-12 март кунларига белгилашга муваффақ бўлишган. Бу орада Григорий Лепс, Дима Билан, Ольга Бузова, Анита Цой ва Лолита афишалардан олиб ташланган. Лекин бу “ён бериш” охир-оқибат барибир фойда бермаган: 15 феврал куни Қозоғистондаги концерт номаълум муддатга қолдирилгани эълон қилинган.

Ўрганишларимизга кўра, “Жара” фестивали Тошкентда ўтказилиши унинг Олмаотада бекор қилингани билан боғлиқ бўлмаслиги мумкин. Ташкилотчилар Ўзбекистонда концерт беришни аввалроқдан режа қилган. Ўтган йили сентябрда “Zhara events” номли компания рўйхатдан ўтказилган. Тошкентдаги фестивал учун очилган Instagram-саҳифага постерлар 15 январдаёқ жойлана бошлаган. Илк постларда миллиардер Алишер Усмоновга алоқадор Ucell компанияси асосий ҳомийлар қаторида кўрсатилган. Кейинроқ ҳомийлар рўйхатига Orient Finans Bank қўшилган.

Инфляция 12 фоиз, ойлик ошиши 6,5 фоиз

1 апрелдан пенсия ва нафақалар 7 фоизга оширилди. Эндиликда энг кам пенсия миқдори 677 000 сўм, ногиронлик пенсиялари 747 минг сўм бўлди. 1 майдан эътиборан эса бюджет ташкилотларида ишловчи ходимларнинг маошлари 6,5 фоизга ошади. Энг кам ойлик 980 минг сўм деб белгиланади. Стипендиялар ошиши кўзда тутилмаган. Олийгоҳлардаги контракт миқдорлари ўзгариши борасида эса ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Эътиборлиси, ойликлар ва пенсиялар 7 фоиз атрофида ошаётган бир пайтда, жарималар ва бошқа мажбурий тўловлар 10 фоизга кўтариляпти: 1 майдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдори 300 минг сўмдан 330 минг сўмга ошади. Шу билан бирга, худди шу санадан бошлаб 372 турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жарималарга чегирма миқдори ҳам ошади: 15 кун ичида тўланганда 50 фоиз, 30 кун ичида тўланганда 30 фоиз чегирма олиш мумкин.

Ойлик ва пенсиялар ошиши ҳақидаги хабарни ҳамма ҳам хурсандчилик билан қабул қилди, деб бўлмайди. Чунки 7 фоизлик кўтарилиш – охирги йиллардаги оширишлар билан таққослаганда ҳам, расмий инфляция билан солиштирганда ҳам сезиларли кам. Бир неча йил олдин маошлар ва пенсиялар инфляциядан кам бўлмаган даражада индексация қилиб борилиши айтилган эди. Ваҳоланки, шу ҳафта эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, ўтган бир йиллик даврдаги инфляция 12 фоиз, озиқ-овқат инфляцияси эса салкам 15 фоиз бўлган. Охирги бир йилда асосий истеъмол товарлари 12-15 фоизга қимматлашиб, ойликлар эса 7 фоизга ошди дегани – аҳолининг реал даромадлари ошиш ўрнига, камайди дегани. Оддийроқ қилиб айтганда, бу ойликка яшайдиган одамларнинг камбағаллашганини англатади.

Бунга жавобан расмийларнинг айтишича, ойликлар йил охиригача ҳали яна оширилади. Хусусан, 1 сентябрдан иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни 10 фоизга ошириш ваъда қилинди. Охирги марта 15 ой олдин 498 минг сўм деб белгиланган камбағаллик чегараси, яъни минимал истеъмол харажатлари эса ҳалигача янгиланмаяпти.

2023 йилда, шунингдек, аҳоли учун газ ва электр энергияси тарифлари оширилмаслиги ҳам эълон қилинди. Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов энергия нархлари ошмаслиги эҳтимоли катта экани, уй хўжаликлари учун эса нархлар аниқ ошмаслигини айтди. Яъни йил охиригача газ ва электр тарифлари фақат юридик шахслар учун кўтарилиши мумкин. Вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, вазирлик ижтимоий норма белгилаш масаласини кўриб чиқишда давом этяпти. “Совуқ қишда уйида футболкада юрадиган бой одамлар бозор нархида тўлаши керак, бу адолатдан бўлади”, – деди Дилшод Султонов.

“Ташаббусли бюджет”: Овоз йиғиш ҳам, баҳслар ҳам қизиди

“Ташаббусли бюджет”да 7 апрелгача давом этадиган овоз йиғиш жараёни айни авж палласига кирди. Солиқлардан йиғилган 1,5 трлн сўм пулни қаерга ишлатишни ҳал қилиш жараёни аввалгилардан ҳам қизғинроқ давом этяпти. 31 март ҳолатига жами йиғилган овозлар сони 14 миллионга яқинлашди. Таққослаш учун, аввалги мавсумдаги лойиҳаларга жами 7,8 миллионта овоз берилганди.

Шу билан бирга, ҳудудларда маҳаллий амалдорларнинг найранглари лойиҳа обрўсизланишига сабаб бўляпти. Айрим ҳолатларда қурувчи компаниялар овозларни сотиб олишга каттагина маблағ сарфлаётгани, кейин эса ҳокимликлар билан аввалдан келишилган коррупцион схема орқали лойиҳа тендерини ютиб олиб, бу пулни ортиғи билан чиқариб олаётгани айтиляпти. Шу ҳафта расмийлар берган маълумотга кўра, қурувчи компанияларни тендерда танлаб олиш тартибини ўзгартириш орқали бундай ўйинларга барҳам бериш кўзда тутилган.

“Ташаббусли бюджет” атрофидаги бошқа нохуш ҳолатлар эса мактаблар билан боғлиқ. Энг заиф қатлам бўлмиш ўқитувчилар мактаб учун овоз йиғишга мажбурланяпти. Шундай ҳолатларнинг бирида, Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги мактаб ўқувчилари пул олиб келиш учун дарс пайтида уйига жўнатилди. Ўқитувчи уларга сим-карта сотиб олиш учун 10-20 минг сўмдан пул олиб келишни буюрган. Воқеа видеолари тарқалгач, мактаб директори лавозимидан олинди, ўқитувчига эса огоҳлантириш берилди. Яна бир ҳолатда, Навоий вилояти Хатирчи туманида мактаб директори 8-синф ўқувчиларини овоз йиғишга жалб қилгани маълум бўлди.

Шуниси эътиборлики, Оққўрғон ва Хатирчидаги иккала мактаб ҳам шундоғам яқин йилларда таъмирланган. Хатирчидаги мактаб ўтган йили ҳам “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлиб, синфларга камера ўрнатилган, мини-стадион қуриб берилган; бу йил эса қуёш панели ўрнатиш ва бошқа ташаббуслар билан лойиҳада қатнашяпти. Умуман, республика бўйича эълон қилинган қуёш панелларига ўтиш кампанияси фонида, “Ташаббусли бюджет”да ҳам бу борадаги таклифлар жуда кўпайган.

Шу ва бошқа ҳолатлар сабаб ижтимоий тармоқларда “Опенбюджет” танқидчилари ва лойиҳани ёқловчилар ўртасида баҳслар кўпайди. Танқидчилар жойларда овоз тўплашнинг ғирром йўлларидан юрилаётгани, жараёнга ўқитувчилар, шифокорлар ва боғчалар ходимлари мажбуран жалб қилинаётганини айтиб, лойиҳадаги ҳамма ишларни аслида давлат ҳеч қанақа овозсиз қилиб бериши кераклигини айтяпти. Лойиҳа тарафдорлари эса Ўзбекистон тарихида биринчи марта халқ ўз солиқларидан шаклланган бюджетни эркин тақсимлашда иштирок этаётгани, “Опенбюджет” Ўзбекистон халқи демократияга тайёр эмас деган гап қанчалик хатолигини кўрсатиб бергани, лойиҳани тўхтатиш эмас, аксинча унга ажратиладиган пулларни кўпайтириш кераклигини таъкидлаяпти.

Эркин ва ҳалол сайловлар йўқ мамлакатда “Ташаббусли бюджет” каби лойиҳаларнинг бўлиши – одамлар учун катта имконият. Бу лойиҳа аҳолига ҳокимларнинг бу йил, кейинги йил деган ваъдалари амалга ошишини кутмасдан, ўзлари уюшган ҳолда муаммони ҳал қилиш имконини беради. Фикримизча, “Опенбюджет” танқидчиларининг сўзлари кўпроқ ҳиссиётга асосланган. Лойиҳада ҳақиқатан ҳам камчиликлар бор, лекин бу уни ёпиб ташлаш керак дегани эмас. Масалан, овозларни сим-картага эмас, мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларига боғлаш орқали лойиҳани ҳам такомиллаштириш, ҳам янада соддалаштириш мумкин.

Бундан ташқари, қонунлар ҳам ишлаши керак. Шу ҳафта имзоланган қонунлар билан, педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди. Тиббиёт ходимининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун эса маъмурий жавобгарлик киритилди.

Шаҳарларда тезлик пасаймади, президент фармони яна бажарилмади

Ўзбекистон шаҳарларида тезликни пасайтириш масаласини масъуллар яна пайсалга соляпти. Президент фармонига асосан, 1 апрелдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар ва туманлар марказларида энг юқори тезлик соатига 70 километрдан 60 километргача туширилиши керак эди. Лекин бу борада Йўл ҳаракати қоидаларига ҳалигача ўзгариш киритилгани йўқ. Радар ва камералар ҳам янги чекловларга мослаштирилмади. Қачон мослаштирилади, президент фармони нега вақтида ижро этилмади – биз бу саволларга масъуллардан жавоб ололмадик.

Бу – президентнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича топшириқлари бажарилмай қолаётган биринчи ҳолат эмас. Аввалроқ ҳам президент қарорида белгиланган муддат писанд қилинмасдан, жарима баллари тизимини ишга тушириш ҳам номаълум муддатга кечиктириб юборилганди.

Ҳайдовчилар учун яна бир эслатма. 1 апрелдан бошлаб, 2010 йилгача берилган эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Муддати ўтган гувоҳнома билан автомобил бошқариш эса жаримага сабаб бўлади. Лекин гувоҳномани вақтида алмаштирмаганлик учун жарима йўқ.

Эслатиб ўтамиз, янги гувоҳнома олиш учун қайта имтиҳон топшириш шарт эмас. 2010-2012 йилларда берилган гувоҳномалар шу йил 30 июнгача, 2013–2015 йилларда берилганлари 30 сентябргача, 2015 йилдан кейин берилганлари эса 31 декабргача янгисига алмаштирилиши керак.

Хоразмдаги мудҳиш жиноят ва мудҳиш судялар

Ҳафта охирида педофилияга доир навбатдаги нохуш хабар кўпчиликни сескантириб юборди. Маълум бўлишича, Хоразмда оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари ўз васийлигидаги 3 нафар вояга етмаган қизни 10 ой давомида турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган. Мижозлар орасида ҳатто юқори лавозимли давлат амалдорлари ҳам бўлган.

“Сукут сақлама” лойиҳаси маълумотига кўра, Хоразм вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи аввалига ўз ваколатидан фойдаланиб, меҳрибонлик уйининг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам берган, кейин эса меҳрибонлик уйи раҳбаридан унга жинсий эҳтиёжларини қондириш учун қиз топиб беришни талаб қилган. Шунда мудира 17 яшар етим қизни танлаган ва уни оч қолдириб, бошқа болалардан ажратиб қўйиб, ташқарига чиқишини тақиқлаш орқали бегона эркак билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган.

Адлия бошқармаси бошлиғи кейинроқ бошқа қизларни ҳам беришни талаб қилган. Мудира эса 15 ва 16 ёшли яна икки қизни эркаклар билан жинсий алоқага мажбурлаган. Улардан бири бунга қаршилик қилганида, мудира ошхонадан ўқлов олиб келиб, болалар кўз ўнгида қизнинг укасини калтаклаган. Мансабдорнинг вояга етмаган қизлар билан учрашувлари бошқарма ходимларига хизмат уйи сифатида ажратилган квартирада бўлиб ўтган.

Вояга етмаган қизлар билан жинсий алоқада бўлиб келганлар орасида Хоразмнинг Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи ҳам бўлган. У ҳам аввалига меҳрибонлик уйига ҳомийлик ёрдами сифатида мебеллар ва турли ширинликлар совға қилган. Мудира эса унга ёш қизлар билан ётиши учун меҳрибонлик уйининг ўзидан жой қилиб берган.

Яна ҳам даҳшатлиси шундаки, бу икки амалдор педофилия жиноятида айбдор деб топилган бўлса ҳам, улар қамоқдан қутулиб қолган. Суд ҳукми билан мудира 5 йилга қамалган, лекин собиқ мансабдорларга 1,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Яъни уларга шунчаки соат 22:00дан 6:00гача уйдан чиқмасанг бўлди, деган мажбурият юкланган холос. Декабр ойида бўлиб ўтган апелляция судида ҳам ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.

Ижтимоий тармоқларда жиноятчилар орасида бошқа амалдорлар ҳам бўлгани, улар сувдан қуруқ чиққани айтилмоқда.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 29 млрд доллардан ошди. 2023 йилнинг 1 январ ҳолатига берилган бу рақам – мамлакатимиз тарихидаги энг юқори кўрсаткич. Давлат қарзи миқдори ўтган йили салкам 3 млрд долларга ошган. Давлат қарзининг 90 фоиздан ортиқ қисми хорижий валютада жалб қилинган. Давлат ташқи қарзининг 90 фоиздан ортиғи хорижий валютада олинган.

Солиқ органлари Тошкентдаги компаниялардан 28,5 млрд сўм пулни ноқонуний ундиргани шов-шувга сабаб бўлди. Бу – фойда солиғидан тўланадиган аванс билан боғлиқ. Воқеа сабаб Солиқ қўмитасининг департамент бошлиғи ишдан олинди, яна 4 киши жазога тортилди. Ортиқча ундирилган пуллар бир кунда қайтарилган бўлса ҳам, ҳолат кўплаб тадбиркорларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди.

Тошкентда 248 кишига автомашина ваъда қилиб, уларни 12 млрд сўмга чув туширган фирибгарларга ҳукм чиқарилди. Маълум бўлишича, иккита компания қисқа муддатда Cobalt, Nexia, Gentra, Malibu ва Isuzu автомобилларини етказиб беришни ваъда қилиб, одамларни 2 йилдан бери алдаб келган. Компаниялардан бирининг 29 ёшли раҳбари 9,5 йилга, иккинчи компания раҳбари 8,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Эътиборлиси, жазога тортилганлар орасида жабрланувчилар ҳам бор – уларнинг 5 нафари суд залида жанжал келтириб чиқаргани учун жаримага тортилди.

Қамчиқ довони орқали сиғими 15 кишигача бўлган микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилади. Бундан ташқари, Жиззах довони, Чимён ва Чорвоққа ҳам туристик автобус ва микроавтобус қатновини йўлга қўйишга рухсат берилди. Туризм мавзусидаги селекторда президент, шунингдек, маҳаллий авиарейслар сонини 2 баравар ошириб, 100 тага етказиш бўйича топшириқ берди. Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш учун салкам 9 млн доллар ажратилади.

Мавзуга оид