Петербургдаги портлашда гумонланган аёл қўлга олинди. У Ўзбекистонга учиб кетмоқчи бўлган
Санкт-Петербургдаги кафеда «ҳарбий мухбир» Владлен Татарскийнинг ўлимига сабаб бўлган портлашга алоқадорликда гумон қилинган 26 ёшли Даря Трепова қўлга олинди. Россия ИИВ томонидан эълон қилинган видеода у Татарский билан учрашувга ҳайкалча олиб келганини тан олади. Тахминга кўра, унда портловчи моддалар бўлган.
«Санкт-Петербургдаги кафеда содир бўлган портлашга алоқадорликда гумон қилиниб, РТҚ ходимлари тезкор хизматлар билан биргаликда Даря Треповани қўлга олди. У билан зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят сабаблари аниқланмоқда», деб хабар берди Россия Тергов қўмитаси (РТҚ).
Ички ишлар вазирлиги аниқлик киритишича, Трепова ижарага олинган квартирада ушланган. Маҳаллий ОАВга кўра, у Ўзбекистонга чиқиб кетишни режалаштириб, чипта сотиб олган.
Шунингдек, идора қиз кафега ҳайкалча олиб келгани тасвирланган видеони ҳам тақдим этди. Ундан бу ҳайкалчани ким берганини сўрашганда, у кейинроқ айтаман деб жавоб қайтаради.
Миллий аксилтеррор қўмитаси (МАҚ) кафедаги портлашни террорчилик ҳаракати сифатида баҳолади. Қўмита маълумотларига кўра, «Украина махсус хизматлари томонидан Навалнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди билан ҳамкорлик қилган шахслардан агентларни жалб қилган. Ҳибсга олинган Трепова уларнинг фаол тарафдори бўлган».
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам воқеани теракт деб атади. Песковнинг сўзларига кўра, бу Киев томонидан ташкил этилган бўлиши мумкин. «Киев режими террорчилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва, эҳтимол, 2014 йилдан бери кўплаб бошқа одамлар каби Владлен Татарскийнинг ўлдирилиши ортида тургандир – шунинг учун ҳам «махсус операция» ўтказилмоқда», деди у.
Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк бир кун аввал Санкт-Петербургдаги портлашда Киевнинг алоқаси борлигини рад этиб, буни «ички терроризм» деб атаганди.
Ўз навбатида, Алексей Навалнийнинг шериги Иван Жданов Россия расмийларининг теракт ва Навалний тузилмаларининг бунга алоқадорлиги ҳақидаги баёнотларини «кутилган гаплар» деб атади.
«Табиийки, биз бу билан шуғулланмаймиз», деб ёзди Жданов ўз телеграм-каналида. «Улар узоқ вақтдан бери терроризмни бизга тўнкамоқчи бўлишяпти. Ва яқин келажакда Навалний устидан суд бўлади. Албатта, улар Навалнийга максимал узоқ муддат беришни режалаштирмоқда ва терроризм айблови бунинг учун жуда қулайдир».
«Ижодий оқшом»даги портлаш
Татарский (ҳақиқий исми Максим Фомин) якшанба куни кечқурун ўзининг «ижодий кечаси» ўтказилган Санкт-Петербургдаги Street Food Bar № 1 кафесида содир бўлган портлаш оқибатида ҳалок бўлди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ўзини Анастасия деб таништирган меҳмонлардан бири Татарскийга ҳайкалча совға қилганидан кўп ўтмай портлаш содир бўлган.
ОАВ маълумотларига кўра, «портловчи моддалар солинган» ҳайкалчани айнан Даря Трепова «ҳарбий мухбир»га топширган. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган.
3 апрел куни эрталаб Ички ишлар вазирлигининг қидирув маълумотлар базасида Татарскийнинг ўлимига алоқадорлиги сабабли исми кўрсатилган 26 ёшли Даря Трепова ҳақида маълумот пайдо бўлди.
Бунгача Санкт-Петербургнинг «Фонтанка» нашри қиз билан бир нечта суратларни эълон қилди, гўё улар Татарскийга совға топширилгандан сўнг олинган. «Агентство» билан гаплашган Трепованинг икки дўсти фотосуратда айнан у эканини тасдиқлаган.
Трепова ҳибсга олинганидан кейин Ички ишлар вазирлиги томонидан намойиш этилган видеода қизнинг ташқи кўриниши бошқачароқ: сочлари қисқароқ ва қошлари кўринмайди.
Трепова ҳақида нима маълум
Аввалроқ ОАВ ва телеграм-каналларида пайдо бўлган фотосуратларда Треповани BBC суҳбатдоши ҳам таниган. Унинг сўзларига кўра, Трепова Пушкиндаги 408-лицейни (шаҳар Санкт-Петербург таркибига киради) тамомлаган.
«У хушчақчақ эди, ўша пайтда [мактабда] ҳеч қандай сиёсий қарашларга эга эмасдек кўринарди», деди манба.
Кечқурун «Фонтанка» ва «78-канал» хавфсизлик кучлари Пушкин шаҳрида Генерал Хазов кўчасидаги уйни тинтув қилгани ҳақида хабар берди. Уйдан гумонланувчининг қариндоши бўлиши тахмин қилинган икки киши олиб чиқилган. Шундан сўнг «Интерфакс» агентлиги Трепованинг ўзи ҳам ҳибсга олингани ҳақида хабар берди, бироқ бу маълумот тасдиқланмади.
«Астра» телеграм-каналига кўра, хавфсизлик кучлари Трепованинг онасини ҳибсга олган, у қизини портлашдан сал олдин якшанба куни тушдан кейин кўргани, бироқ унинг хатти-ҳаракатида ғалати нарсани сезмаганини айтган.
Даря Трепова исми-шарифига эга қиз Санкт-Петербург давлат университетида (СПбГУ) таълим олган, бироқ 2019 йилда ўз хоҳиши билан ўқишни ташлаган.
Трепованинг дўстлари айтишича, у узоқ вақт Санкт-Петербургдаги кийим-кечак дўконида ишлаган, бироқ тахминан бир ой олдин ишдан кетиб, Москвага кўчиб ўтган.
«Агентство» суҳбатдошларининг сўзларига кўра, қиз урушга қарши қарашларга амал қилган, лекин ҳеч қачон радикал ғояларни билдирмаган. «Фақат бу ҳазил ёки феминизм ҳақида бўлса», дейди нашр суҳбатдошларидан бири.
«База» телеграм-канали таъкидлашича, қиз петербурглик феминистлар ва сиёсий фаоллар орасида «Даша Тиковка» номи билан танилган – у твиттерда шундай тахаллусга эга эди.
Шуниси маълумки, ўтган йили Даря Трепова урушга қарши митингда қўлга олинган. BBC Санкт-Петербург судлари маълумотлар базасида Даря Треповани 2022 йил 24 февралдаги (Россия қўшинларининг Украинага бостириб киришининг биринчи кунида) оммавий митингда иштирок этгани учун жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини топди.
У, бошқа иштирокчилар сингари, Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20.2.2-моддасига биноан, жамоат тартибини ва санитария антиковид қоидаларини бузишда айбланган ва ўн кунга ҳибсга олинган. Қарорда айтилишича, бунгача у «шундай жиноятлар»да айбланмаган.
Қарорда Трепованинг айбига оид далиллар келтирилмаган – фақат у полициянинг тарқалиш ҳақидаги талабига эътибор бермагани ва «ўз ихтиёри билан тадбирда иштирок этишда давом этгани» айтилган. Унинг адвокати Трепованинг ҳибсга олиниши устидан шикоят қилган, аммо судда ютқазган.
Худди шу акцияда иштирок этгани учун Дмитрий Рилов ҳам тўққиз кунга ҳибсга олинган – оммавий ахборот воситалари уни Трепованинг эри деб аташади. Йигит ҳозир хорижда, деб маълумот берди у аъзо бўлган Россия Либертариан партияси (ЛПР). Шу билан бирга, партия Риловнинг рафиқаси ЛПР фаолиятига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади.
«Мен хотинимга кимдир панд берганига ишонаман. У ҳеч қачон ёлғиз бундай ишни қила олмаслигига тўлиқ аминман. Ҳа, Даря билан биз ҳақиқатан ҳам Украинадаги урушни қўллаб-қувватламаймиз, лекин бундай ҳаракатларни ёқламаймиз. Бундай хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмайди, Мен 100 фоиз аминман, агар у буни билганида ҳеч қачон рози бўлмасди», деди Рилов SVTV News лойиҳасида.
ТАСС хабарига кўра, Рилов айни вақтда Ўзбекистонда бўлиши мумкин. Агентлик хабарига кўра, Ўзбекистон бош прокуратураси Россия томонидан Дмитрий Риловни қўлга олиш бўйича сўров келмаганини маълум қилган.
РБК полициядаги манбага таяниб Трепова ўзи тақдим этган ҳайкалчада портловчи модда борлигини билмаган бўлиши ҳам мумкинлиги ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, жиноий қидирув ходимлари қиздан теракт содир этиш учун фойдаланилганини истисно қилишмайди. Нашр суҳбатдошига кўра, Трепова аввалроқ Татарский билан ёзишма олиб борган ва унинг иштирокидаги бошқа тадбирларда ҳам қатнашган.
«Хавфсизлик хизмати расмийларига кўра, Татарскийни йўқ қилиш операцияси олдиндан тайёрланган ва унда бир неча киши иштирок этган, улар орасида роллар тақсимланган», деб таъкидлайди РБК манбаси.