Жаҳон | 14:02 / 07.04.2023
25152
8 дақиқада ўқилади

«Россияни инсофга келтиринг». Макрон Хитойни урушни тўхтатиш учун Кремлга таъсир ўтказишга чақирди

Пекинга ташриф буюрган Франция президенти Эммануэл Макрон 6 апрел куни Хитой етакчиси Си Жинпингни Украинадаги урушни тугатишга ёрдам бериш учун ўзининг Россия президенти Владимир Путинга таъсиридан фойдаланишга чақирди.

Фото: EPA

«Россияни инсофга келтириш ва барчани музокаралар столига қайтариш учун сизга ишонишим мумкинлигини биламан», деган Макрон Си Жинпингга.

Бунга жавобан Хитой раҳбари томонлар имкон қадар тезроқ тинчлик музокаралари ўтказишига умид билдирди. Унинг сўзларига кўра, Хитой ва Францияда дунё тинчлигини ҳимоя қилиш учун «имконият ҳам, масъулият ҳам» бор.

Макроннинг сўзларига кўра, ҳозирги инқироз йирик жаҳон кучларининг бир-бирига қарама-қарши бўлган блокларга бўлиниб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

6 апрел куни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков яна бир бор Украинадаги вазият «тинч йўл билан келишувга эришиш истиқболини кўрсатмаётгани»ни айтди.

«Киев Украина қуролли кучлари жанговар ҳаракатлар пайтида Қрим яримороли чегараларига етиб борсагина, Москва билан Қрим борасида музокаралар ўтказишга тайёр бўлади», деган Украина президенти девони раҳбари ўринбосари Андрей Сиби Financial Times газетасига.

Макрон 4 апрел куни Пекинга келди ва кейинги куни унинг Хитой раҳбарияти билан музокараларда иштирок этишга таклифига биноан Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳам Макронга қўшилди.

Макроннинг Хитойга сафари диққат билан кузатилмоқда, чунки Пекин ва Ғарб давлатлари ўртасидаги муносабатлар сўнгги бир неча йил ичида барқарор равишда ёмонлашди. Хитой, шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб киришини бевосита қоралашдан бош тортди.

Бундан ташқари, Макрон Хитой билан савдо алоқаларини мустаҳкамлашга ҳам интилмоқда: у Пекинга ўзи билан бизнес вакилларидан иборат катта делегацияни олиб келган.

Тинчлик режаси ва ядро қуроли

6 апрел куни тушдан кейин, Макрон Си Жинпинг билан ёпиқ эшиклар ортида музокаралар ўтказишдан олдин Пекиндаги дабдабали ҳарбий парадни томоша қилди. Хитой ва Франция расмийлари суҳбатни «очиқ» ва «дўстона» деб таърифлади.

Чоршанба куни Франция президенти Пекиндаги музейлардан бирига ташриф буюрди. Фото: Reuters

Музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Си Жинпинг Украинадаги уруш ҳақида гапириб, Хитой тинчлик музокаралари тарафдори экани ва можарога сиёсий ечим излаётганини маълум қилди. У, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни содир бўлаётган воқеаларга нисбатан «рационал вазминлик» кўрсатишга чақирди.

Феврал ойида Хитой ТИВ «Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича позиция» деб номланган ҳужжатни эълон қилди. Пекиннинг «тинчлик режаси» деб аталадиган 12 бандни ўз ичига олувчи ушбу баёнот, Си Жинпинг Москвага яқинда қилган ташрифи чоғида муҳокама қилинган.

Ғарб давлатлари ва Украина Хитой таклифида тинчликка эришиш учун ҳеч қандай аниқ механизм йўқлиги ва буни Пекиннинг тинчлик режаси эмас, балки урушга қараши сифатида кўриш мумкинлигини айтди. АҚШ, шунингдек, бир неча бор Хитой Россияга қурол-яроғ етказиб беришни бошлаши мумкинлигидан хавфсираётганини билдирди. Бироқ Ғарб давлатлари бу аллақачон содир бўлаётганининг белгиларини кўрмаяпти.

Макрон билан ўтказган қўшма матбуот анжумани чоғида Хитой раҳбари бу урушда ядро қуролидан фойдаланмаслик кераклигини яна бир бор таъкидлади.

Март ойида Россия президенти Владимир Путин Беларус ҳудудига тактик ядро қуролини жойлаштириш нияти борлигини маълум қилди. Бундан олдинроқ, Москвадаги учрашувдан сўнг Путин ва Си Жинпинг «барча ядровий давлатлар ўз миллий ҳудудларидан ташқарида ядро қуролини жойлаштирмасликлари ва хорижда жойлаштирилган барча ядро қуролларини олиб чиқиб кетишлари керак» деган декларацияни қабул қилган эди.

«Украина оккупация остида қолар экан, биз хавфсиз ва барқарор Европага эга бўла олмаймиз», деди Макрон Пекинда. У БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган Россиянинг ушбу ташкилот низомини бузаётганини қабул қилиб бўлмас ҳолат деб атади.

Макроннинг дўстона оҳанги ва фон дер Ляйеннинг кескин баёноти

Кузатувчилар қайд этишича, матбуот анжуманида Макрон Хитой раҳбари билан дўстона муносабатда бўлган ва кўпинча унга бевосита мурожаат қилган. Си Жинпинг эса аксинча, матбуотга нисбатан бепарволик билан гапирган.

Си Жинпинг фон дер Ляйен билан ҳам музокаралар ўтказди. Фото: Reuters

Кейинроқ, алоҳида матбуот анжуманида, Европа Комиссияси раҳбари фон дер Ляйен бир неча кескин баёнотлар берди. Унинг сўзларига кўра, агар Пекин Россияга қурол-яроғ етказиб берса, бу халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ҳисобланади ҳамда Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги муносабатларга «сезиларли даражада путур етказади».

Урсула хоним «Хитой адолатли тинчлик ўрнатишда иштирок этишига» умид билдирди. Украинанинг ғарбий иттифоқчилари «адолатли тинчлик» дея урушнинг тугаш сценарийсини, яъни Киев ўзининг босиб олган ҳудудлари устидан назоратни қайтариб олишини назарда тутади. Фон дер Ляйен, шунингдек, Украина етакчиси Володимир Зеленскийнинг Россия қўшинларини Украинадан тўлиқ олиб чиқиб кетишни назарда тутувчи тинчлик режасини тўлиқ қўллаб-қувватлашини қўшимча қилди.

Аввалроқ Зеленский Си Жинпинг билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказишни хоҳлашини айтганди, бироқ Хитой раҳбари бу таклифга ҳали расман жавоб бермади.

Фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, Си Жинпинг у билан суҳбат чоғида Зеленский билан «бунинг учун қулай шарт-шароит ва вақт бўлганда» гаплашишга тайёрлигини тасдиқлаган.

6 апрел куни кечқурун Хитой расмийлари Макрон шарафига тантанали кечки зиёфат уюштирди, бугун эса Франция ва Хитой етакчилари жанубдаги Гуанчжоу шаҳрига боради ва у ерда яна бирга тушлик қилади, лекин бу сафар шахсий форматда.

Бу ташриф нимаси билан муҳим?

Макроннинг Пекинга ҳозирги ташрифи муҳим аҳамиятга эга, чунки бу Си Жинпинг ва ҳар қандай Ғарб етакчиси ўртасидаги ўтган йилнинг ноябр ойида Хитой раҳбари Балидаги G20 саммитида қатнашган ва у ерда АҚШ президенти Жо Байден билан учрашганидан кейинги энг муҳим музокарадир.

Бундан ташқари, Макрон ўзининг халқаро тинчликпарвар сифатидаги обрўсини мустаҳкамлашга интилмоқда ва энди у Украина урушининг барча асосий иштирокчилари билан шахсан гаплашди. Макрон бунгача Путин ва Зеленский билан ҳам бир неча бор учрашганди.

Бироқ, Макрон Пекиндан қандайдир жиддий дипломатик ютуқларга эришган ҳолда қайтмаслигини яхши тушунади. Хитой раҳбарининг Россия ва Украинага муносабатини сезиларли даражада ўзгартириши эҳтимоли жуда кичик.

Макрон эҳтимол, кичик муваффақиятлар, умумий тил топиш ва ўзаро савдо ҳамда музокаралардан олинадиган фойдага эътибор қаратади. Франция президенти унинг мамлакати Ғарб иттифоқига мансублиги ва АҚШга яқинлигига қарамай Россиянинг иттифоқчиси бўлмиш Хитой билан яқин муносабатлар ўрнатишига ишончи комил.

Матбуот олдида қилган нутқида Франция раҳбари Пекин ва Ғарб ўртасида узоқ вақтдан бери давом этаётган қарама-қаршиликнинг асосий сабаби бўлмиш Хитойдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар ҳақида ҳеч нарса айтмади. Макроннинг таъкидлашича, бу масала Франция учун муҳимлигича қолмоқда, бироқ «маъруза ўқишдан кўра ҳурмат кўрсатиш яхшироқ».

Макрон Пекинга охирги марта тўрт йил аввал ташриф буюрган эди. Унинг ҳозирги сафари Францияда пенсия ислоҳоти билан боғлиқ иш ташлашлар ва тартибсизликлар фонида амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид