Жаҳон | 13:45 / 08.04.2023
23706
16 дақиқада ўқилади

Дунё иқтисодиётининг қон томири: Европа ва Осиёни боғлайдиган Сувайш эрамиздан аввал ҳам бўлганми?

2021 йил 23 март куни Малайзиядан Голландияга юк олиб кетаётган Тайваннинг Evergreen Marine компаниясига қарашли Ever Given супертанкери Сувайш каналида тиқилиб қолди. Канал вақтинча ёпилди, кемалар узоқ йўл босиб, Африка жанубидан айланиб ўтишга мажбур бўлди. Бир неча кун давомида кеманинг атрофи қумдан тозаланиб, уни ҳаракатга келтиришди. Ўшанда Сувайшнинг бир ҳафтага ёпилиши жаҳон иқтисодиётига бир неча юз миллиард доллар зарар келтирди. Кема эгаси бўлган компания эса Мисрга қарийб 1 млрд доллар товон пули тўлади.

Ўрта Ер денгизини Қизил денгиз билан боғлайдиган Сувайш каналининг дунё иқтисодиётида тутган ўрни жудаям катта. Европадан Осиё, Африка ва Австралияга юборилаётган ёки аксинча йўналишда ташилаётган юкларнинг асосий қисми шу канал орқали ўтади.

Тарихчилар канал қадимги Миср даврида ҳам бўлганини айтишади. Бу қанчалик ҳақиқат? Қуйида канал тарихи ва унинг жаҳон иқтисодий алоқаларидаги аҳамияти ҳақида сўз юритамиз.

Сувайш канали жаҳон савдо алоқаларида энг муҳим йўл ҳисобланади. Мазкур каналнинг аҳамияти ХХ асрнинг иккинчи ярмидан сўнг Форс кўрфазида йирик нефт конларининг топилиши ва XXI асрда Хитойнинг кескин иқтисодий ривожланиши ортидан янада ошди.

Бугун денгиз орқали ташилаётган нефтнинг катта қисми ва Жанубий-Шарқий Осиёдан Европага юборилаётган юкнинг барчаси шу канал орқали ўтади.

XIX асрнинг биринчи ярмида Ўрта Ер денгизи ва Қизил денгизни ўзаро боғлайдиган канал қурилиши лойиҳаси қилинаётганда аксарият олимлар мазкур канал ҳудуд экологиясига жуда катта салбий таъсир кўрсатишини айтишган.

Амалда эса тескариси бўлди. Чўлларни кесиб ўтаётган каналда денгизнинг шўр суви оқса-да ҳудуд экологияси қайта тикланди. Шунингдек, Ўрта Ер ва Қизил денгизнинг флора ва фаунаси ўзаро алмашиб, бойиди.

Қадимги Мисрда қазилган биринчи канал тарихи

Мисрда Нил дарёсини Қизил денгиз билан туташтириш учун канал қазиш тарихи эрамиздан аввалги 2 минг йилга бориб тақалади. Ўша пайтда Нил дарёсидан саҳро бўйлаб Қизил денгиз томонга канал қазила бошланган. У «Фиръавнлар канали» деб номланган.

Аристотел бу канални Сесострис деб атаган. Канал қурилиши бир неча аср давом этган ва оз-оздан саҳролар орқали Қизил денгиз томонга қараб силжийверган. Эрамиздан аввалги 7-асрга келиб у қарийб битган.

Шундан сўнг Қизил денгиздаги кемалар канал орқали Ўрта Ер денгизига ҳам чиқа олган. Ушбу канал ҳақида Аристотелдан ташқари, Геродот, Диодор, Страбон ҳам маълумотлар ёзиб қолдирган.

Қадимги Мисрда қазилган канал тасвирланган харита

Эрамиздан аввалги 1-асрда Миср римликлар томонидан эгалланади. 98-117 йилларда Рим империясини бошқарган Траян канални кенгайтиради ва қум билан тўлиб қолган жойларини қайтадан қаздиради. Шу сабабли у «Траян канали» деб ном олади. Бироқ канал яна қаровсиз ҳолда қолиб кетади ва аксарият жойларини қум босади.

Миср араблар ҳукмронлигига ўтгач унинг бир қисми қайта тикланади. Аббосий халифалардан бўлган Мансур даврида канал яна ёпилиб, қумга тўлади. Ўшанда халифа савдо марказлари Мисрга кўчишини хоҳламаган дейилади.

Кейинчалик, Усмонийлар империяси вазири бўлган Маҳмет Пошшо Соколлу канални қайта очиш режаларини тузади, аммо бу иш амалга ошмайди.

Каналнинг қайта тикланиши

1798 йилда Мисрга борган Наполеон Бонапарт Ўрта Ер денгизи ва Қизил денгизни ўзаро боғлайдиган канални тиклаш масаласини ҳам кўриб чиқади. У француз муҳандиси Лепер бошчилик қилган комиссияга бу ҳақда махсус топшириқ беради.

Комиссия эса Қизил денгиз сувлари Ўрта Ер денгизи сувларидан 9,9 метр баландликда, шу сабабли канални тиклаб бўлмайди деган нотўғри хулосага келади.

Шу сабабли Лепер канални тўғридан-тўғри иккита денгиз ўртасида эмас, балки эски ўзани бўйлаб Нил дарёсига қараб тортиш режасини тузади. Лойиҳага кўра канал қурилишига 30-40 миллион франк сарфланиши лозим эди. Наполеоннинг шошилинч тарзда Францияга қайтиши, кейинчалик тахтдан қувилиши бу лойиҳанинг тўхтатилишига сабаб бўлади.

1841 йилда Британия армияси зобитлари Лепер ҳисобда адашганини кўрсатиб беришади. Шундан сўнг франциялик Талабо, англиялик Стефенсон ва австриялик Луижи Негрелли янги лойиҳа ишлаб чиқишади. Франциялик дипломат Фердинанд Лессепс уларни қўллаб- қувватлайди.

1855 йилда Лессепс Усмонийлар империяси томонидан тайинланган Миср ҳукмдори Муҳаммад Саид Пошшодан канал қазиш учун рухсатнома олади. Саид Пошшо канални қазиш учун Мисрда компания ташкил этилишига рухсат беради.

Шунингдек, томонлар канал тайёр бўлгач унинг бошқаруви масаласида ҳам келишувга эришишади. Канал лойиҳаси франциялик муҳандис Линан дед Белфонга топширилади.

1855 йилда Лессепс канал қазиш учун Усмонийлар империяси ҳукмдорининг фармонини олишга ҳам эришади. 1859 йилга келиб Парижда Сувайш каналини тиклаш бўйича компания ташкил этилади. Ўша йили Лессепс бошчилигида канал қурилиши бошланади.

Ташкил этилган компаниянинг 44 фоиз акцияси Миср ҳукуматига, 53 фоизи Францияга, 3 фоизи бошқа мамлакат вакилларига тегади. Ўзаро келишувга кўра канал битгач ундан тушадиган фойданинг 74 фоизини акционерлар, 15 фоизини Миср ҳукумати, 10 фоизини компания асосчилари олиши белгиланади.

Канал қурилиши

Канал Лепер ишлаб чиққан илк лойиҳада кўрсатилгандай Қизил денгиздан Нил дарёсига эмас, дарёнинг Ўрта Ер денгизи қуйиладиган делтаси томонга қараб қазила бошланади.

Саҳрода иш ниҳоятда қийин кечади. Тоза ичимлик сув танқислиги ва иссиқ ҳаво канал қурилишида ишлаётган ишчиларнинг тинкасини қуритиб юборади. Оғир шароитда кўплаб инсонлар ҳалок бўлади.

Гарчи бу ерда ишлаётганларга арзимаган иш ҳақи тўланса ҳам, ишсизлик сабабли канал қурилишига одамлар оқиб келади. Ўша пайтда канал қазишда бир пайтнинг ўзида 20 мингдан 40 минг нафаргача бўлган одам ишлайди. Канал ўрнидан чиқаётган қум тўлиқ қўлда ташиб чиқилади.

Канал илк қазила бошлаган кунларда компания саҳрода ишлаётган ишчиларга ичимлик суви етказиб бериш учун 1 600 та туядан фойдаланган.

1863 йилга келиб 4 йиллик оғир меҳнатдан сўнг, каналнинг бир қисми битади. Нил дарёси суви канал қазилаётган жойгача оқиб кела бошлайди. Шу тариқа ичимлик суви муаммоси бартараф бўлади ва ишлар тезлашиб кетади.

Умумий ҳисобда канал қурилиши 10 йил давом этади ва у ерда оғир шароитларда ишлаган 120 минг одам ҳалок бўлгани айтилади.

Каналнинг очилиши

1869 йил 17 ноябрда 161 километр узунликдаги канал катта тантаналар билан очилади. Очилиш маросимига Наполеон III нинг рафиқаси императрица Евгения, Австрия-Венгрия императори Франц Иосиф I, Венгрия бош вазири, Голландия шаҳзодаси, Пруссия шаҳзодаси каби нуфузли меҳмонлар ташриф буюришади. Байрам тантаналари етти кун давом этади.

Каналга Қизил денгиз бўйида жойлашган Сувайш қишлоғи номи берилади. Канал администрацияси Порт Саид шаҳри яқинидаги Порт Фуад шаҳарчасида жойлашади.

Канални бошқариш ҳуқуқи 100 йилга, 1969 йил 17 ноябргача «Умумий Сувайш канали компанияси»га берилади. Бу компанияни Британия ва Франция назорат қиларди.

Канал очилганидан сўнг Осиёдан Европага юкларни етказиб бориш масофаси ва вақти кескин қисқаради. Бу эса турли маҳсулотлар таннархини тушириш билан бирга иқтисодий ривожланишни ҳам тезлаштириб юборади.

Осиё ва Африка шарқидан Европага хомашё ташиш кўпаяди. Европадан Осиёга турли дастгоҳлар олиб бориш осонлашади ва шу тариқа каналнинг очилиши барчага бирдай манфаатли бўлади.

1875 йилда Саид Пошшодан сўнг Миср ҳукмдори бўлган Исмоил Пошшо Миср ҳукуматига тегишли акцияларни Буюк Британияга сотади. Шундан сўнг Сувайш канали тўлиғича Франция ва Британия эгалигига ўтади.

1888 йилда Истанбулда Сувайш каналига доир халқаро конвенция имзоланади. Унга кўра каналдан барча мамлакатларга тегишли кемалар ҳақини тўлаган ҳолда эркин ўтиб қайтиши мумкинлиги белгилаб қўйилади.

1 ва 2- жаҳон урушлари даврида ҳам канал Британия ва Франция назоратида бўлади. 1956 йилда Миср президенти Жамол Абдул Носир Сувайш каналини национализация қилади ва у Миср ихтиёрига ўтганини эълон қилади.

Шундан сўнг каналдан фойда олиб турган Британия ва Франция Мисрга бостириб киради. Уларга Исроил ҳарбийлари қўшилади. Ўшанда БМТнинг аралашуви билан Британия, Франция ва Исроил Мисрдан қўшинларини олиб чиқади ва Сувайш тўлақонли Миср ихтиёрига ўтади.

Уч марта ёпилган канал

Сувайш канали ўз тарихида уч марта ёпилган:

1. Жамол Абдул Носир канал Миср ихтиёрига ўтганини эълон қилганда

1956 йилда Миср президенти Жамол Абдул Носир канал назорати давлат тасарруфига олинганини эълон қилади. Табиийки, унинг бу қарори каналдан катта даромад олиб турган Британия ва Франция манфаатларига зид эди.

Шундан сўнг ҳар икки давлат Мисрга қарши уруш эълон қилади ва унинг ҳудудига бостириб киради. Урушга Исроил ҳам қўшилади. Босқинчилар Сувайш каналини босиб олишади. Унда қурилган турли иншоотларни вайрон қилишади. Кемаларни чўктиришади.

Мисрнинг бир ўзи босқинчиларга қаршилик кўрсата олмаслиги аён эди. Шу сабабли унга СССР бошчилигидаги социалистик лагерга кирувчи давлатлар ҳарбий ёрдам жўната бошлашади.

Жумладан, СССР ҳарбий самолётлар ва кемалар, Чехословакия эса зирҳли техникалар юборади. Ўша пайтда СССР раҳбари бўлган Никита Хрушчев Британия, Франция ва Исроил ҳукуматларига агар Мисрдаги урушни тўхтатишмаса бу давлатларга термоядро зарбалари беришини айтиб пўписа ҳам қилади.

1956 йил 2 ноябр куни БМТ Бош ассамблеяси фавқулодда сессияси ўтказилади ва унда Британия, Франция ва Исроил дарҳол Мисрдан ўз ҳарбийларини олиб чиқиши лозимлиги ҳақида қарор қабул қилади.

1956 йил 15 ноябр куни Мисрга тинчликпарвар кучлар киритилади. Бу БМТ ташкил этилгандан буён уруш майдонига юборилган илк тинчликпарвар кучлар эди.

1956 йил декабрда босқинчилар Мисрдан қўшинларини олиб чиқиб кетади. Вайрон қилинган иншоотлар тиклангач канал 1957 йил март ойида қайта очилади. Шу тариқа Сувайш Мисрнинг ўзига тегишли бўлиб қолади.

2. 1967 йилда бўлиб ўтган Араб-Исроил уруши пайтида

1967 йилда араб-исроил уруши бўлиб ўтади ва у тарихда «Олти кунлик уруш» номини олган. Ана шу урушда бир қатор араб давлатлари Исроилга қарши уруш олиб боришади.

АҚШдан етарлича ҳарбий ёрдам олган Исроил армияси уруш давомида Сувайш каналининг турли иншоотларини самолётлар ёрдамида вайрон қилади. Канал яна ёпилади.

1973 йилда қайта бошланган араб-исроил уруши даврида Миср армияси тезкорлик билан Сувайшни эгаллаб олади ва АҚШ ёрдамида канал ва унинг атрофини миналардан тозалайди. Унгача Исроил ҳарбийлари каналнинг очилишига йўл қўйишмаган. Ниҳоят 1975 йил 5 июнда канал қайта очилади.

3. 2021 йилда Ever Given супертанкери тиқилиб қолганда

2021 йил 23 март куни Малайзиянинг Искандар Путери портидан Голландиянинг Роттердам шаҳрига юк олиб кетаётган Тайванда жойлашган Evergreen Marine компаниясига қарашли Ever Given супертанкери қумга тиқилиб қолади.

Шундан сўнг Сувайш каналини вақтинча ёпишга тўғри келади. Қарийб бир ҳафта давомида кеманинг атрофи қумдан тозаланиб, уни ҳаракатга келтиришади.

2021 йил 14 апрел куни Исмолия шаҳри иқтисодий суди Ever Given супертанкерига эгалик қилувчи Evergreen Marine компанияси Миср ҳукуматига қарийб 1 миллиард доллар товон пули тўлаши ҳақида ҳукм чиқаради.

2021 йил 15 апрелда супертанкер Сувайш каналидаги кўлда тўхтатилади ва товон пули тўлангандан сўнг қўйиб юборилиши маълум қилинади.

2021 йил 7 июлга бориб танкерга эгалик қилувчи компания ва Сувайш канали администрацияси товон миқдори бўйича келишувга эришади ва Ever Given қўйиб юборилади.

Ўшанда Сувайш бир ҳафта ёпилиб қолади ва аксарият кемалар ҳаракатлана олмай канал атрофида тўхтаб қолади. Бошқалари эса узоқ масофа босиб Африка жануби бўйлаб айланиб ўтишга мажбур бўлади. Оқибатда дунё иқтисодиёти бир ҳафтада бир неча юз миллиард доллар зарар кўради.

Канал ҳақидаги умумий маълумотлар

Канал илк ишга туширилганда унинг чуқурлиги 8 метрни, кенглиги эса 20 метрни ташкил этган. Ўшандан буён канал кенгайтирилиб келинмоқда.

Ҳозирги кунда Сувайшнинг умумий узунлиги 163 километрни, чуқурлиги 11-24 метрни, кенглиги эса 205-225 метрни ташкил этади. Каналдан эни 77,5 метр, баландлиги 68 метр, 240 000 минг тонна юк ортган супертанкерлар ҳам бемалол ўта олади.

2008 йилда Сувайшдан 21 170 та кема ўтган ва бу Миср бюджетига 5,38 миллиард доллар маблағ келтирган. 2009 йилда каналдан 17 155 та турли кемалар ўтган.

Сувайш канали қурилиши натижасида Ўрта Ер денгизи ва Қизил денгиздаги флора ва фауна аралашиб турларнинг ривожланишига сабаб бўлади.

Бугун Сувайш канали битта каналдан иборат эмас, 2014-2015 йилларда у билан параллел 72 километрли янги канал қазилди. Бу каналнинг ўтказувчанлик кўрсаткичини анча оширди.

Авваллари Сувайш каналидан суткасига ўртача 50 та кема ўтган бўлса, қўшимча канал қазилгач у ердан суткасига 100 дан ошиқ кема ўтиш имкониятига эга бўлади.

Маълумотларга кўра, янги канални қазишга Миср ҳукумати 8-9 миллиард доллар сарфлаган.

Сувайш каналидан охирги йилларда бир йилда 18-20 минг атрофида кема ўтяпти ва бу Миср бюджетига 6-8 миллиард доллар маблағ келтиряпти.

Бундан ташқари, ҳар йили бу канални томоша қилишга ва унда кемада сайр қилишга дунё бўйлаб миллионлаб сайёҳлар келади.

Бундан бир ярим аср аввал канал қурилишига 576 миллион франк сарфланган. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра ҳозирги кунда унинг қиймати 9 миллиард долларга тенг.

Ўрта Ер денгизи ва Қизил денгиз сатҳларининг тенг даражада туриши каналдан кемаларни кўтариб туширадиган шлюзлардан фойдаланишга ҳожат қолдирмаган.

Сувайш каналидан бир йилда ўртача дунё бўйлаб денгизда ташиладиган юкларнинг 12-15 фоизи, нефтнинг эса 20 фоизи ўтади. Келажакда бу кўрсаткич ошиб бориши тахмин қилинмоқда.

Каналдан кемалар кетма-кетликда унча узоқ масофа сақламасдан соатига 12-14 километр тезликда ҳаракатлангани учун тўқнашувлар умуман содир бўлмайди.

Тарифлар ва бошқа лойиҳалар

Сувайш каналидан ўтаётган кемалар Миср ҳукумати белгилаган тариф бўйича ҳақ тўлашади. Тарифлар тонна билан белгиланган. Ҳозирги кунда 1 тонна юк ўтказишнинг ўртача нархи 8-12 доллар атрофида бўлмоқда.

Оғир юк ортган супертанкерларни Сувайш каналидан ўтказиш учун унга юк ортган компания миллион долларгача сарфлаши мумкин.

Сувайш каналидан ўтиш нархини қиммат ҳисобловчилар ҳам бор. Шу сабабли Исроил ҳудуди бўйлаб Қизил денгиздан Ўрта Ер денгизига қараб канал тортиш режа қилинган.

Кейинчалик бу лойиҳани амалга оширишнинг имкони йўқлиги маълум бўлган. Шундан сўнг Исроил ҳудуди бўйлаб темирйўл тортиш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Бироқ Яқин Шарқдаги мудом нотинч вазият бу лойиҳа ҳали-бери амалга ошишига тўсқинлик қилиши аниқ.

Шунингдек, анча йиллардан буён Россиянинг «Росатом» компанияси Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари, АҚШ ва Канадага Шимолий Муз океани орқали Европага йил давомида ўзининг атом музёрарлари билан йўл очиб беришни таклиф этиб келади. Бироқ Сувайшдан ўтиб қайтиш барчага бирдай маъқул келмоқда.

2022 йил 24 феврал куни Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Ғарб билан муносабатлар кескин совуқлашди. Улар Россияга қарши кўплаб иқтисодий санкциялар жорий қилишди.

Шундан келиб чиқилса Ғарб давлатлари яқин орада Шимолий муз океанидан юк ташишда фойдаланмайди ва Сувайш канали муҳим транспорт йўлаги бўлиб қолаверади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид