Иқтисодиёт | 21:01 / 08.04.2023
38005
4 дақиқада ўқилади

Президент фармони билан бож тўловидан озод қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари нархи арзонлашди

Президент фармони билан 2024 йил 1 январгача 36 турдаги товарлар гуруҳига нисбатан божхона божлари олиб ташланганди. Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиевнинг маълумотларига кўра, ўтган давр мобайнида чакана савдо нуқталарида ушбу имтиёзли товарларнинг нархи 10 фоиздан 26 фоизгача арзонлаган.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон имзоланганди.

Бугун, 8 апрель куни, Халқаро бизнес марказида бир қатор вазирлик ва идоралар расмийлари, шунингдек, улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳамияти ва ички бозордаги нархларга таъсир муҳокама қилинди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидовнинг сўзларига кўра, имтиёзли асосда импорт қилинаётган товарларнинг 24 тури бўйича нархлар арзонлашган.

“Таҳлилларимизга кўра, дастлабки 10 кун давомида божхона имтиёзлари асосида импорт қилинган 36 турдаги товарларнинг 24 тури бўйича нархлар пасайган. Айниқса, озиқ-овқат товарлари ичида хурмо – 16 фоизга, олма, беҳи ва нок – 42 фоизга, консерваланган балиқлар – 50 фоизга, минерал сувлар – 40 фоизга, таркибида какао бўлган конфетлар – 24 фоизга арзонлашди. Бу – улгуржи нархларнинг пасайиши. Ноозиқ-овқат товарлари йўналишида болалар кийимлари нархининг ўсиши кузатилмаган бўлса, болалар пойабзалининг баҳоси 61 фоизга пасайган”, деди Абидов.

Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторовнинг таъкидлашича, бож ставкаларининг ноль фоизга туширилиши ноқонуний товар айланмалари қисқаришига сабаб бўлади.

“Божхона имтиёзи берилган товарларни ўтган йил билан таққослайдиган бўлсак, 2022 йилда 1233 тадбиркор томонидан қиймати қарийб 700 млн долларлик товарлар импорт қилиниб, 1,6 триллион миқдорида божхона тўловлари ундирилган. Бу масалада яна бир нарсага эътибор бермоқчиман, ўтган йилда ушбу турдаги товарларнинг ноқонуний импорти бўйича 856та ҳуқуқбузарлик содир этилган, 26 млрд сўм қийматидаги товарлар божхона идоралари томонидан олиб қўйилган. Президент қарори билан ушбу товарларга ноль ставка қўлланишининг ўзи мазкур турдаги товарларнинг хуфиёна иқтисодиётдаги улушини камайтиришга олиб келади. ОАВ орқали яна баъзи фикрларни ўқидик, экспертлар божларнинг бекор қилинишининг ички бозорга ва макроиқтисодий таъсири ҳақида фикр билдирган. Менам мутахассис сифатида шуни айтмоқчиманки, бу энг маъқул қарор бўлди. Чунки ноқонуний товар айланиш сабаблари ҳам бож ставкаларининг юқорилиги билан боғлиқ бўлган. Айнан мана шу турдаги товарларга 20-30 фоизлик ставкалар қўлланган. Бу эса божхона чегаралари орқали айланаётган товарларни ноқонуний декларациялашга, тўловлардан қочишга, божхона қийматини пасайтириш каби кўплаб салбий омилларга сабабчи бўлган. Бож ставкаларининг ноль фоизга туширилиши мана шунга ўхшаш ҳолатнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади”, – деди Илҳом Мухторов.

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиевга кўра, ўтган давр мобайнида имтиёзли товарларнинг нархи 10 фоиздан 26 фоизгача пасайган.

“Фискал орган нуқтайи назаридан қарайдиган бўлсак, бугунги кунда имтиёзли товарларни ҳисоботларда акс эттиришда электрон платформани жорий қилганмиз. Ушбу платформа орқали мазкур товарларнинг чакана савдо нуқталарида 10 фоиздан 26 фоизгача нархлари пасайганлигини кўрдик. Ҳозирдан бу қарор ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиб, халқимиз учун фойдали бўлаётганлигини кўришимиз мумкин”, деди ДСҚ расмийси.

Мавзуга оид