Жамият | 17:24 / 09.04.2023
50794
8 дақиқада ўқилади

“Ўқимайман деб жанжал қилиб турмушга чиққанман” — бебошлиги бошига бало бўлган аёл ҳикояси

“Болани бермаймиз, у бизники, сен кетавер, дейишди. Боламни ташлаб кетолармидим? Тақдиримга кўниб яшай бошладим. Айтгани бўлмаса калтаклар, тишларимни синдирарди. Кўзларим кўкариб, соғ жойим қолмаса ҳам болам учун яшайвердим”.

Биргина қароримиз бутун ҳаётимизни ўзгартириб юбориши мумкин. Гоҳида кўнглимизга қулоқ солиб, ақлимизни эшитмай қўямиз. Кўнгил эса доим ҳам ҳақ бўлиб чиқавермайди.

Ўқитувчилар оиласида дунёга келган Раҳима (суҳбатдош хоҳишига кўра исми ўзгартирилди) 11 фарзанднинг кенжаси эди. У ака-опалари сингари ўқишни эмас, балки турмуш қуришни танлаган.

“4 ёшимда дадамнинг қон босими кўтарилиб, юролмай, гапиролмай қолди. Кўп ўтмасдан вафот этди. Оиланинг бутун оғирлиги онамнинг зиммасига тушди. Бувим билан биргаликда ўн бир фарзандни катта қилишди.

Акам ва опаларимни ўқитишди. Мен энг кичиги бўлганим учун доим кўнглимга қарашарди. Бироз эркатой эдим. Мактабни битирган йилим ўқишга юборишмади. Ҳозир ўйлаб қарасам, уларга осон бўлмаган экан.

Бир акам ва уч опам Тошкентда ўқишарди. Сен келаси йил ўқишга кетасан, иккитаси ўқишни битиради, дейишди.

Ёшликми, қайсарликми, хуллас, мен турмушга чиқаман, дедим. Синфдошимни севардим. Онам, акаларим, опаларим ҳаммаси қарши чиқишди. Ўқитамиз, ҳали ёшсан, дейишди. Қулоқ солмадим.

1993 йилда мактабни битирган бўлсам, 1994 йилда турмушга чиқдим. Уйимдагилар мажбуран рози бўлишди. Аввалига ҳаётимиз яхши эди. Лекин турмуш ўртоғим ҳақида кўп нарсаларни билмас эканман.

Биз оиласи билан бирга яшардик. Турмуш ўртоғим ишламасди. Қишлоқ бўлгани боис шоли, пахта экиларди. Келин бўлиб тушган уйимда қайнонам, унинг овсини ва болалари, қайнотамнинг онаси яшашарди. Кейинроқ эри вафот этган аммамиз ҳам бир қизи билан қайтиб келди.

Биз ҳам қўшалоқ келин бўлиб тушган эдик. Бу оиланинг каттаси момо қайнонам эди. Менинг қайнонамнинг ҳеч қандай ўрни йўқ эди. Биз келинларни айтмай қўяверай. Онам ҳаммасини билар экан. Шу сабаб ҳам бу оилага беришни истамаган экан.

Энг ёмони бу оилада ичкиликни севишарди. Бу катта, бу кичик деган гап йўқ, ҳамма ичаверарди. Шундай қилиб кунлар ўтди. Ҳомиладор бўлдим. Биринчи фарзандим тўрт ойлик бўлганида тушиб қолди. Иккинчиси уч ойликда тушди. Учинчиси – қизимни бағримга босдим.

Бу вақт орасида урушлар, не-не калтаклар бор. Уларни батафсил эслашни истамайман. Эрим ишламагани учун ичишига пули йўқ эди. Уйдан пул ололмасди. Лекин гуруч етиштирганимиз учун ҳамма вақт омборимизда тонналаб гуруч турарди. Шундан олиб ҳафталаб йўқ бўлиб кетарди.

Мен орзу қилган бахт шу эдими, дея ич-этимни ердим. Эримга ичкилик бўлса бўлди, бошқа нарса қизиқтирмасди. Қизим ярим ёшга тўлганида ажрашмоқчи бўлдим. Онамникига кетдим. Ўн кундан кейин эрим акаси билан келиб, олти ойлик қизимни олиб чиқиб кетди. Кун кеч бўлди ҳамки, боладан дарак йўқ, ноиложликдан қайтиб бордим. Болани бермаймиз, у бизники, сен кетавер, дейишди.

Болани ташлаб кетолармидим? Тақдиримга кўниб яшай бошладим. Айтгани бўлмаса калтаклар, тишларимни синдирарди. Кўзларим кўкариб, соғ жойим қолмаса ҳам болам учун яшайвердим.

Болалар каттаргани сари уй торлиги, одам кўплиги билина бошлади. Қизим уч ёшдалигида ўғлим туғилди. Кейин аста-секин уйларимизни бошқа-бошқа қила бошлашди. Қайнотам катта овсинимга уй-жой қилди.

Мен шоли, пахта экардим ва ундан келган даромадга эримни боқардим. Шу орада опам эски уйини сотаётганди. Қайнотамга шу уйни менга олиб беринг, дедим. Олиб беришди, алоҳида уйга чиқдик. Мен эримнинг масъулиятни ҳис қилиб ўзгаришидан умид қилардим.

Аммо умидларим чиппакка чиқди. Аввал бир ҳафта ичиб юрган бўлса, энди икки ҳафталаб ичадиган одат чиқарди. Кунлар ўтаверди. Мен ҳар кун далада, болалар эса мактабга чиқишганди. Эрим ўзгармади.

Аксинча, ўзига ўхшаганларни тўплаб, кун бўйи уйда ичиб ётадиган одат чиқарди. Бир куни Россияга ишлагани кетмоқчилигини айтди. Билетга пул топиб жўнатдим. Ойига 100 ёки 200 доллар юборарди. Менга пулининг кераги йўқ, шу ўзини амаллаб юрса бўлди, дердим.

Бир ярим йилда қайтиб келди. Ўзгариш йўқ. Ўша-ўша. Бизнес қиламан деб уйдаги ҳамма гуручни бозорга чиқариб сотди. Ишлашни бошлаганига хурсанд бўлдим. Эрта қувонибман. Бир кунда бир ярим тонна гуруч пулини қиморга бериб келди.

Камига, пул топиб бер, мен такрор пулни ўйнаб ютиб қайтаман, деб жанжал қилди. Пул топиб бердим. У ҳам кўкка совурилиб кетди. Кимдандир қарз олиб берсам, оиламдан олиб тўлардим.

Пул топмасам уйда катта жанжал, синмаган нарса қолмасди. Шкафлар тўнтариларди. Столлар ағдариларди. Хуллас, болалар қўрққанидан дир-дир титраб, дадасига ёлворарди. Ичгиси келса шу аҳвол, ҳеч бир дўкон унга ичкилик сотмасди. Яна мен борардим.

Бир ой кунига икки шишадан ичиб ётди. Ўлсам-у, қутулсам деган кунларим бўлди. Жанжал бошласа қочардик, ухлагунча кўчада ўтирардик. Яна болаларим кўз ўнгимга келиб, уларга ким қарайди, мендан кейин улар кимга керак, деган ўй яшашга мажбур қиларди. Ҳеч нарсамиз қолмади, қарзга ботиб кетдик.

Уйимизда егани нон йўқ вақтда енгилтак аёлларни таксига ўтирғизиб, қўшнилар орқали мендан пул олдириб кетган пайтлари бўлди. Сабр косам тўлди. Ажрашмоқчи бўлиб уйга кетдим. Эримнинг оиласи даволатамиз деб диспансерга ётқизди. Ўзи ҳам қаршилик қилмади. Тузалишига умид қилиб яна келдим.

Бир йил яхши юрди, аммо сўнг яна ўша аҳвол. Бу вақтгача болаларим катта бўлиб қолди, ўғлим 5-синфни битириб, Олимпия захиралари коллежи синовларидан ўтиб, Урганчга ўқишга кетди. Қизим ўрта мактабни битириб, бошланғич таълим коллежида ўқишини давом эттирди.

19 йил болаларим учун сабр қилдим. Эримнинг тузалишидан умидвор эдим. Охири ҳеч нарса кўзимга кўринмади. Уйдан чиқиб кетдим. Болалар ўқишда. Опамнинг уйига келдим. Ҳамма нарсадан чарчагандим. Ҳеч нарса емабман ҳам. Уч кун ухлабман.

Кейин адвокат ёллаб, ариза ёздим. Суд бўлди. Уч ой муҳлат берди. Аввал ҳам судга ариза бергандим. Икки марта яраштиришганди. Келиб оилавий аҳволимизни кўришди. Ажрашдик. Мен болаларим билан энг кичик акамнинг уйида яшай бошладим. Улар оиласи билан Россияда эди. Эрим тинч қўймади. Келиб дераза ойналарини, эшикни синдирди. Милиция чақирдик.

Бу ерда мени тинч қўймаслигига амин бўлдим. Болаларимни ўқишга ташлаб, ўзим Москвага, акамнинг ёнига кетдим.

Бир йил ишлаб, эрим учун олган қарзларимни тўладим. Икки йил Россияда ишладим. Келаётганимда депорт қилишди. Февралда қайтган бўлсам, мартда Туркияга келдим. Қариндошлар бор эди. Жуда катта ёрдам қилишди. Ишга жойлаштиришди.

Олти йил бола боқдим. Икки йилдирки касал қараяпман. Икки йил ишлаб қизимнинг тўйини қилдим. Бахтли яшашяпти, кўз тегмасин. Икки нафар фарзанди бор. Худога шукур, ўғлим институтга кирди. Тўрт йил контракт тўлаб ўқитдим. Ҳозир армияда.

Шу йил эски уйимни сотиб, ярмига ўзим тўплаган пулларни қўшиб уй олдим. Худога шукур, ҳаётимдан нолимайман, лекин ўшанда онамнинг гапларига кириб ўқиганимда бу қадар хор-зорликлар кўрмаган, хўрланмаган бўлардим, деб йўқотган умримга кўп ачинаман”.

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид