Қўл бошқарувидан қонун бошқарувига ўтиш учун жиддий сигналлар — ҳафта дайжести
Педофил-амалдорлар ишида “қизларнинг ўзи алоқага рози бўлган” деган прокуратура ва ўта енгил ҳукм чиқарган суднинг жавобгарлиги масаласи кўрилмайдими? Агар кўрилмаса, бунақа жиноятлар яна такрорланмаслигига ким кафолат беради? Шу каби оғир саволлар билан ўтган ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.
“Ўзи рози бўлган”га чиқарилган норасидалар
Ўтган ҳафта охирида маълум бўлиб, бошқа нохуш хабарларга уланиб кетган Хоразмдаги педофил-амалдорларнинг жинояти қайта кўриб чиқиладиган бўлди. Вилоят прокуратурасининг Олий судга киритган протести қаноатлантирилди. Унга асосан, енгил жазо билан қутулган икки собиқ амалдор Хоразм вилояти судида бошқатдан суд қилинади.
“Сукут сақлама” лойиҳаси ошкор қилган маълумотларга кўра, Хоразм вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов Урганчдаги оилавий меҳрибонлик уйининг 15-17 ёшли тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келган. Хива туман суди уларга атиги 1,5 йиллик озодликни чеклаш жазосини тайинлагани – жамоатчиликни жунбишга келтирди, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар шаънига катта доғ бўлиб тушди.
Меҳрибонлик уйи мудираси Юлдуз Худойберганова эса ўз васийлигидаги болаларга шафқатсизларча руҳий ва жисмоний зўрлик ишлатиб, уларни 2022 йил февралгача, 10 ой давомида турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган. Бунинг учун у 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Икки амалдорга берилган жазодан фарқли равишда, Бош прокуратура мудирага берилган жазони адолатли деб ҳисоблаяпти.
Мухбиримиз Урганчга бориб олиб борган суриштирувларидан маълум бўлишича, аёл вояга етмаган қизларга маст қилувчи ичимликлар ичириб, уларни тунги клубда мижоз топишга ҳам мажбурлаган. Бундан ташқари, аввалбошдан бу аёлга болаларнинг васийликка берилиши ҳам ноқонуний бўлган бўлиши мумкин. Меҳрибонлик уйлари ёпилиб, болалар оилавий меҳрибонлик уйларига тарқатилгач, қизлар ҳамма болалар қатори оддий мактабга бора бошлаган ва ана шу мактаб директорининг саъй-ҳаракатлари билан жиноят фош бўлишига олиб келган.
Биринчи инстанция судининг ҳукми ўтган йили сентябрда қабул қилинган бўлса, декабр ойига келиб иш Хоразм вилояти судида апелляция тартибида қайта кўрилган. Эътиборлиси, апелляцияга аризани уч нафар жиноятчининг ўзи берган. Яъни мудира 5,5 йиллик қамоқ жазосини, икки амалдор эса 1,5 йил давомида “тунги вақтда уйдан чиқмасанг бўлди” деган енгил жазо янаям юмшатилишига умид қилган. Вилоят суди ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.
Кенг жамоатчилик суд ҳукми мутлақ адолатсиз бўлганини, ҳуқуқшунослар эса нафақат адолатсиз, балки ноқонуний ҳам бўлиши мумкинлигини айтяпти. Яъни агар амалдорларнинг қилмиши “жабрланувчининг ўз розилиги билан бўлган” деб эмас, балки қизларнинг ожизлигидан фойдаланиб содир этилган деб топилганида, улар камида 10 йилга қамалган бўлар эди. Агар айблов моддаси нотўғри танланган бўлса, бу нафақат судга, балки давлат айбловчиси бўлган прокуратурага нисбатан ҳам катта саволларни юзага келтиради.
Қашқадарё, Қўқон ва яна Хоразм...
Жамият ҳали Хоразмдаги педофил-амалдорларнинг жиноятини ва уларга қандай қилиб бунчалик енгил жазо берилганини ҳазм қилиб улгурмай, ҳафта давомида яна бир нечта шунга яқин ҳолатлар ҳам ошкор бўлди.
Бу ҳолатлардан бири яна Хоразмга тааллуқли. Ўтган йили августда Янгиариқ туманида 11 нафар эркак вояга етмаган 15 ёшли қизни зўрлагани айтиляпти. Бу ҳақда блогер Никита Макаренкога хабар берган қизнинг қариндоши зўравонларни “ИИБга алоқадор одамлар” деб атаган. Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқ органлари 8 ой давомида терговни чўзиб келяпти. Блогер бу ҳақда хабар берганидан уч кун ўтиб, 11 кишидан 3 нафари ҳибсга олингани, бунга болалар омбудсмани Алия Юнусова ёрдам берганини маълум қилди.
“Ўзбекистонда фақат қўл бошқаруви ишлайди. 11 нафар педофилга нисбатан иш қўзғатиш учун бу воқеа ошкора бўлиши, шахсан кимдир эътибор бериши ва масала билан шахсан шуғулланиши керак. Бу фалокат”, деди Макаренко. У педофиллар тармоғини фош этиш учун Тошкентдан Хоразмга махсус гуруҳ юборишни таклиф қиляпти.
Қашқадарёда эса 52 ёшли шахс меҳрибонлик уйидан асраб олинган қизни зўрлаб, ҳомиладор қилиб қўйгани айтиляпти. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Чироқчи туманида яшовчи эркак 8 нафар болани асраб олиб, улар орасидан 13 ёшли қизни ҳомиладор қилиб қўйган. Ҳомила мажбуран аборт қилинган бўлиши мумкин. Воқеа юзасидан илк суд жараёнлари 7 апрел куни Чироқчи туман судида бошланди.
Бу хабарлар фонида Қўқон давлат педагогика институтида қизларнинг ётоқхонасига яширин камера ўрнатилгани маълум бўлди. Камера ётоқхонанинг фоесига ёки коридорга эмас, бевосита қизлар яшайдиган хонага ўрнатилган. Kun.uz'га мурожаат қилган талабаларнинг айтишича, камерани ўрнатганлар уни “вай-фай сигналини кучайтириб берадиган мослама” деб уларни алдашган. Қизлар яширин камерани олиб кўришганида, ичида “флешка” борлиги, унда қизларнинг кийим алмаштираётгани ҳам тасвирга тушиб қолганини кўришган. Буни билиб йиғлаганча проректорга мурожаат қилган қизлар дашном эшитиб олган: проректор қизларни “102”га телефон қилгани учун урушиб берган.
Эътиборлиси, институт ректори Дилноза Хўжаеванинг ҳам реакцияси ҳам бундан ортиқ бўлмаган. Талабаларнинг айтишича, ректор қизларга институтнинг мулки бўлган мосламани очиб кўргани учун танбеҳ берган.
Институт берган расмий баёнотда изоҳланишича, режага кўра талаба қизлар бошқа хонага кўчирилиши ва бу хона талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш учун махсус хонага айлантирилиши керак бўлган. Қизларнинг яширин камерадан бехабар қолгани эса гўёки “англашилмовчилик бўлган”. Лекин нега оддий камера эмас, яширин қўлбола камера ўрнатилгани бўйича тайинли изоҳ берилмади. Психологик профилактика хонаси учун нима сабабдан олийгоҳ биносидаги хоналардан бири эмас, ётоқхонада айнан қизлар ётган хона танлангани ҳам тушунарсиз.
Президент администрацияси шуъба мудири Саида Мирзиёева бу масалани олий таълим вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан муҳокама қилди. Бу учрашувдан саноқли соатлар ўтиб, вазирлик Қўқон педагогика институти проректори ишдан бўшатилганини маълум қилди. Бундан ташқари, яширин камера ўрнатилишига бевосита алоқадор бўлган 4 нафар масъул ходимга интизомий чора кўрилган. Ҳуқуқ органларининг текшируви давом этяпти. Яна ҳам батафсил Kun.uz суриштирувида танишинг.
Педофиллар реестри юритилади. Оиладаги зўравонлик – энди расман жиноят
Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга оид узоқ кутилган қонун шу ҳафта Сенат томонидан маъқулланди. Ундаги энг асосий янгиликлардан бири – жинсий зўравонлик содир этган шахслар муддатидан илгари жазодан шартли озод қилинмайди, уларнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилмайди. Бундай жиноятлар учун жазо ҳам оғирлаштириляпти.
Бундан ташқари, ниҳоят Ўзбекистонда ҳам педофилларнинг реестри юритиладиган бўлди. Бу реестрга болаларни зўрлаган шахслар киритилади ва уларга таълим соҳасида ишлаш тақиқланади. Улар нафақат таълимда ишлай олмайди, умуман болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиши ман этилади.
Яна бир муҳим янгилик: жинсий жиноятларга ҳуқуқий баҳо беришда, зўрланган шахс неча ёшда эканини зўравон билганми ёки йўқ деган лазейкали қоида чиқариб ташланяпти. Яъни айбдор жабрланувчи неча ёшда эканини билмаган бўлса ҳам, бу унга енгил жазо бериш учун сабаб бўла олмайди.
Шунингдек, бу қонун билан оиладаги зўравонлик жиноят деб эълон қилиняпти. Қолаверса, хотин-қизларни таъқиб қилиш ва уларга нисбатан шаҳвоний ҳаракатлар қилганлик учун биринчи марта жавобгарлик белгиланяпти.
Янги қонунда аёлни аборт қилишга мажбурлаш, номусга тегиш, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, жинсий алоқага мажбурлаш, 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, порнография тайёрлаш ва тарқатиш каби жиноятлар учун жазоларни оғирлаштириш ҳам кўзда тутилган.
Қонун президент томонидан имзолангач, белгиланган муддатда кучга киради. Давлат секторидаги бир гуруҳ прогрессив инсонлар ва жамоатчилик фаоллари томонидан илгари сурилган бу қонун аёллар ва болалар ҳимояси учун ташланган катта қадам бўлди. Шу билан бирга, унутмаслик керакки, бу – айни йўналишдаги ишларнинг фақат бошланиши бўлиши керак.
Ноёб ҳокимлар мамлакати
Педофил-амалдорлар жинояти ўтган ҳафта очилганини инобатга олсак, бу ҳафтанинг бош антиқаҳрамони номини Косон тумани ҳокими Асрол Бойқораевга берсак бўлади. Бир нечта манбаларга кўра, Бойқораев 31 март куни қишлоқ хўжалигидаги муаммолар бўйича мажлис ўтказиб, унда рўзадорларнинг оғзини очишга мажбурлаган.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг маълум қилишича, ҳоким қурғоқчилик, ерларнинг мелиоратив ҳолати ҳақида ғазаб билан нутқ сўзлаган. Шундан кейин: “Сенлар рўза тутволиб, сипо бўлиб юрасанлар, ишни ким қилади?” дея, рўзадорларни сув ичишга мажбур қилган.
Ҳокимнинг матбуот хизмати буни рад этиб, Абдураҳмон Ташанов фермерлар ҳақида гапирганига урғу қаратди. Расмий баёнотга кўра, Асрол Бойқораев 31 март куни бирорта ҳам фермерни туман ҳокимлигига чақирмаган ва уларнинг рўзасини очишга мажбурламаган.
Kun.uz манбасига кўра, мажлисда фермерлар эмас, қишлоқ хўжалиги ходимлари, хусусан мироблар иштирокида ўтган. Ҳоким уларга ҳозир иш пайти экани, рўзани 60 ёшдан кейин тутиш кераклигини айтиб, бақирган.
“Рўзадорларга бирин-кетин сув ичириларкан, бошқалар ҳам ўз хоҳиши билан сув ичишни бошлади. Ҳокимдан шу қадар қўрқишадики, бошқа рўзадорлар ҳам рўза эмасмиз, дея сув ича бошлашди. Бирорта гапирадиган бўлмади. Чунки ҳамма ҳокимдан қўрқади. Бу ҳоким – шер. Неча йилдан бери қимирламаяпти”, – деди вазиятдан хабардор манба.
Фермерлар кенгаши ҳолат бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилди. Бош прокуратура ўрганиш ишларини бошлаганми-йўқми, ўрганмоқчими-йўқми, булар ҳақида расмий маълумот берилмади.
Маълумот учун, Косон ҳокими Асрол Бойқораев 2021 йил январ ойида ҳам тилга тушганди. Ўшанда ҳокимнинг хизмат машинаси экани айтилган Captiva'да 60 ёшли пиёда уриб кетилган ва у ҳалок бўлганди. Марҳумнинг ўғли Kun.uz'га мурожаат қилиб, отаси уриб юборилган вақтда Асрол Бойқораев ва унинг аъзолари Captiva ичида бўлганини айтганди.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Ўзбекистонликлар бойкот қилган “Жара” фестивали номаълум муддатга қолдирилди. Биз бу бойкот ҳақида ўтган ҳафта батафсил тўхталган эдик. Украинага босқинни қўллаб-қувватлаган россиялик ашулачилар иштирокидаги концертни ўтказишдан аввалроқ Боку ва Олмаота шаҳарлари ҳам бош тортганди. Ташкилотчилар Тошкентдаги концерт қолдирилишини “дунёдаги вазият” билан изоҳлашди. Бу ҳақда эълон қилинишидан бир кун олдин, Петербургда россиялик пропагандачи Владлен Татарский ўлдирилган эди. Қотилликда гумонланаётган аёл Ўзбекистонга қочмоқчи бўлгани ҳақида хабарлар бор.
Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида рухсат этилган максимал тезлик 70 км/соатдан 60 км/соатга туширилди. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгариш 5 апрелдан кучга кирди. Янги чеклов фақат асосий шаҳарларга эмас, республикадаги барча шаҳарларга тааллуқли. Ички ишлар вазирлиги радар ва камераларнинг янги қоидага мослаштирилиши бўйича ҳозирча изоҳ бермади.
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги дренаж тизимининг аҳволини ўнглаш бўйича топшириқ берди. Тегишли дастурни ишлаб чиқиш учун Қурилиш вазирлиги ва пойтахт ҳокимлигига икки ҳафта муддат берилди. Апрел ойи бошида ёмғирлар яна сув тошқинларини келтириб чиқарган, ҳатто авиарейсларни Самарқандга йўналтиришга тўғри келганди. Бу ҳафта, шунингдек, Янги Тошкент шаҳрини қуриш бўйича дирекция тузилгани ҳам маълум бўлди. Дирекция раҳбари этиб ким тайинлангани ҳозирча номаълум.
“Ташаббусли бюджет”да ғолиб лойиҳалар эълон қилинди. Энг кўп овоз олган 1666 та лойиҳани молиялаштиришга 1,6 трлн сўм ажратилади. Эътиборлиси, ғолиб лойиҳаларнинг ярмидан кўпи – мактаблар ва шифохоналарга тўғри келади. Шу билан бирга, одамларнинг фаоллиги сезиларли ошган: ташаббусларга ўтган мавсумдан икки баробар кўп – 16 миллионта овоз тўпланди. Кутилганидек, кўплаб маҳаллалар ўз ғалабасини катта байрам қилиб нишонлади.
Сергелида 27 ёшли аёл 3 нафар фарзанди билан ўзини 9-қаватдан ташлади. Уларнинг тўрталаси ҳам воқеа жойида ҳалок бўлди. Маълум бўлишича, аёл болалари билан 5 ойдан буён онасининг уйида яшаб келаётган бўлган. Ҳолат бўйича қасддан одам ўлдириш ва ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент қоқ марказида, Амир Темур хиёбони ёнида жойлашган иккита бино ажойиб-у ғаройиб тарзда хусусийлаштирилди. Бир йил олдин очилган, бор-йўғи 8 млн сўм устав фондига эга компания Алоқабанкдан 390 млрд сўм кредит олиб, бир кун ўтгач шу пулга Алоқабанк ва собиқ АКТ вазирлигининг биноларини сотиб олди. Ажратилган кредит миқдори банк активларининг нақ 20 фоизига тенг. Давлат банки бунча катта миқдордаги кредитни хусусий компанияга имтиёзли шартларда бергани эътиборга лойиқ.
ACTIVIST лойиҳаси муаллифи 15 суткага қамаб қўйилди. Ҳожиакбар Носиров ўз видеоларидан бирида бир қатор брендларнинг йогурт маҳсулотлари таркибида кармин моддаси борлиги учун уни истеъмол қилмаслик керак дейиши ортидан, “диний адоват қўзғатувчи материал” тарқатишда айбланиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов оламдан ўтди. Таниқли актёр, ўзбек кино хазинасидан жой олган бир қатор филмлардаги роллари билан томошабинлар меҳрини қозонган Мурод Ражабов 8 апрел куни узоқ давом этган касалликдан сўнг 74 ёшида вафот этди.
Мавзуга оид
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024
Алламжоновга суиқасд, қонун устуворлигида пасайиш ва Европага йўл — ҳафта дайжести
22:40 / 19.10.2024