Жаҳон | 18:06 / 09.04.2023
26592
6 дақиқада ўқилади

Хитой армияси Тайван атрофида. Оролдаги «муҳим нишонлар»га зарба бериш машқ қилинди

Хитой Тайванни қамал қилиш устида ишламоқда.

Хитойнинг машғулотларда қатнашаётган самолёти. Фото: Reuters

Ҳарбий машғулотларнинг иккинчи кунида Хитой Тайван ва унга туташ сувлардаги асосий нишонларга аниқ зарбалар бериш репетиция қилинди.

Пекин орол расмийларини «қатъий огоҳлантириш» учун ўтказаётган машғулотлар Тайван президенти Сай Инвэннинг ўтган ҳафтада АҚШга амалга оширган ташрифига жавоб бўлмоқда.

Хитой қуролли кучлари оролни қамал қилишни машқ қила бошлагач, АҚШ Хитойни тийилишга чақирди.

Тайван ҳукумати шанба куни орол атрофида хитойликларнинг камида 71 та самолёти учгани ҳақида хабар берган.

Улар шунингдек ҳарбий самолётларнинг 45 таси ёки Тайван ва Хитой ҳудудларини ажратиб турувчи норасмий чегара вазифасини ўтовчи Тайван бўғозидаги оралиқ чизиқни кесиб ўтган ёки Тайван ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ҳаракатланадиган ҳудуднинг жанубий-ғарбий қисмига кирган.

Орол атрофидаги сувларда хитойликларнинг тўққиз кемаси кўриниш  берган. Пекин томонидан «Қўшма ўткир қилич» деб ном берилган бу амалиётлар душанбага қадар давом этади.

Шанба куни Тайбэйдаги мудофаа идоралари вакиллари Пекин президент Сайнинг АҚШга ташрифидан минтақадаги тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка жиддий путур етказадиган ҳарбий машғулотлар ўтказиш учун баҳона сифатида фойдаланаётганини айтишди.

Машғулотларнинг биринчи кунида Тайванга Хитой ҳудудидан келишда жойлашган Пинтан ороли атрофида сузган хитойликларнинг кемаларидан бири ўт очди.

Соҳил мудофаасини бошқарувчи Тайван Денгиз кенгаши эълон қилган видеоёзувда тайванликларнинг кемаларидан бири Хитой ҳарбий кемасини кузатаётгани акс этган, аммо унда бу кадрлар қаерда олингани кўрсатилмаган.

Видеоёзувда тайванлик денгизчилар Хитой кемасига моряк радио орқали шундай хабар бераётганини эшитиш мумкин: «Сиз минтақавий тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка жиддий зарар етказяпсиз. Марҳамат қилиб зудлик билан ортга бурилинг ва кетинг. Агар сиз ҳаракатланишда давом этсангиз, биз чиқариб юбориш чораларини кўрамиз».

Тайван томонидан назорат қилинадиган Мацу ороли яқинидаги машғулотларда қатнашаётган Хитой ҳарбий кемаси

Бошқа кадрларда тайванликларнинг «Ди Ҳуа» номли ҳарбий кемаси ХХР соҳил қўриқлаш кемасини кузатиб бораётгани кўринади. Соҳил қўриқлаш хизмати офицери буни хитойликлар кемаси билан «тўқнашув» деб атаган.

Тайбэйдаги мудофаа идоралари расмийларига кўра, хитойликларнинг машғулотлари шанба куни кун ботиши билан тўхтаган, аммо якшанба куни эрта тонгда Хитой қирувчи самолётлари парвоз қила бошлаган.

АҚШ Давлат департаменти вакили Хитойни президент Сайнинг АҚШга ташрифига тўсқинлик қилмасликка ва вазминлик ҳамда статус-квони сақлашга чақирган.

Сай ва Маккарти Калифорнияда учрашди. Фото: Getty Images

Давлат департаменти вакили АҚШ «Пекиннинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб бораётгани»ни айтиб, Қўшма штатларда минтақа тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш, шунингдек АҚШнинг миллий хавфсизлик соҳасидаги мажбуриятларини бажариш учун етарлича ресурс ва имкониятлар мавжудлигини қайд этган.

АҚШ 1979 йилда Хитой фойдасига Тайбэй билан дипломатик алоқаларни узган, аммо ўшанда Тайванга ўзини мудофаа қилиш учун воситалар етказиб бериш мажбуриятини юклайдиган қонун қабул қилинганди.

АҚШнинг ҳозирги президенти Жо Байден бир неча марта агар Хитой оролга ҳужум қилса, АҚШ аралашиши ҳақида айтган, аммо муайян жиҳатларни келтирмаган.

Чоршанба куни Калифорниядаги учрашувда Сай хоним АҚШ Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккартига Америка томонидан кўрсатилаётган «доимий ёрдам» учун миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, бундай кўмак Тайван халқи ўзининг ёлғиз эмаслиги ва ажратиб қўйилмаганига ишонч ҳосил қилишига ёрдам берган.

Маккарти аввалига ўзи Тайванга боришни режалаштирганди, аммо Хитой билан муносабатларда кескинлик юзага келмаслиги учун учрашувни Калифорнияга ўтказишга қарор қилинди.

Хитой бундай кўламдаги машғулотларни сўнгги бор август ойида, АҚШ конгрессининг Маккартидан олдинги спикери Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюрганидан кейин ўтказганди.

Палатанинг собиқ спикери Нэнси Пелоси Тайбэйга ташрифи билан Пекинни қаттиқ ғазаблантирганди. Фото: Getty Images

Ўшанда Пекин Пелосининг ташрифини «ўта провокацион қадам» деб баҳолаганди.

Хитой давлат нашрлари хабарига кўра, машғулотлар чоғида ҳарбийлар бир вақтнинг ўзида патруллик қилиш ва ҳужумга ўтиш машғулотларини ўтказиб, орол қуролли кучларини «ўраб олиш ва тийиб туриш» бўйича маҳоратларини оширмоқда.

Қўшимча қилинишича, хитойлик ҳарбийлар машғулотлар ҳудудига узоқ масофага зарба берувчи ракетали артиллерия, эсминецлар, ракетали катерлар, авиация қирувчилари, бомбардимончилар, радиоэлектрон кураш воситалари ва танкерлар жойлаштиришган.

Аммо Тайван пойтахти аҳолисини Пекиннинг манёврлари у қадар чўчита олмаяпти.

«Мен ўйлайманки, кўпчилик тайванликлар бунга кўникиб бўлишди, ҳиссиёт шундай: мана, яна бошланди!» - деган BBC мухбирига Тайбэйда яшовчилардан бири.

Тайван ўзини ўз конституцияси ва раҳбариятига эга суверен давлат деб ҳисоблайди. Хитой эса уни ажралиб чиққан провинцияси деб билади ва алал-оқибат бу ҳудуд ўз таркибига қайтишига ишонади - агар зарура бўлса, куч билан қайтаришини яширмайди. Тайван ва АҚШнинг юқори мартабали расмийлари ўртасидаги учрашувлар ҳар сафар Пекиннинг ғазабини келтиради.

Хитойдагиларнинг фикрича, бундай учрашувлар (айниқса, америкалик мулозимлардан кимдир Тайванга келганида) Вашингтон орол мустақиллиги тарафдорларини рағбатлантираётганидан далолат беради.

Мавзуга оид