Ўзбекистон | 14:58 / 10.04.2023
23392
16 дақиқада ўқилади

Эътибордан четдаги мавзу. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган мактаб ҳожатхоналарига “саёҳат”

Ўзбекистондаги жуда кўп мактаблар ҳожатхонасида элементар санитария шароитлари йўқ. Ўқувчи-ю ўқитувчилар жуда абгор аҳволдаги ҳожатхоналардан фойдаланишга мажбур. Хўш, бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Аслида улар қандай бўлиши керак? Бунга ким масъул?

Тадқиқотларга кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 82,8 фоизи турли даражадаги санитария даражасига эга чуқур ковламали ҳожатхонадан фойдаланади. Бор-йўғи 16,6 фоиз аҳолининг уйида вентиляция қилинган (яхшиланган) чуқур ковламали ҳожатхона бор. Ҳожатхонаси марказлашган канализацияга уланганлар улуши ҳам атиги 16 фоиз.

Мактаблар борасида тадқиқот ўтказилса ҳам, натижалар бундан яхшироқ бўлиши даргумон.

Қозоғистон биздан олдинда

2019 йилда Қозоғистоннинг Жамбул вилоятидаги мактаблардан бирида ўқувчи қиз зўрлаб кетилади. Ўша йилдан бошлаб ҳукумат барча таълим муассасаларидаги ташқи ҳожатхоналарни ликвидация қилиш, яъни йўқ қилишга буйруқ беради. “Қизалоқ билан бу воқеанинг қандай боғлиқлик жойи бор?” дейишингиз мумкин. Гап шундаки, 12 ёшли бу қизча айнан мактаб биносидан сал узоқроқда жойлашган ташқи ҳожатхонада зўрлаб кетилган.

Ўша йили 7 014 та қозоқ мактабида жами 2,5 мингдан кўп ташқи ҳожатхоналар борлиги, шунинг 2 357 таси айнан қишлоқ ҳудудларида жойлашгани аниқланган. Орадан 3 йил ўтди, маълумотларга кўра, ҳозирда мамлакатда 50 тагина ташқи ҳожатхона қолган, холос.

Хўш, Ўзбекистон мактабларининг бу борадаги аҳволи қандай? Бу масалани айрим мактаблар мисолида кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Андижон вилояти

Асака туманидаги 40-мактаб. Бу мактабда 315 нафар ўқувчи учун битта кичкинагина ҳожатхона хизмат қилади. Унинг кўринишидан авария ёқасига келиб қолганини пайқаш қийин эмас.

Асака туманидаги 40-мактаб ҳожатхонасининг ташқи кўриниши / Фото: Kun.uz
Асака туманидаги 40-мактаб ҳожатхонасининг ички кўриниши / Фото: Kun.uz

Kun.uz'га берилган маълумотларга кўра, декабр ойида мактабда янги ҳожатхона қуриш учун ҳозирги ҳожатхонанинг олдига чуқур ковлаб кетилган, лекин иш охирига етказилмаган. Ҳозирги ҳожатхонага бориш учун ўқувчи ва ўқитувчилар шу чуқур олдидан ўтишларига тўғри келади.

Худди шу туманда жойлашган 45-мактабда ҳам аҳвол яхши эмас. Муассаса хожатхонасининг деворлари бармоқ кенглигида ёрилиб кетган. 385 нафар ўқувчи учун қурилган бу ҳожатхонанинг ҳам талабга жавоб бермаслигини яққол кўриш мумкин.

Асака туманидаги 45-мактаб ҳожатхонаси / Фото: Kun.uz
45-мактаб ҳожатхонасига кириш учун ўрнатилган зинанинг ҳолати / Фото: Kun.zu

Фарғона вилояти

Вилоятнинг Ўзбекистон тумани “Қайнар булоқ” МФЙдаги 45-мактаб филиали ҳисобланган 54-мактабнинг ҳожатхонасини ҳам мисол тариқасида келтириш мумкин.

Фарғонадаги 54-мактабнинг таъмирталаб, эшиги қопарилиб тушган ҳожатхонаси / Фото: Kun.uz
Ҳожатхонанинг ички кўриниши ҳам яхши ҳолатда эмас / Фото: Kun.uz

Учкўприк туманидаги 3-мактабнинг ташқи ҳожатхонаси ҳам анчагина таъмирталаб, абгор аҳволга келиб қолган. Муассасада 700 нафар бола таълим олади, аммо улар мана шу деворлари ёрилиб, санитар талабларига умуман жавоб бермайдиган ташқи ҳожатхонадан фойдаланади.

Самарқанд вилояти

Самарқанд туманида жойлашган 30-мактаб ҳожатхоналари эски даврларда қолиб кетгандек. Ўғил ҳамда қиз болалар фойдаланадиган кабиналарнинг эшиги йўқ. Ички деворлари эса моғорлаб, ўпирилиб кетган. Санитар талабларга умуман жавоб бермаслиги кўринишидан ҳам маълум.

30-мактаб ҳожатхонасининг ички кўриниши / Фото: Kun.uz
30-мактаб ҳожатхонасининг ички кўриниши / Фото: Kun.uz

Шу туманнинг 26-мактаб ҳожатхонаси ҳам салкам шу аҳволда. Ташқи деворлари авария ҳолатига келиб қолган. Унда ҳам 4 та кабинаси учун эшиклар йўқ, шунга қарамай ҳожатхонанинг ўғил болалар бўлмаси ичкарисига видеокамера ўрнатилган.

Самарқанд туманида жойлашган 26-мактаб ҳожатхонасининг ўғил болалар бўлмаси ичига ўрнатилган камера / Фото: Kun.uz

Бундан ташқари, Ургут туманининг 39-, 46-, 103- ҳамда Тойлоқ туманининг 128-мактаб ҳожатхоналарига ортиқча изоҳ бермасак ҳам бўлади. Шароитлар юқорида санаб ўтилганларидан абгор бўлса абгорки, аммо яхши эмас.

39-мактаб ҳожатхонаси / Фото: Kun.uz
46-мактаб ҳожатхонаси / Фото: Kun.uz
103-мактаб ҳожатхонаси / Фото: Kun.uz
128-мактаб ҳожатхонаси / Фото: Kun.uz

Маълумотларга кўра, Ургут туманида 147 та умумтаълим мактаби, 9 та мактаб филиали ҳамда 1 та баркамол авлод болалар маркази бор. Мана шу мактабларда жами 110 мингга яқин ўқувчилар таълим олади.

Ана энди тасаввур қилинг, жами 157 та мактабдаги ўқувчилар ҳисобланганда, уларнинг ҳар бирида 700 нафардан зиёд бола таълим олаётгани келиб чиқади. Шунча қора кўзларга эса мана шу кичик сиғимли, ўта ёмон аҳволдаги ҳожатхоналар хизмат қилиб келмоқда.

Муаммо бугун биз эътибор қаратган мактаблардагина эмас. Ушбу видеомақоламизни тайёрлаш жараёнида кўплаб мактаблардаги вазиятни ўргандик. Ўқувчиларнинг ота-оналари, ўқитувчилар ҳамда фаоллар билан суҳбатлашдик. Амин бўлдикки, вазият бугун кўрганларимиздан ўн чандон ёмон бўлган мактаблар ҳам талайгина. Айниқса маъмурий марказлардан узоқлашган сари, мактаб хожатхоналаридаги аҳвол ҳам оғирлашиб боради.

Аслида мактаб ҳожатхоналари қандай бўлиши керак?

Санитария-эпидемиология нормалари ва қоидаларига кўра, мактабларнинг ҳар бир қаватида ўғил ва қиз болалар учун алоҳида ҳожатхоналар бўлиши ва унинг кабиналари баландлиги камида 1,75 метр бўлган ва пастки қисми полга 0,2 метрда тегмайдиган тўсиқлар билан ажратилиши керак. Ҳар бир кабиналарнинг ўлчами 0,8га 1 метр бўлиши, бунда санитария иншоотларининг майдони ҳар бир киши учун 0,1 квадрат метрдан олиниши лозим.

Шунингдек, ҳожатхоналарда ҳар 20 нафар қиз ўқувчи учун 1 та унитаз, 30 нафари учун 1 та ювиниш жойи, 40 нафар ўғил бола учун эса 1 та унитаз, 1 та писсуар ва 1 та ювиниш жойи яхши ҳолатда, ҳеч қандай нуқсонларсиз бўлиши белгиланган.

Қолаверса, ҳар бир ҳожатхона керакли ашёлар, хусусан, ҳожатхона қоғози, чиқинди учун челаклар, қўл ювиш учун совун ҳамда сочиқ ёки қоғоз сочиқлар билан таъминланиши зарур.

Юқорида қайд этилганидек, айни шу мавзуда қозоқларнинг тажрибаси анча самарали эканини кўриш мумкин. Ўтган йили Қозоғистон мактабларидаги яроқсиз ҳожатхоналарни аниқлаш ва уларни яхшилаш мақсадида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда “Toile” лойиҳаси ишга туширилган. Мана шу лойиҳага кўра, яхши ҳожатхонани 6 та жиҳати билан ажратиб олиш мумкин. Яъни у бинонинг ичида жойлашган, кабиналари алоҳида қилиб ажратилган, тоза унитазга эга, иссиқ-совуқ сув ҳамда совун ва ҳожатхона қоғози билан таъминланган, энг асосийси доим очиқ бўлиши керак.

Абгор ҳожатхоналар қандай оқибатларни келтириб чиқаради?

Маълумотларга кўра, инсон ахлатининг 1 граммида 10 миллионтагача вирус, бир миллионтагача бактерия, мингтагача паразит кистаси ва юзга яқин паразит тухуми бўлиши мумкин.

Диарея ва шу каби касалликлар инсон ахлатидаги касаллик қўзғатувчи микроблар туфайли юзага келади. Бу – организмда сув етишмаслиги, тўйиб овқатланмаслик, иситма ва ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Буларнинг, айниқса, болалар ва иммунитети заиф бўлган одамларга юқиш эҳтимоли жуда юқори.

Ўз навбатида, диарея туфайли трахома каби кўз инфекциялари келиб чиқиши мумкин. Бу болалар орасида қизамиқ, безгак, полиомиелит, гепатит А ва Э, ичак қуртлари, тери касалликлари ва ҳатто кўрликка олиб келади.

Таълим сифатига ҳам таъсир қилади

Сифатсиз санитария шароитлари инсон саломатлигига салбий таъсир қилганидек, болалар орасида мактабда давоматнинг ва натижада таълим олиш сифатининг пасайишига ҳам олиб келади. Бу борада қилинган тадқиқотларнинг 47 тасидан 8 тасида айнан шу ҳолат кузатилган.

Шунингдек, тоза сақланмаган мактаб ҳожатхоналари болаларнинг у ерга кирмаслигига ва оқибатда ичак, сийдик пуфаги касалликларига чалинишига сабаб бўлади. Исроилда мактаб ўқувчилари орасида ўтказилган тадқиқот болаларнинг санитария шароити туфайли ҳожатхонадан фойдаланмаслиги уларнинг когнитив қобилиятини пасайтиришини ва дарсларни ўзлаштиришида муаммолар юзага келганини кўрсатган.

“Мактаб қурилишида ҳожатхоналар масаласи инобатга олинмаган”

Нима учун 500 нафардан зиёд ўқувчига эга айрим мактабларда ҳанузгача талабга жавоб бермайдиган ҳожатхоналар мавжуд? Санитария-эпидемиология қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходими Дилфуза Ҳикматованинг жавоб беришича, бунга мактаб қурилишида етарлича эътибор берилмагани сабаб бўлган. Таъкидланишича, 50 ёки 70 йил илгари қурилган мактаблар уёқда турсин, янгидан барпо қилинаётган ёки реконструкцияга тушган мактабларда ҳам шу аҳвол.

Дилфуза Ҳикматова, Санитария-эпидемиология қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходими / Фото: Kun.uz

“Бундай мактаблар қурилишида лойиҳа ҳужжатлари маълум бир ташкилотлар билан келишилмаган. Минг афсуски, бундай ҳолатлар кўпинча Тошкент шаҳрининг ўзида ҳам бўлиб турибди. Мактаб биноси қурилганидан кейин ёки реконструкцияга тушганидан кейин қурувчи ташкилот томонидан ушбу объектни қабул қилиш далолатномасини кўтариб келишади. Лекин бу қурилиш ишлари бошланишидан олдин лойиҳа чизмалари чизилганда маълум бир ташкилот, масалан, ёнғин хавфсизлиги, СЭС ходимлари билан келишув далолатномаси расмийлаштирилиши керак.

Бизда шу амалиёт оқсаб келмоқда. Албатта, бунда лойиҳачи ташкилотларнинг ҳам катта айби бор. Юқорида айтиб ўтилган мактабларнинг қурилиши жараёни нотўғри ташкил этилгани бунинг энг катта сабабларидан ҳисобланади”, – дейди Ҳикматова.

Бу борада жамоатчилик нима дейди?

Мавзуни ўрганиш давомида мавзу юзасидан жамоатчилик фаоллари ҳам ўз фикрларини билдиришди. Хусусан, бу борада иқтисодчи Валижон Тўрақулов Ўзбекистонда мактаблардаги ҳожатхоналар масаласи эътибордан четда қолаётганини танқид қилди.

Валижон Тўрақулов, иқтисодчи / Фото: Kun.uz

“Аслида мактаб ҳожатхоналари таълимнинг узвийлиги, унинг даражаси билан тўғридан тўғри боғлиқ. Масалан, ҳожатхоналар 3 хил томондан, яъни тозалиги, яқинлиги, хавфсизлик жиҳатдан қулай бўлиши керак.

Тадқиқотларда санитар аҳволи яхши бўлмаган ҳожатхоналарга кирмаслик учун болалар сувни камроқ ичишга ҳаракат қилиши аниқланган. Бу билан улар ҳолати яхши бўлмаган ҳожатхонага киришга “қарши курашаркан”. Ўқувчи, талабалар кўпроқ мия билан ишлагани сабаб уларга сув жуда ҳам зарур. Кўряпсизми, ҳожатхоналар масаласи нафақат давоматга, балки таълимнинг ўзига ҳам таъсир қиладиган томонлари бор.

Кореяда мактаб ҳожатхоналарига шундай ёндашилганки, бу борада кореяликларнинг ҳукумат даражасидаги веб-сайтлари ҳам бор. Мазкур сайтда қаерда оммавий ҳожатхоналар борлиги акс этган, уларнинг рейтинги ҳам юритилади. Юқорида қайд этиб ўтганларим: тозалик, яқинлик ҳамда хавфсизлик жиҳатлари бўйича Кореянинг барча мактаб ҳожатхоналари жавоб беради. Мактабларнинг ҳар бир қаватига ҳожатхоналар қурилган. Бу халқ учун ҳожатхоналарнинг тозалиги давлат миқёсидаги маданият ҳисобланади”,– дейди Тўрақулов.

Шунингдек, шу вақтгача таълим мавзуларини ёритиб келаётган блогер Исроил Тиллабоев ҳам бу борадаги фикрларини билдирди. Унинг қайд этишича, ҳожатхоналарнинг санитар ҳолати ва уни ашёлар билан таъминлашга масъул бўлган ташкилотлар ўз ишларига совуққонлик билан ёндашишмоқда.

Исроил Тиллабоев, таълим мавзуларини ёритувчи блогер, собиқ педагог / Фото: Kun.uz

“30-50 йил олдин қурилган мактабларимиз ҳам сон-саноқсиз. Бу мактабларнинг ҳожатхонасига ким эътибор бермоқда? Анча олдин бу иншоотларни таъмирлаш, қайта қуриш учун катта кампания бошланганди. Афсуски, бу ҳам мактабнинг ўзига ташлаб қўйилган. Ваҳоланки, бу вазифа маҳаллий ҳокимликларга юклатилган.

Қайси мактаб директори ҳокимларнинг олдига бориб, ҳожатхонани керакли ашёлар билан таъминлаб беришини сўрайди. Аслида биринчи саволни шундан бошлаш керак. Чунки ҳеч қайси мактаб раҳбари ҳокимликка кириб, буни талаб қила олмайди. Талаб қила олмадими, ҳожатхонани санитар ҳолатга келтиришнинг бошқа муқобил вариантларини излаб кўришади. Бунда уларда 2 та ечим бор, холос: ё ота-оналар, ё ўқитувчилар мактабни шу ашёлар билан таъминлаши керак бўлади. Бу жараёнда ота-оналарга ҳам айта олишолмайди. Ўз-ўзидан мактаб раҳбари муассасадаги мавжуд имкониятдан, ўқитувчилар имкониятларидан келиб чиқиб, иложи борича ҳожатхонага керакли маҳсулотларни пул йиғиб қўйишга ҳаракат қилишади.

Бу ишни эплай олмасачи? Бу ҳолатда уларни СEС ходимлари кутиб турган бўлади. СEС ходимлари қонун талабларини ушлаб олишади, нималар қилиниши кераклиги кўриб чиқилади, лекин қаралса, ҳеч ким уни бажарётгани йўқ. Қарабсизки, жарима солиб кетилаверади. Ёзилган қонунни ким бажариши керак? Мана шу нарса аросатда қолгани сабабли мактаб жамоаси азият чекиб келишмоқда”,– дейди Тиллабоев.  

Бунга ким масъул?

Ҳожатхоналарни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш масаласи маҳаллий ҳокимликлар зиммасида. 2018 йил -сентябрда қабул қилинган президент фармонига кўра, маҳаллий ҳокимликлар мактабларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш масаласида ҳар томонлама кўмаклашиш, хусусан, уларни электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, зарур санитария-гигиена шароитлари ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлашга масъул деб белгиланган.

Аммо шу вақтгача ҳокимликлар бу вазифани тўлқонли бажариб келяптими? Жавоб юқоридаги ҳолатларда ҳам намоён.

Нима қилиш керак?

Халқаро тадқиқотларга кўра, аҳоли орасида санитария-гигиена мавзусидаги ташвиқот ишлари сезиларли натижа бермайди. Яъни татбиқ қилиш жараёнларида жойларда ҳожатхоналар сони ортиши мумкин, аммо бу унинг тозалиги таъминланишига, болалар орасида касалликлар сонининг камайишига хизмат қилмайди.

Тадқиқотлар натижасидан хулоса шуки, санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилиш бўйича ташвиқот ишлари одамлар орасида хабардорликни оширади ва ҳаракатга ундайди, аммо бу болалар орасида касалликни камайтириш учун етарли эмас.

Ташвиқот молиявий ёрдам билан таъминланган тақдирда сезиларли натижа беради. Буни Бангладешда ўтказилган тадқиқот мисолида тушунтиришга уринамиз. Яъни бунда ташвиқот, ташвиқот ва 75 фоизли ваучер субсидия, ташвиқот ва ҳожатхона ўрнатиш бўйича техник кўмак каби интервенциялар комбинацияси қўлланилиб, қайси бирининг самараси кўпроқ бўлиши ўрганилган. Натижаларга кўра, кутилганидек ташвиқотнинг якка ўзи ва ҳожатхонани барпо қилиш бўйича техник кўмак ҳам ҳеч қандай самара бермаган. Аммо ташвиқот ва ваучерли субсидия уй хўжаликлари орасида ҳожатхоналар билан таъминланиш даражасининг 22 фоизга ўсишига олиб келган.

Албатта, барча уй хўжаликларини марказлашган оқова тизим (канализация) билан қамраб олиш кўп вақт ва маблағ талаб этади. Аммо ҳозирги ҳолатда мактабларда санитария талабларига жавоб бермайдиган чуқур кавламаларни вентиляция қилинадиган ва плиталар билан қопланган ҳолатга келтириш, бинонинг ичига кўчириш тавсия этилади.

Келгусида бюджет ёки нобюджет маблағлари тақсимотида иштирок этадиган барча бўғинлар, хусусан, ташаббусли бюджет дастури доирасида аҳоли, корпоратив ижтимоий масъулият доирасида хусусий бизнес, маҳаллий кенгашлар, ҳокимликлар, мактаб раҳбарлари, хайрия жамоат фондлари вакиллари ва кўнгиллилар томонидан ушбу масаланинг аҳамияти эътибор марказида бўлиши амалий натижа беради.

Афсуски, бугун биз кўтарган мавзу ҳамон эътибордан четда қолмоқда. Ваҳоланки, бу ҳаётий энг зарур эҳтиёжларидан бири ҳисобланади.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Тасвирчилар – Шоҳруз Абдурайимов, Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид