Иқтисодиёт | 22:03 / 10.04.2023
34556
5 дақиқада ўқилади

Олтин нархи кўтарилиши Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қийматини бир ойда 1,5 млрд долларга оширди

Март ойи давомида халқаро молия бозорида олтин нархининг ошиши фонида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 33,9 млрд доллардан 35,4 млрд долларга кўпайди. Ҳозирда Марказий банк захирасида 382 тонна ёки 12,3 млн троя унциядан бироз кўпроқ қимматбаҳо металл мавжуд.

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тўғрисидаги маълумотларни янгилади.

2023 йилнинг 1 апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,4 млрд долларни ташкил қилган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2023 йил 1 март ҳолатига кўра, 33,9 млрд доллар бўлган.

Март ойи давомида олтиннинг физик ҳажми камайган бўлса-да, (12,6 млн троя унциядан 12,3 млн троя унцияга), қиймати 22,8 млрд доллардан 24,2 млрд долларга ошган. Бу асосан ҳисобот даврида жаҳон бозорида олтин нархларининг қимматлашгани билан боғлиқ.

Хусусан, 1 март ҳолатига кўра 1 троя унция олтин нархи 1836 долларни ташкил этган бўлса, 31 март ҳолатига бу кўрсаткич 1969 долларгача етган.

Халқаро молия бозорларида олтин нархининг қандай шаклланиши Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади. Мамлакат захираларининг 68 фоизини (12,3 млн троя унция ёки 382 тонна) олтин ташкил этади.

Олтин-валюта захиралари нима учун керак?

Ҳар бир мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ўзига хос суғуртадир. У давлатнинг миллий иқтисодиётини эҳтимолий макроиқтисодий хатарлардан ҳимоя қилади. Шу боис, олтин-валюта захиралари қатор талабларга жавоб бериши лозим. Масалан, ундан ҳар қандай соҳада фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Олтин-валюта захиралари осон жойлаштирилиши ва осон олиниши даркор.

Мамлакатларнинг олтин-валюта захираларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

  • тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш учун;
  • инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлашга валюта сотиб олиш учун;
  • давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш учун;
  • давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун.

Олтин-валюта захиралари асосан қимматбаҳо металлардан (қуйма олтин, платина, палладий, кумуш), давлатлараро миқёсда захира валютаси сифатида тан олинган хорижий пул воситаларидан (АҚШ доллари, евро, швейцар франки, япон иенаси, фунт-стерлинг) ва Халқаро валюта жамғармаси чиқарадиган нақдсиз пул бирликларидан ташкил топади.

Давлатнинг олтин-валюта захиралари миқдори унинг иқтисодиёти ва молиявий тизими ҳолатидан дарак беради, давлатлараро мажбуриятлар бўйича тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини кафолатлайди. Халқаро ташкилотлар тавсияларига кўра, ривожланаётган давлатлар учун захиралар камида 3 ойлик импортни қоплаши керак.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2022 йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,8 млрд долларни ташкил этган. Бу ресурслар 14 ой давомида импорт харажатларини қоплаш учун етади.

Нима учун Марказий банклар ўз захираларинининг асосий қисмини олтинда сақлашни афзал кўришади?

Биринчидан, Марказий банклар учун олтиннинг асосий ролларидан бири ўз захирасини диверсификация қилишдир. Жуда кўп ҳолатларда олтин АҚШ доллари билан тескари муносабатда бўлади. Яъни доллар қиймати пасайганда, олтин одатда кўтарилади, бу марказий банкларга бозор ўзгарувчанлиги даврида ўз захираларини ҳимоя қилиш имконини беради. Охирги пайтларда халқаро геосиёсий жараёнлардаги кескинлик ошиши ва жаҳон иқтисодиётидаги рецессия хавфи олтин харид қилиш ҳажми ошишига таъсир ўтказди. Агар асосий активлардан бири заифлашса, бошқаси кучли бўлиб қолиши керак. Захираларини олтин билан диверсификация қилиш орқали марказий банклар нотинч вақтларда ўз мамлакатларининг иқтисодий институтларини қўллаб-қувватлашга яхшироқ тайёр бўлишади.

Иккинчидан, олтинга инфляциянинг самарали ҳимоячиси сифатида қаралади. Барқарорлик даврларида олтин рентабеллик келтирмагани сабабли инвесторлар орасида талабга эга бўлмайди. Беқарорлик даврларида эса ушбу қимматбаҳо металл ўзгарувчанлик ва юқори инфляция фонида жозибадор бўлиб қолади ва узоқ муддатли истиқболда мамлакат иқтисодиётига боғланмаган қиймат омбори сифатида кўрилади. Шу жиҳатдан ҳам, инқироз даврида марказий банклар доллар, юан, евро ёки иена каби хорижий валюталарни эмас, балки олтин сотиб олишни афзал кўради.

Учинчидан, давлат қарзларининг глобал ўсиши ёки инфляция билан боғлиқ хавотирлар олтиннинг миллий стратегиядаги хавфсиз актив сифатидаги аҳамиятини янада оширади. Олтин миллий валютага нисбатан барқарор актив сифатида тавсифланади.

Энг кўп олтин захирасига эга давлатлар

2022 йилнинг якунлари бўйича келтирилган маълумотларига кўра, олтин захиралари ҳажми бўйича кучли ўнликка кирган давлатлар рўйхати қуйидагича:

1. АҚШ – 8 минг 133 тонна;

2. Германия – 3 минг 355 тонна;

3. Италия – 2 минг 452 тонна;

4. Франция – 2 минг 437 тонна;

5. Россия – 2 минг 299 тонна;

6. Хитой, 2 минг 11 тонна;

7. Швейцария, 1 минг 40 тонна;

8. Япония, 846 тонна;

9. Ҳиндистон, 787 тонна;

10. Нидерландия, 612 тонна.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид