“700 млн сўм муаммони ҳал қилишнинг яқинига ҳам бормайди” – экспертлар пойтахт дренаж тизими ҳақида
“Энг асосий ишни дренаж муаммоси кимга тегишли эканидан бошлаш, қайси ташкилот масъуллиги аниқланиб, унинг техник базасини ривожлантириш керак. Олимлар, инженерлар билан келишиб, унинг моделини ҳам ишлаб чиқиши лозим. Албатта, бу катта маблағ талаб қилади. 61 минг доллар (700 млн сўм) билан ҳеч нарса қилиб бўлмайди”, – дейди муҳандис Асқарали Каримов.
Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умрзоқовнинг 7 апрелда имзолаган қарори билан пойтахтда ирригация тизимини яхшилаш учун маблағ ажратиладиган бўлди. Унга кўра, дренаж ва коллекторларни таъмирлаш, бетон қувур ётқизиш учун ҳокимият бюджетининг захира фондидан 700 млн сўм сарфланади.
Қайд этилишича, юқоридаги чора-тадбирлар ёмғир пайтида сув тошқинининг олдини олиш учун амалга оширилмоқда. Шу ўринда савол туғилади, 700 млн сўм мазкур чора-тадбирлар учун етарлими? Аслида дренаж тизимини яхшилашга қанча маблағ сарфланиши керак? Бу жараёнда нималар инобатга олинади? Kun.uz ушбу саволларга жавоб олиш учун соҳадан бохабар бўлган муҳандис, шаҳарсоз ҳамда эколог билан суҳбатлашди.
Дастлаб 20 йилдан бери АҚШнинг Техас штатида яшаб, ҳозирда Темпл шаҳридаги йирик инженерлик-консалтинг компаниясида сув хўжалигини лойиҳалаш директори бўлиб ишлаётган, техника фанлари доктори, муҳандис Асқарали Каримов билан гаплашдик. Мутахассиснинг айтишича, маблағ ажратишдан олдин дренаж тизимини ривожлантиришга ким масъуллигини аниқлаб олиш лозим.
– Ўтган йили Тошкент шаҳрининг эски ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев дренаж муаммолари юзасидан мени чақирганди. Жараёнда кўнгилли сифатида қатнашгандим. Ўшанда ҳокимият ҳузуридаги рақамлаштириш марказида мавжуд бўлган лотоклар, оқова сув қувурлари, иншоотларини рақамлаштириш, картография қилиш бошланганди. Мен доим бир савол бераман: Тошкент дренаж тизимининг эгаси ким? Бунга ким жавобгар, қайси ташкилот масъул? Бу шаҳар балансидами ёки республиканикида? Суриштирувларим натижасида шуни билдимки, бунга 3 та ташкилот масъул экан. Кейин мен барча вазифа ва жавобгарликни битта ташкилотга ўтказишни, унга ишчилар, техника жалб қилишни ва бу ташкилотни ҳокимият балансига ўтказишни таклиф қилгандим. Ўша ердаги ҳоким ёрдамчилари, марказ ходимлари билан биргаликда президент қарорини ҳам тайёрладик, бу жараёнда ўзим ҳам бевосита қатнашдим, кўрдим. Лекин афсуски, бу нарсалар қолиб кетди. Мен ўшанда ҳам кўп такрорлагандим, Тошкент, умуман Ўзбекистоннинг бундан кейинги аҳволи оғир бўлади, яхши бўлмайди. Чунки энг кучли зилзиладан кейин қурилган тизим талабга жавоб бермай қўйган. Асфальт ва бетон жойларда ёғадиган ёмғирнинг борадиган жойи йўқ. Шунинг учун муаммолар жуда кўп.
Пул ажратилганига келадиган бўлсак, 700 млн сўм, тахминан, 61 минг доллардан ортиқроқ бўлар экан. Энди билмадим, мен бунга бир нарса деёлмайман. Нима учун шунча пул ажратилган ва нимага ярашини ҳам билмайман. Масалан, бизда (Техасда) инженерлар учун ҳар бир шаҳарнинг коди ва қонун-қоидаси бўлади. Биз ҳар бир иншоотни лойиҳаламоқчи бўлсак, албатта, дренажни анализ қилиб кўрсатишимиз керак. Чунки ҳар қандай объект қурилганда шаҳардан сув олиб чиқилиши лозим.
Мана шу жараённи айтиб бераман. Биринчи навбатда биз моделлаштирамиз, бутун Американинг белгиланган харитаси бор. Бу харита 1980 йилларнинг сўнгида бутун АҚШ бўйича ишлаб чиқилган. Моделлаштиришда 100 йилда бўладиган ёғингарчиликни олиб чиқиб кетадиган дренаж тизими яратиш керак бўлади. Биз бу ишни қилганмиз. Бунинг учун, албатта, жуда катта сумма керак бўлади, чунки жараён учун мутахассисларнинг жуда катта вақти сарфланади.
Иккинчиси, моделлаштириш жараёнида кейинги 30 йил давомида ҳар йили қаерларда қайси қувурлар алмаштирилиши, қайси ариқларни кенгайтириш кераклиги инобатга олинади. Биласиз, қувурлар охир-оқибат кичкина ариққа, ариқлар эса дарёга айланади. Шуларнинг ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиб, кейинги 20-30 йилга режа тайёрлаш лозим. Шунингдек, кейинги қурилиш ишларини иқтисодий жиҳатдан ҳам ҳисоблаб, белгилаб бериш мумкин бўлади.
Тошкент шаҳри борасида гапирсак, инженер сифатида у ердаги вазиятни ўз кўзим билан бориб, кўришим, маълум жойларини ўлчашим, дала ишларини олиб боришим керак. Чунки бусиз ҳисоб-китоб қилиш мушкул.
Менинг таклифим шундан иборат бўлардики, узоқ ва яқин муддатли режалар тузиб чиқилиши керак. Тошкент, умуман Ўзбекистон миқёсида бундай режалар йўқ, дренаж соҳасида мутахассис ҳам йўқ. Боиси 60 йилдан бери, айниқса Тошкентда бу билан ҳеч ким шуғулланмаган. Дренаж десангиз, бунинг ўзи нима эканини кўпчилик тушунишмайди ҳам.
Кейин эса умуман дренаж соҳасида илмий асосланган модел ишлаб чиқилиши керак. Бутун дунёда маълум эҳтимоллик назариясига мувофиқ дренаж тизими моделлаштирилади. Дейлик, эртага 20 мм ёмғир ёғадиган бўлса, мана шунча майдонда сув тўпланади. Демак, маълум бир муддатда шунча сув ҳажмини олиб чиқиб кетиш керак бўлади. Бунга 1-2 йил вақт кетади, лекин шу модел тайёрлангандан кейин ишлар анча осонлашади. Шунингдек, бу жараёнда энг асосийси мавжуд тизимни картографияга киритиб, уни қайтадан ўрганиб чиқиш лозим.
Собиқ иттифоқ даврида жамоат транспорти ривожланган, яшиллик кўп бўлган. Шунинг учун ҳам лотоклар қилинган. Ҳозир ҳамма жойларга бетон қуйилиб, асфальтлаштириб ташлашмоқда. Бутун дунёда дренаж тизими еростидаги қувурлар орқали олиб чиқиб кетилади. Ҳеч қачон ерустидан лоток қилинмайди. Бундай тушунча йўқ. Боиси, лотоклар қаттиқ ёмғир ёғганда тўлиб қолади. Бундан ташқари, унда шаҳардаги чиқиндилар йиғилса ҳам сув кетмай қолаверади. Ҳозирги шароит учун бундай ечимлар натижа бермайди.
Энг асосий ишни юқорида айтганимдек дренаж муаммоси кимга тегишли эканидан бошлаш, қайси ташкилот масъуллиги аниқланиб, унинг техник базасини ривожлантириш керак. Олимлар, инженерлар билан келишиб, унинг моделини ҳам ишлаб чиқиш лозим. Албатта, бу катта маблағ талаб қилади. 61 минг доллар (700 млн сўм) билан ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Бу ишлар йўлга қўйилгандан кейин, дренаж тизими келгуси 50-100 йилда бемалол фойдаланса бўладиган, тизимли равишда ривожланадиган соҳага айланади. Ва кадрлар ҳам тайёрланади.
Буларнинг ҳаммаси илмий жиҳатдан ўрганиб чиқиладиган техник ишлар ҳисобланади. Ҳозирги бутун шаҳарнинг дренаж тизимини яхшилаб ўрганиб чиқиш, ундан кейин эса техник-иқтисодий асосларини тузиб чиқиш талаб этилади.
Кўп йиллик тажрибага эга шаҳарсоз Темур Аҳмедов эса интервью давомида сув билан ишлаш тизими қачондан шаклланиб боргани ва қачондан ишдан чиққани ҳақида гапириб берди.
– Тошкентнинг дренаж тизими ҳақида гапирганда, Тошкентнинг ОАЗИС (чўл ичидаги курорт зона) эканини тушунишимиз керак. Ипак йўлининг савдо йўллари чорраҳасида жойлашганлиги сабабли одамлар бу ерда 2 минг йилдан ортиқ вақтдан бери яшаб келишмоқда. Ўша вақтларда ҳозиргига нисбатан ер унумдор бўлганди, агар соҳа тўғри назорат қилинганда сув ҳам бўларди.
2 минг йил давомида одамлар аста-секин ўзлари билган энг қимматли манба — сув билан ишлаш учун тизимини қуришди. Одамлар ёмғир ва маҳаллий дарёлар сувини бошқариш учун ариқлар, каналлар, яшил зоналар ва кўллар тармоғини яратишди. Яъни бу жараёнга фақат ва фақат аҳолининг ўзи бош-қош бўлганди. Совет даврига келиб, бу анъанани шаҳар раҳбарияти давом эттирди. Мана шу вақтдан бошлаб, дренаж тизими ҳар ёмғир ёғганда ишламай, ерости сувлари эса баъзи дарахтларга етиб боролмай қолди, умуман олганда соҳадаги муаммолар жиддийлаша бошлади.
Саволингизга жавоб – 700 млн сўм сув тошқинининг салбий таъсирини камайтириш учун 2-3 тагина ҳудудга сув насосларини ўрнатиш учун етарли бўлиши мумкин. Лекин муаммони ҳал қилишнинг яқинига ҳам бормайди.
Аввало, мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, айни вақт эътиборимизни дренаж тизимига қаратиш нотўғри. Тошкентда дренаж эмас, сув хўжалиги тизимида муаммо бор. Шаҳар ерости ва ерусти сувларининг гидрологик мувозанатига эга бўлиши керак. Қадим замонлардан бери одамлар ариқлар, каналлар, ҳовузлар ва кўллар тармоғидан фойдаланган ҳолда сувни эҳтиёткорлик билан бошқаришган. Демак, биз дренаж тизимини тузатмоқчимиз десак, шубҳасиз, муваффақиятсизликка учраймиз.
Сув хўжалиги тизимини таъмирлаш ҳақида ўйлашимиз керак. Бизнинг сув хўжалиги тизимимиз Тошкент шаҳрини узоқ муддатли ривожлантириш бош режасининг бир қисми бўлиши керак. Бош режани ишлаб чиқиш тўғрисида президент қарори қабул қилинди. Бироқ шаҳар раҳбарияти ҳанузгача Тошкентни ривожлантиришнинг бош режасини тузмаган.
Биз ишни эски сув хўжалиги тизимидан қолган масалаларни баҳолашдан бошлашимиз керак. Маҳаллий ва хорижлик мутахассислар бу тизимнинг энг заиф томонлари қаерда эканлигини аниқлаши зарур. Энг заиф нуқталардан бошлаб, чекланган давлат маблағларини энг яхши ва дарҳол таъсир қиладиган лойиҳага қаратишимиз, тизимли ишлашимиз керак. Энди харажатлар жуда юқори бўлади, эҳтимол, 10 млн доллар кетар. Муаммоларни ҳал қилишдан олдин бир неча йил ишлашимиз керак бўлади. Бу сўнгги 5-6 йил ичида тартибсиз қурилиш, ўн минглаб дарахтларни кесиш ва кўплаб яшил ҳудудларни йўқ қилиш жараёнида қабул қилинган қарорларнинг оқибатидир.
Муаммони тўғрилашимиз мумкинлигига ишонаман. Маҳаллий мутахассисларимиз бор, чет эллик экспертларни ҳам таклиф қилишимиз мумкин. Зарур ресурсларни ажратиб, жуда қаттиқ ишлашни бошлашимиз керак. Кейинги авлод ҳозирги муаммоларни қандай ҳал қилишимизга қараб, бизга баҳо беради
Яна бир шаҳарсоз Искандар Солиев ҳам бу борада 700 млн сўм маблағ етарли эмаслигини таъкидламоқда.
– Маълумотларга қарайдиган бўлсак, 2019 йил, Тошкент учун одатий бўлиб улгурган ёмғир тошқинидан кейин ҳокимият дренаж системаларини капитал ремонт қилишга 60 млн доллар кераклигини таъкидлаган. Ундан кейин бу капитал ремонт бўлдими, билмадим, лекин яқинда чиққан янгиликдаги тизимни яхшилашга 700 млн сўм ажратилгани маълум қилинди. Бу муаммони ҳал қилишига ишонмайман. Бу сумма ободонлаштириш ходимлари билан чиқиндиларни йиғиштиришга етадими-йўқми, бу ҳам номаълум. Балки, камлик қилар.
Айтайлик, тизимда 5 минг ишчи 1 минг 400 минг сўмдан ойлик олганда ҳам ойига 7 млрд сўм кетарди. Албатта, мен бўрттиряпман, бу пуллар ободонлаштиришга ҳам етмаслиги мумкин.
Муаммоларнинг жиддийлиги ва бу ерда катта ўзгаришлар қилиш кераклиги, қурилиш соҳаси, йўл, барчасини қонун доирасида изга тушириб, сўнг ёмғир кунлик максимал нормаларини ҳисобга олган ҳолда реконструкция қилиниши кераклигини инобатга оладиган бўлсак, бунга катта сумма кетишини мен иқтисодчи бўлмасам ҳам англаб турибман.
Нима бўлганда ҳам бу тизимда иш қилиняптими-йўқми буни билиш осон, ёмғирни тўхтата олмаймиз, кейинги ёмғирда яна бир синовдан ўтаверамиз...
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов бўлса, сув тошқинидан дренаж тизимини асраш учун асосан нима инобатга олинишига тўхталиб ўтди.
– Йирик шаҳарларда кучли ёғингарчилик ортидан юзага келадиган сув массасини хавфсиз талафотсиз ўтказиб юборишда дренаж тизимларини яратишда асосан ёғиннинг интенсивлилик тушунчаси асосий омил ҳисобланади.
Метеорологияда 12 соат ичида 30 мм дан кўп ёғин кузатилиши ўта хавфли гидрометеорологик ҳодиса ҳисобланиб, бунда кучли ва кўп ёғинлар кузатилиши ортидан текислик ҳудудларида сув босиши ва тоғолди ҳудудларида хавфли сел келиши ҳодисалари кузатилади.
Ёғин интенсивлилиги эса 1 дақиқа ичида ҳудудга ёғиб ўтган ўртача ёғин қиймати бўлиб, унинг ҳудудларда келтириб чиқарадиган сув оқимини ҳисоблаш мумкин. Тошкент тарихида энг кўп ёғин кузатилганда мазкур қиймат 0.25 мм/дақиқа бўлган. 1966 йил 9 августда унинг қиймати 0.16 мм/дақиқа, 2023 йил 2 апрелда эса 0,22 мм/дақиқага тенг бўлган.
Демак, Тошкент шаҳрида дақиқасига 0,25 мм дан кўпроқ ёғин ёғиш қийматидан келиб чиқиб, ана ўша ёмғир ортидан ҳосил бўладиган сув оқимларини талафотсиз ўтказиб юборувчи дренаж тизимлари (лоток, қувур, галарея, дюкерь) барпо этиш лозим.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид
18:14 / 27.12.2024
Дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳар – Тошкент ҳавосида PM2,5 заҳарли заррачалари меъёрдан 29 марта ошди
08:01 / 27.12.2024
Тошкент ҳавосининг ифлослиги бўйича дунёда 2-ўринни эгаллаб турибди
19:52 / 26.12.2024
“Автобуслар учун 100 та камера”: улар Тошкентда жамоат транспортига ажратилган алоҳида йўлакдаги қоидабузарликларни қайд этади
14:55 / 26.12.2024