Самарқандда мактаб ҳожатхонасига ўрнатилган видеокамера бўйича чора кўрилди, қолганларига-чи?
Kun.uzʼнинг суриштирув мақоласидан сўнг Самарқанд туманида жойлашган мактабларнинг биридаги ўғил болалар ҳожатхонасида ўрнатилган видеокамера юзасидан расмий муносабат билдирилди. Унга кўра, камера яроқсизлиги, тармоққа уланмагани, ўрганишлардан сўнг эса у олиб ташлангани қайд этилди. Бироқ мақолада кўрсатилган бошқа яроқсиз ҳожатхоналар бўйича бирор чора кўрилмаган, бу борада изоҳ ҳам берилгани йўқ.
10 апрел санасида Kun.uzʼда мактаб ҳожатхоналари ҳақидаги суриштирув мақоласи эълон қилинганди. Унда Самарқанд вилоятидаги умумтаълим муассасалари ҳожатхоналарининг аҳволи ҳам кўрсатилганди.
Хусусан, вилоятнинг Самарқанд туманидаги 2 та, Ургут туманидаги 3 та ҳамда Тойлоқ туманидаги 1 та мактаб ҳожатхоналари санитар талабларга жавоб бермаслиги, абгор ҳолатдалиги очиб берилганди. Қолаверса, ҳожатхоналарнинг авария ҳолатида экани етмаганидек, Самарқанд туманидаги 26-мактабнинг ҳожатхонасига видеокамера ўрнатилгани ҳам маълум қилинганди.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди. Унга кўра, ўрганишлар давомида мактабнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари Р.Ш. ўғил болалар ҳожатхонасида тозаликка риоя этилмаётганлиги сабабли, уларни тартибга чақириш учун ҳожатхонада яроқсиз, яъни муляж камера ўрнаттирган.
“Ушбу камера яроқсиз бўлиб, тармоққа уланмаган, ўрганишлардан сўнг ускуна олиб ташланди. Ишчи гуруҳи томонидан мактаб маъмурияти билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Мактабда шундай вазиятга йўл қўйганлиги учун маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Р.Ш. га нисбатан Ўзбекистон Республика Меҳнат кодексининг 181-моддасига асосан “Ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланди”, – дейилади расмий изоҳда.
Бироқ расмий муносабатда мақолада тилга олинган вилоятдаги бошқа яроқсиз мактаб ҳожатхоналари бўйича чора кўрилган ёки кўрилмагани очиқланмаган. Kun.uz манбасига кўра, бу борада ҳеч қандай ҳаракат ҳам қилинмаган, ўқувчилар абгор ҳожатхоналардан фойдаланишда давом этишмоқда.
Facebook фойдаланувчиларидан бири расмийлар Kun.uz мақоласида қайд этилган ҳолатларга эмас, фақатгина видеокамера ўрнатилган ҳожатхона юзасидан мажбуран изоҳ берилганини ёзмоқда.
“Kun.uz Самарқанд вилоятидаги турли мактаблардаги ҳожатхоналарнинг аянчли аҳволи акс этган мақола эълон қилганди. Мақолада Фахриддин Ҳотамов суратга олган ўнлаб расмлардан биттасини эълон қилгандим. Бир суратда 26-мактаб ҳожатхонасига камера ўрнатилгани акс этганди. ХТБдаги чаласаводлар эса Kun.uz мақоласи қолиб кетиб, менинг постимга расмий муносабат билдирибди. Директор ҳайфсан олганмиш гўёки. Қолган мактаблардаги расвоси чиқиб ётган ҳожатхоналар ҳақида лом-мим дейилмаган муносабатда. Чунки улар Kun.uz мақоласини ўқимаган-да ҳали. Менинг бир акам бор, ўша акам буларга постимнинг линкини ташлаб берган, булар мажбур муносабат билдирган”, – дейилади Фаррух Самарқандий номи билан қолдирилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, суриштирув материалида фақат Самарқанд вилоятидаги эмас, балки Андижон ҳамда Фарғонадаги мактаб ҳожатхоналари ҳақида ҳам маълумот берилган. Аммо бу борада ҳозирча вазирлик ҳам, ҳудудий бошқармалар ҳам расмий изоҳ бергани йўқ.
Мавзуга оид
11:44
Тошкент - Самарқанд йўналишида янги темирйўлнинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш бошланди
15:52 / 26.12.2024
Самарқандда “Turkish Airlines” авиакомпанияси экипаж аъзоси божхона назоратидан жанговар ўқ-дори олиб ўтишга уринди
07:35 / 26.12.2024
Бешта ҳудудда 16 кг гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди
09:09 / 20.12.2024