Жаҳон | 09:04 / 16.04.2023
31443
9 дақиқада ўқилади

Пентагон ҳужжатлари сиздирилиши: Жек Тейшейра ҳақида нималар маълум?

Фото: The Washington Post

АҚШ Миллий гвардияси ҳарбий-ҳаво кучлари разведка бўлимининг 21 ёшли ходими Жек Тейшейра Пентагон махфий ҳужжатларининг кенг миқёсда тарқалишига алоқадорликда гумонланиб, қўлга олинди. Пентагоннинг Украинадаги уруш ва бошқа миллий хавфсизлик масалаларига оид нозик мавзулардаги махфий ҳужжатлари очиқ манбаларга чиқиб кетиши, камида сўнгги ўн йилликдаги АҚШ разведкасидан энг катта маълумотлар сиздирилиши деб айтилмоқда.

Тейшейранинг дўстлари уни на сиёсий фаол, на маълумот тарқатувчи деб ҳисоблашини айтган. Нега унда нисбатан паст унвондаги учувчи ҳеч қандай аниқ мотивациясиз жуда қимматли ҳужжатларни интернетга юклаган?

Жек Тейшейра 21 ёшда, у Массачусетс штатидаги АҚШ Миллий гвардияси ҳарбий-ҳаво кучларининг 102 разведка бўлими ходими. У 2019 йилда гвардиячилар сафига қўшилган ва ўз фаолиятини кибертранспорт тизимлари бўйича кичик мутахассис сифатида бошлаган.

Тейшейра 2022 йил июл ойида 1-даражали учувчига айланган. Йигитнинг навбатдаги лавозим юқорилаши ҳақидаги хабар Массачусетс Миллий гвардияси ҳарбий-ҳаво кучларининг 102-разведка бўлимининг Facebook’даги расмий саҳифасида эълон қилинган.

Аммо ўз карьераси бошидаёқ Тейшейра махфий маълумотларга киришнинг юқори даражасига эга бўлганди, чунки у ҳарбий алоқа тармоқлари ва уларнинг ҳимоясини таъминлаш учун масъул бўлган IT-мутахассис эди.

Қурол ва халқаро сиёсатга муҳаббат

New York Times газетаси ёзишича, Тейшейра ишдан бўш вақтида 20-30 кишидан иборат Thug Shaker Central деб номланган кичик онлайн гуруҳни бошқарган. Бу гуруҳ аъзолари асосан қурол-яроғ ва онлайн мемларга бўлган қизиқиш асосида бирлашган ёшлар ва ўсмирлардан ташкил топган. Уларнинг баъзиларида ирқчилик руҳи ва видеоўйинларга қизиқиш ҳам катта бўлган.

Ушбу гуруҳ геймерлар орасида машҳур бўлган Discord платформасида тўпланган. Айнан шу платформага Пентагоннинг бир неча ўнлаб махфий ҳужжатлари жойлаштирилган. Тейшейра кўп йиллардан бери ушбу сайтдан фаол фойдаланиб келган ва бу ерда OG тахаллуси билан танилган.

Тейшер билан гаплашганларнинг баъзилари OG кўпинча АҚШнинг қаттиқ қўриқланадиган сирларини билишини айтиб мақтанганини гапирган.

Суҳбат иштирокчиларидан бири Тейшейрани ёш, харизматик қурол ишқибози сифатида тасвирлаган. Шубҳасиз, Жек гуруҳнинг аксарият аъзоларидан каттароқ бўлган ва уларни ҳайратда қолдиришга ҳаракат қилган.

The Guardian нашри билан суҳбатлашган, Thug Shaker Central гуруҳи аъзоларининг таъкидлашича, OG уларни халқаро сиёсат ва ҳукуматнинг яширин операцияларига қизиқтиришга ҳаракат қилган.

Массачусетс штати Бостон шаҳрида Тейшейра иши бўйича суд жараёни бошланган бино. Фото: EMPICS

«Бу йигит урушга қарши кайфиятдаги меҳрибон насронийга ўхшарди. У шунчаки дўстларига дунёда бўлаётган воқеалар ҳақида гапириб бермоқчи эди. Бизнинг даврамизда Украинада бўлганлар бор. Барчамизни ҳарбий стратегиялар ва отишма ўйинларига бўлган иштиёқ бирлаштирарди», дейди гуруҳ аъзоларидан бири.

Associated Press агентлиги ёзишича, гуруҳ аъзолари нафақат Украинадаги урушни муҳокама қилган, балки тез-тез биргаликда ибодат ҳам қилган.

Эҳтимол, Тейшейрани фақатгина халқаро сиёсат ва видеоўйинлар қизиқтирмаган: Washington Post нашри томонидан эълон қилинган видеода OG деб номланувчи эркак винтовка билан отиш полигонида тасвирга тушиб, камерага ирқчилик ва антисемитизм ҳақоратларини айтиб қичқирган.

Оммавий ахборот воситалари, шунингдек, Жек интернетда TheExcaliburEffect, jackdjdtex ва TexKilledYou каби турли тахаллуслардан фойдалангани ҳақида хабар берган.

Гуруҳ иштирокчиларининг сўзларига кўра, Тейшейра Thug Shaker Central онлайн гуруҳига махфий ҳужжатларни жойлаштира бошлаганида, ҳеч ким уларни ўқимаётгани ёки уларга изоҳ ёзмаётганидан жуда хафа бўлган.

Washington Post газетаси ёзишича, у ҳатто бир марта гуруҳга ғазабланган ҳолда хабар юбориб, онлайн дўстларини махфий ҳужжатлардан кўра YouTube видеоларига кўпроқ қизиқаётгани учун танқид қилган.

«У аччиқланди ва ‘агар сизлар бу файлларни эътиборсиз қолдиришда давом этсангиз, мен уларни юклашни тўхтатаманʼ, деб қайта-қайта айтди», дейди гуруҳ аъзоларидан бири нашрга.

«Безори эмас, жуда хотиржам»

Тейшейранинг оиласи ҳарбийлар билан боғлиқ: унинг ўгай отаси 34 йил армияда хизмат қилган. Жекнинг дўстлари айтишича, йигит болалигиданоқ қуролли кучларга қўшилишни хоҳлаган. Жекнинг онаси ҳам илгари фахрийларга ёрдам берадиган нотижорат ташкилотларида ишлаган.

The Guardian нашри ёзишича, Тейшейранинг онаси Дон ҳозирда Bayberry Farm and Flower Co деб номланган гул дўконига эга. Дўкон Массачусетс штатидаги Дайтон шаҳрида жойлашган бўлиб, Тейшейра ҳам шу шаҳарда яшаган. Дўкон Дон ва Том Дюфога тегишли, аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари шуни кўрсатадики, Дон Дюфонинг олдинги фамилияси Тейшейра бўлган.

The Guardian нашри дўкон рақамига қўнғироқ қилган, лекин автоматик жавоб берувчи дўкон бу ҳафта ишламаслигини айтган.

Дўконнинг Facebook’даги саҳифасида 2021 йил июн ойида Жек Тейшейра номи тилга олинган. «Жек бугун уйга келмоқда. У техник мактабни тугатди ва Миллий ҳаво гвардиясида иш бошлашга тайёр!» дея ёзилган ҳаво шари фотосурати илова қилинган постга. Расмдаги ҳаво шарига эса «Уйга хуш келибсан» ёзуви туширилган.

NYT журналистлари Тейшейранинг онаси билан боғланишга муваффақ бўлган ва она ўғлининг Миллий ҳаво гвардиясида хизмат қилишини тасдиқлаган. Шунингдек, у ўғли сўнгги пайтларда Кейп-Коддаги базада тунги сменада ишлагани ва телефон рақамини ўзгартирганини қўшимча қилган.

Дайтон — Бостондан жанубда, бир соатлик йўлда жойлашган 8 минг киши истиқомат қилувчи кичик шаҳарча. Жек шу шаҳарчадаги маҳаллий мактабда ўқиган.

Тейшейра билан бирга мактабга борган 22 ёшли Эдди Соуза Reuters агентлигига, унинг собиқ синфдоши махфий маълумотларни ўғирлаш ва сизиб чиқаришда гумонланувчи сифатида қўлган олинганидан ҳайратда эканлигини айтган.

«У яхши одам, безори эмас, аксинча жуда хотиржам. Буларнинг барчаси муваффақиятсиз болалар ўйинига ўхшайди», дейди Соуза.

Оиланинг қўшнилари айтишича, Жек доимо видеоўйинлар ўйнаб юрган.

Махфий маълумотларга кириш ҳуқуқи

АҚШ ҳукумати судга тақдим этган айблов хулосасида айтилишича, 2021 йилдан бери Миллий ҳаво гвардиясида хизмат қилаётган Жек Тейшейра анча вақтдан бери ўта махфий ҳужжатларга кириш ҳуқуқига эга бўлган.

14 апрел куни Тейшейра Пентагоннинг махфий маълумотларини ошкор қилганликда айбланиб, Бостондаги судда қатнашди.

2022 йилнинг феврал ойида Тейшейра биринчи тоифали авиациячи сафдор унвонига кўтарилган.

АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) махсус агенти Патрика Люкенҳоффнинг кўрсатмасига кўра, Тейшейра ўз хизмат тури сабаб хизмат маълумотларни умрбод ошкор этмаслик ва тасдиқламаслик тўғрисидаги шартномани имзолаши керак бўлган. У махфий ахборотни рухсатсиз тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик борлигини билган.

Махфий ҳужжатларнинг айланишини назорат қилувчи АҚШ давлат идораси 2023 йил февралида Тейшейра, бу ҳужжатлар интернетда жойлаштирилишидан бир кун аввал, камида битта шундай ҳужжатга кириш ҳуқуқини қўлга киритганини аниқлаган.

Шунингдек, тергов ҳужжатларидан маълум бўлишича, гумонланувчи апрел ойи бошида ўз иш компьютери орқали махфий разведка ҳисоботлари ва «сиздириш» сўзи ёзилган қидириш сўровларини юборган.

Махфий ҳужжатлар сизиб чиққани ҳақидаги биринчи хабарлар пайдо бўлгандан сўнг Тейшейра дарҳол худди шу сўровлар билан яна қидирув берган.

Ҳукумат, шунингдек, гумонланувчи Тейшейра разведка маълумотлари сизиб чиқишида ким гумон қилинаётганини билиш учун махфий ҳисоботларни титкилаганини ҳам маълум қилган.

Тейшейра ўзини қўлга олишга келган махсус топшириқли бўлинма жангчиларига ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаган. Фото: Reuters

Жек Тейшейра 13 апрел куни ФҚБ томонидан Дайтондаги оиласининг уйида ҳибсга олинган. Шорти ва футболка кийган Тейшейрани қуролланган агентлар олиб кетган. АҚШ бош прокурори Меррик Ҳарланднинг айтишича, гумонланувчи қаршилик кўрсатмаган ва сизиб чиққан маълумотлар ёки ўзининг мақсадлари ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.

Эртаси куни Тейшейра, унга нисбатан Украинадаги уруш ва АҚШ миллий хавфсизлигига оид бошқа масалалар бўйича ўта махфий ҳарбий ҳужжатлар ошкор этиш айби илгари сурилиши муносабати билан судга келтирилди.

Мавзуга оид