Пентагон ҳужжатлари: 21 ёшли ходим қандай қилиб давлат сирларига кириш ҳуқуқига эга бўлган?
BBC нашри 21 ёшли захирадаги кичик офицер қандай қилиб АҚШнинг ўта махфий ҳужжатларига кириш ҳуқуқига эга бўлганини текширган.
Махфий разведка маълумотларига кириш ҳуқуқига эга бўлиш аслида одамлар ўйлаганидек камёб ҳодиса эмас.
14 апрел куни судда айбланувчи сифатида иштирок этган Жек Тейшейра АҚШ Миллий гвaрдиясининг ҳарбий-ҳаво қўшинларида кибертранспорт тизимлари ходими бўлиб ишлаган (қўшимча тавсифга кўра, унинг вазифалари алоқа тизимларини техник қўллаб-қувватлаш билан чекланган).
АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари веб-сайтидаги тегишли вакансия тавсифида Тейшейранинг лавозимига қўйиладиган минимал талаблар кўрсатилган.
Талаблар орасида тўлиқ ўрта таълим маълумотига эга бўлиш ва кенг қамровли таржимайи ҳол текширувидан ўтиш бандлари мавжуд.
Мутахассислар таъкидлашича, бу текширув етарлича чуқур амалга оширилади. Текширув доирасида номзоднинг таълим даражаси, молиявий тарихи ва алоқалари ўрганилади, шунингдек, уни таниган одамлар билан суҳбат ўтказилади.
Ва юқори даражадаги махфий маълумотларга кириш ҳуқуқига эга бўлиш ҳатто 21 ёшли ходим учун ҳам мутлақ мумкин бўлган иш.
«Унинг ёшидаги одамлар учун махфий маълумотларга кириш ҳуқуқига эга бўлиш – одатий ҳол», дейди Янги Америка хавфсизлиги таҳлил марказининг «Технология ва миллий хавфсизлик» дастури тадқиқотчиси Александр Сеймур.
АҚШ мудофаа вазирлиги статистик маълумотларига кўра, мамлакат армиясидаги фаол ҳарбий хизматчиларнинг тахминан ярми 25 ёш ёки ундан кичик ёшдагилардир.
Тейшейранинг хизмат вазифалари тафсилотлари ҳали тўлиқ аниқ бўлмаса-да, Сеймурнинг фикрича, унинг иши катта миқдордаги разведка ҳужжатларига киришни талаб қилган.
«Одатда Тейшейранинг даражасидаги ходимлар юқори мартабали раҳбарларга ёрдам беради ва агар у юқори лавозимли раҳбарлар ёки брифинглар учун материаллар тайёрлаган бўлса, демак унда бу маълумотларга кириш зарурати бўлган», дейди Сеймур.
11 сентябр воқеаларидан кейин маълумотлар сиздирилиши кўпайган бўлиши мумкин
Лондондаги Брунел университети разведка ва хавфсизлик бўйича катта ўқитувчиси Ден Ломаснинг айтишича, АҚШ ҳарбий ва разведка идораларида бир неча минглаб одамлар шунга ўхшаш даражадаги махфий маълумотларга кириш ҳуқуқига эга.
«Бунинг бир қисми таҳлилларда фойдаланиш учун имкон қадар кўпроқ маълумотга эга бўлиш истаги билан боғлиқ. Ва бу истак сиз сиздирилиши мумкин бўлган маълумотларга потенциал равишда кириш ҳуқуқини очишингизни англатади», дейди Ломас.
Унинг сўзларига кўра, бу амалиёт 2001 йил 11 сентябрда Нью-Йорк ва Вашингтонда содир этилган терактлардан сўнг бошланган. Ўшанда ҳукумат текширувлари давомида аниқланган асосий камчиликлардан бири – АҚШнинг турли давлат идоралари ўртасида ўзаро разведка маълумотлари алмашинуви йўқлиги эди.
Тейшейра қандай қилиб махфий ҳужжатларни чоп этиб, уларни электрон ёки қоғоз шаклида ҳарбий базадан олиб чиқиб кета олгани – номаълум. Аммо Ломаснинг қайд этишича, аввалроқ Эдвард Сноуден ва Челси Меннинг томонидан содир этилган махфийлик тизимини бузиш ҳолатлари хавфсизлик кўрсатмаларига ҳар доим ҳам қатъий риоя қилинмаслигини кўрсатади.
Миллий хавфсизлик масалалари бўйича ҳуқуқшунос Марк Зайид BBC нашрига айтишича, Тейшейра ўз хизмат тури табиатига кўра, Бирлашган бутунжаҳон разведка алоқалари тизимига кириш ҳуқуқига эга бўлган. Ҳуқуқшунос бу тизимни АҚШ разведка хизматларида сақланувчи «маълумотлар кутубхонаси» деб атаган.
Жиноят иши материалларига кўра, Тейшейра камида бир неча марта махфий терминалларда ишлаган. Логлардан шу нарса аниқки, Тейшейра ўтган ҳафта, ҳужжатлар биринчи марта омма эътиборига тушган пайтда, тизимдан «сиздириш» сўзини қидирган.
Тизимдаги бўшлиқлар
13 апрел куни АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин разведка маълумотларига кириш ҳуқуқи бўйича текширув ўтказилишини эълон қилди. Матбуот учун брифинг чоғида вазир «АҚШнинг ҳар бир ҳарбий хизматчиси, мудофаа вазирлигининг фуқаролик ходими ва махфий маълумотларга кириш ҳуқуқига эга бўлган пудратчилари махфий маълумотларни ҳимоя қилишнинг тантанали ҳуқуқий ва маънавий мажбуриятини ҳамда ҳар қандай шубҳали ҳаракат ёки белгилар ҳақида хабар бериш бурчини ўз зиммасига олиши»ни маълум қилди.
Бироқ, Ломаснинг фикрича, АҚШ разведка ҳамжамиятини қийин кунлар кутмоқда. Чунки янги чекловлар идоралар ўртасидаги ахборот алмашинувини камайтиради.
«Ахборотларга кириш ҳуқуқига нисбатан кучлироқ чекловлар қўйилиши анъанавий турдаги қаттиқ “билиш зарурати” тамойилларига ўтишни англатади», дейди у.
АҚШнинг НАТОдаги собиқ элчиси Курт Уолкернинг айтишича, АҚШ сиёсатчилари ҳали ҳам разведка маълумотлари юқори мартабали амалдорлар қўлида бўлишини маъқуллайди.
«Маълумотларни (идоралараро) тарқатиш керак, лекин буни ақл билан қилиш керак. Ҳаммага маълумотларга доимий кириш ҳуқуқни бергандан кўра, бошқа ақллироқ йўлни излаб топиш лозим», дейди Уолкер BBCнашрига.
«Ва бир ҳисобдан, разведка тизими маълумотлар билан ишлайдиган одамларга боғлиқ», дейди Сеймур.
«Агар маълумотларга кириш чекланса, биз одамларга махфий маълумотлар билан ишлашни қандай ўргатишимиз кераклиги ҳақида савол туғилади. Бу эса тизимда ўрганилиши керак бўлган бўшлиқлар борлигини очиб беради... лекин шунингдек, сиз бу одамларга қўрқув билан эмас, виждонан ишлаш кераклигини кўрсатишингиз мумкин бўлган ишонч даражаси ҳам бор», дейди Сеймур.
Федерал қидирув бюроси агенти томонидан тақдим этилган ҳужжатда айтилишича, Тейшейра ўз лавозимини эгаллаш учун «маълумотларни бир умр ошкор қилмаслик тўғрисидаги шартнома»ни имзолаши керак бўлган ва у махфий маълумотларни ошкор қилиш жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкинлигини тушунган. Унга ҳозир айнан мана шу асос билан жиноий иш қўзғатилган.
Мавзуга оид
08:05 / 26.12.2024
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
13:22 / 13.11.2024
Пентагон ҳужжатларини ошкор этишда айбланган шахс 15 йилга қамалди
07:56 / 13.11.2024
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
20:42 / 09.11.2024