Путиннинг мухолифларидан бири 25 йилга қамалди. Кара-Мурза ҳукуматга қандай хавф туғдирганди?
Москва шаҳар суди сиёсатчи ва публицист Владимир Кара-Мурзани 25 йилга озодликдан маҳрум этди. Унга қарши Россия армияси ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш, «исталмаган ташкилотлар» билан ҳамкорлик қилиш ва давлатга хиёнат айбловлари қўйилганди.
Оммавий чиқишлар учун давлатга хиёнат айблови
«Ҳали юртимизни қоплаган зулмат чекинади, оқни оқ, қорани қора дейдиган, урушни уруш, зўравонни зўравон дейдиган кун келади. Икки карра икки тўрт экани расман тан олинади. Ҳали урушни бошлаганлар жиноятчи деб аталади, уни тўхтатишга уринганлар эмас», деди Кара-Мурза ҳукм олдидан берилган сўнгги сўзида. Сиёсатчи бу гапларини омма олдида эмас, судя ва прокурор олдида гапира олди, холос. Чунки суд мажлиси кузатувчи ва журналистлар учун ёпиқ кўринишда ўтказилди.
«Ёпиқлик ва дискриминация борасида менинг судим 1960-70-йиллардаги совет диссидентларининг «суди»ни ҳам доғда қолдирди», деди Кара-Мурза судда.
Суд жамоатчиликдан ёпиқ тарзда ўтказилганига сиёсатчи давлатга хиёнатда айбланаётгани сабаб қилиб келтирилди. Аммо жараёнда ёпиқ маълумотлар кўриб чиқилмаган. Уни давлатга хиёнатда айблашнинг ўзи мантиқсизлик эди, чунки сиёсатчи ҳеч қандай махфий маълумотга эга бўлмаган ёки ошкор қилмаган, шунчаки АҚШ ва Европадаги чиқишлари учун давлатга хиёнатда айбланган.
Кара-Мурза бу чиқишларида сиёсий мотивдаги «давлат террори», сайловдаги сохталаштириш, Россиядаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида гапирганди. Шунингдек, Россияни Украинага қарши уруш очган агрессор-давлат деб атаган. Айблов хулосасига кўра, Кара-Мурза бу чиқишлари орқали Россия ташқи хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига хавф юзага келтирган.
Терговга кўра, Кара-Мурза сиёсий маҳбус Юрий Дмитриевга Ҳелсинки қўмитасининг мукофотини топшириш маросимида сўзга чиқиш орқали «худбинлик қилиб» Россияга зарар етказган. Журналистлар бу кимдир оммавий маросимда сўзга чиққани учун давлатга хиёнатда айбланган илк ҳолат эканига эътибор қаратди.
Сиёсатчининг яқинларини унга қўйилган айблов ажаблантирмаган. «Володяга эртами-кечми давлатга хиёнат айблови қўйиларди, чунки ҳозирги ҳукумат бутун мамлакат фақат ўзидан иборат деб ҳисоблайди. Уларнинг манфаатлари хавф остида қолса, демократик давлатларга боргани қўйишмаса, пуллари музлатилса, улар бундан мамлакат зарар кўрмоқда деб ҳисоблашади», деган Кара-Мурзанинг рафиқаси Евгения BBC билан суҳбатда.
Давлатга хиёнат Кара-Мурзага қарши қўйилган энг оғир, лекин ягона айблов эмас. Унга қарши Россия армиясига қарши «фейк» тарқатиш (бу ҳам оммавий чиқишлари учун) ва Россияда «хушланмайдиган» деб топилган Free Russia Foundation ташкилоти билан ҳамкорлик айблови ҳам қўйилган. Россияда бу ташкилот 2019 йилда «хушланмайдиган» деб топилган. Айбловга кўра, Кара-Мурза 2021 йилда бу ташкилот пулига Сахаров марказида сиёсий маҳбуслар мавзусида анъанавий анжуман ўтказган.
«Бу тўғридан тўғри қасос»
Владимир Кара-Мурза қамоқда бўлган вақтидаёқ инсон ҳуқуқлари йўналишида Вацлав Гавел мукофоти, Аксел Шпрингер мукофоти ва Женева UN Watch нодавлат ташкилоти мукофотларини қўлга киритди.
«Бутун демократик дунё уни Вацлав Гавел мукофотига муносиб ва виждон асири деб ҳисоблайди. Россия ҳукумати эса уни ватан хоини ва чет эл агенти деб гавдалантирди», дейди сиёсатчининг турмуш ўртоғи.
Кара-Мурзанинг адвокати Прохоровнинг сўзларига кўра, ишни олиб борган судя Сергей Подопригоров ҳамда прокурор Борис Локтионов унга ёпиқ суд мажлиси ҳақида журналистларга ҳеч нарса айтмасликни таъкидлаб, таҳдид ҳам қилган. «Худди кўча безорилари аввал одамни уриб, кейин «ҳеч кимга гуллаб қўйма» дейишганидек. Бу очиқчасига манфаатлар тўқнашуви», дейди адвокат.
Кара-Мурзанинг рафиқаси эса бу манфаатлар тўқнашуви эмас, очиқчасига қасос эканини таъкидлайди.
«Магнитский рўйхати»
2012 йил Кара-Мурза «Магнитский акти» қабул қилинишига эришиш орқали Россия ҳукуматига жиддий зарба берган эди. Бу унинг сиёсатчи сифатидаги энг жиддий ютуғи ҳисобланади.
Владимир Кара-Мурза 16 ёшигача – токи ота-онаси уни Англияга юборгунига қадар Москвадаги мактабда ўқиган. Кембрижни тарихчилик йўналишида тамомлаган. Россияга қайтгач эса отаси Владимир Кара-Мурза каби журналистика йўналишидан боради.
У 19 ёшида «Новие Известия» газетасида мухбир бўлиб ишлаётган вақтида мухолифатчи Борис Немцовдан интервю олади. Бу интервю ёш мухбирда унинг келажагига ҳам таъсир қилган таассурот қолдирганди. Кўп ўтмай Кара-Мурза сиёсат оламига ҳам кириб боради. 2000 йилда Россия Давлат думасининг учинчи чақирувида 19 ёшли Владимир Кара-Мурза Борис Немцовнинг маслаҳатчиси бўлади. Бир неча йил ўтиб эса айнан Немцов ҳамда Кара-Мурза «Магнитский рўйхати»ни шакллантира бошлашади.
Аудитор Сергей Магнитский 2009 йил Россиядаги вақтинчалик маҳбуслар сақланувчи қамоқхонада вафот этади. У тириклик вақтида Россия кучишлатар тузилмаларининг давлат бюджетидан жуда катта миқдордаги пулларни ўмариш тизимини фош этганди. Аммо Россия ҳукумати унинг суриштирувида келтирилган фактларни ўрганмайди, аксинча аудиторнинг ўзи ҳибсга олинади. Қамоқхонада эса Магнитский тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги оқибатида жон беради.
«У вақтда ҳеч ким аниқ кимдир санкцияга тушишига ишонмасди», дейди Кара-Мурзанинг дўсти ва собиқ депутат Дмитрий Гудков «Магнитский рўйхати» тузилган йилларни эслар экан. Мухолифатчилар бутун мамлакатга қарши эмас, айнан муайян шахсларга қарши санкция қўллаш кераклиги ҳақидаги фикрни қайсарлик билан ҳимоя қилишарди. Кара-Мурзанинг фикрича, Россияда инсон ҳуқуқларининг оддий талабларини бажармайдиган, лекин ўзлари Ғарб давлатларининг имтиёзларидан фойдаланиб юрадиган одамлар санкцияга тушиши керак эди.
Ўша вақтларда Кара-Мурза бир неча йилдан буён АҚШда яшаётган ва RTVI телеканали («НТВ»нинг халқаро версияси) учун ишлаётганди. Инглиз тилини жуда яхши билгани ва танишлари кўплиги сиёсатчининг ўз мақсадларига эришишига ёрдам беради. 2012 йилга келиб Конгресс «Магнитский рўйхати» тўғрисидаги қонунни қабул қилади. Айнан ўша қонунга кўра ҳар қандай россиялик мансабдорни АҚШга кириш ҳуқуқидан маҳрум этиш, ҳисоб-рақамларини музлатиш ва чет элдаги кўчмас мулкларидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш мумкин эди.
«Россиянинг бунга жавоби аҳмоқона «пасткашлар қонуни» бўлди. Кўпчилик «Магнитский рўйхати» ҳақида қонун оғриқли қабул қилингани ҳақида гапирди. Аввалига Магнитскийни ўлдирган бандитларга кириш тақиқланиши кутилган, кейин эса рўйхатга турли инсонларни қўшиш мумкин эди. Албатта, бу ҳолат элитанинг жиғига теккан. Ҳамма қачондир қасос олишларини тушуниб турганди», дея эслайди Кара-Мурзанинг дўсти Гудков.
Кара-Мурза АҚШ фуқароларига россиялик етим болаларни асраб олишни тақиқловчи «пасткашлар қонуни»га қарши намойишларда қатнашади. У 2011-12 йилларда Болотная майдонида ўтган машҳур намойишларда ҳам фаол бўлган. РПР-ПАРНАС либерал партиясининг федерал сиёсий кенгаши сафига киради, мухолифат етакчилари сафига ҳам сайланган. Айнан ўша вақтда RTVI телеканали уни ишдан бўшатади. Борис Немцовнинг айтишича, Кара-Мурзани Россия президенти девони раҳбарининг биринчи ўринбосари Алексей Громовнинг топшириғи билан ишдан бўшатишади. Кара-Мурза бошқа жойга журналист сифатида ишга кира олмайди ва зўр бериб сиёсат билан шуғуллана бошлайди.
«Володя доим таваккал билан яшарди»
Борис Немцов ўлдирилганидан кейин Кара-Мурза бошқа мамлакатлардаги (хусусан, АҚШдаги) Россия элчихонаси жойлашган кўчалар номини Немцов номига ўзгартиришга эришади. Собиқ депутат Гудковнинг фикрича, бу нарса Россия ҳукумати вакилларининг жаҳлини чиқаради.
Владимир Кара-Мурза Россиянинг Украинага босқинини қоралаган ҳолда уруш бошланганидан кейин ҳам Россияга боришни канда қилмайди. 2022 йил апрел ойида шундай ташрифлардан бири вақтида қамоққа олинади.
«Фейсбукда унга чет элда туриб олиб жим бўлгани ҳақида ёзишар, Владимир эса бундан ўзини ноқулай ҳис қиларди. Мен унга қарши ФСБ конкрет режа асосида ишлаётгани ҳақида кўп айтардим. Володя доим таваккал чегарасида юрарди. Барчаси «Магнитский рўйхати» билан боғлиқ. Кўпчиликда ундан қасос олиш истаги жуда кучли эди», дейди Кара-Мурзанинг дўсти Гудков.
Собиқ депутатнинг ўзи ҳам 2021 йилда Россияни тарк этишга мажбур бўлади. Аммо улар АҚШда бўлиб туриб ҳам кўриша олишмайди. «Албатта кўришамиз ва уни қайтмасликка кўндира оламан деб ўйлагандим, аммо барибир кўриша олмадик», дейди Гудков.
Сиёсатчининг турмуш ўртоғи у одамларни чет элда, хавфсиз жойда турган ҳолда Россиядаги тузумга қарши курашишга чорлашига виждони йўл қўймаганини айтади. «У курашаётганларнинг ёнида туришни истарди, мана шунақа одам... Ҳозир уруш бошланганидан кейин қийин бўлди, деяпмиз. Лекин уруш ўтган йил февралда эмас, 2014 йил бошланганди. Немцовни ҳам 2015 йил ўлдиришганди, Магнитскийни 2009 йил ўлгунича қийнашди. Биргина «Новая газета»нинг 5-6 нафар журналисти ҳалок бўлди, улар сиёсий қотилликлар қурбони бўлишди. Ҳаммаси мана шу 23 йил ичида бўлиб кетди. Володяни ҳам 2015 ва 2017 йилда ўлдирмоқчи бўлишганди», деб эслайди Евгения Кара-Мурза.
Ҳукумат қасоси
Кара-Мурзанинг хотини ҳукумат ундан қасос олди деб бежиз гапирмаяпти. Чунки сиёсатчи икки марта заҳарланганди. Кара-Мурза бу махсус хизматларнинг иши бўлганига шубҳа қилмайди.
Икки марта ҳам сиёсатчини кейинчалик Коммунаркадаги касалхона бош шифокори бўлган Денис Пороценко қутқариб қолганди. Бу шифокорда Путин билан учрашганидан бир ҳафта ўтиб коронавирус аниқланган ва шундан кейин машҳур бўлиб кетган эди. Икки сафар ҳам сиёсатчининг дўстлари бу шунчаки заҳарланиш эмас, суиқасдга уриниш эканини тушуниб етишган.
«Иккинчи уриниш Володя меникида меҳмон бўлганининг эртасига кузатилди. Ўшанда менинг туғилган кунимни нишонлагандик, вино ичдик, пишлоқ едик. Эртаси куни яна учрашишимиз керак эди. Унга ёздим ва соатлаб жавоб олмадим. Бошида у учрашгиси келмаяпти деб ўйладим, кейин эса янгиликлардан заҳарланиш билан касалхонага тушиб қолганини ўқидим. Кейин балки бизникида нимадир еб қўйиб, саломатлигида муаммо пайдо бўлгандир деб ўйладим», деб эслайди сиёсатчининг дўсти Гудков.
Заҳарланиш асаб тизими билан боғлиқ муаммо келтириб чиқаради. Кара-Мурза узоқ вақт чап қўли ва оёғини сезмай, таёқда юради. «Шифокорлар бунақаси яна такрорланса, бу охиргиси бўлишини айтишган», деганди Кара-Мурза бу воқеани эслар экан.
Охирги заҳарланиш қамоқхонадалик вақтида ҳам ўз асоратларини кўрсатади. Сиёсатчи очиқда юрганида жуда фаол ҳаёт тарзи кечиргани сабабли заҳарланиш асоратларини енгишга муваффақ бўлади. Аммо қамоқхонада касаллик асоратлари кескинлашади. Сиёсатчи ҳозирда икки товонини ҳам сезмаяпти, чап қўли ҳам аста-секин сезувчанликни йўқота бошлаган. Етмаганига Кара-Мурза қамоқхонада 22 килога озиб кетган.
Россия Жазони ижро этиш хизмати бош шифокори Кара-Мурзага полинейропатия, яъни асаб толаларининг шикастланиши ташхисини қўяди. Бу ташхис сиёсатчининг адвокати талаби билан ўтказилган фуқаролик касалхонасидаги таҳлилларда ҳам ўз исботини топади. Полинейропатияга учраган беморлар эса Россия қонунларига кўра тутқунликда сақланмаслиги керак. Аммо суд бу фактга эътибор бермаган.
Бунга ажабланмаса ҳам бўлади, чунки Кара-Мурза устидан суд иши бир вақтлар касал ҳолатдаги Магнитскийни қамоқда ушлаб туриш вақтини чўзган судя Подопригоров томонидан кўрилди.
Кара-Мурза сақланаётган қамоқхонани эса «Магнитский рўйхати»дан ўрин олган Дмитрий Камнов бошқаради. Бу инсон ўз вақтида Магнитскийнинг ўлиги чиққан қамоқхонага ҳам раҳбарлик қилган. Бугун у бошқараётган қамоқхонада «Магнитский рўйхати»ни тузган одам тиббий ёрдамсиз ўтирибди.
«Диванда ўтириб ўзини аяш – ҳашаматдир»
Владимир ва Евгения Кара-Мурзанинг уч нафар фарзанди бор. Улар 11 ёшдан 17 ёшгача ва барчаси АҚШда яшайди. Болалар отасини ўтган йил апрел ойидан буён кўргани йўқ. Унга телефон қилиш ҳам тақиқланган. Сиёсатчи болалари билан телефонда гаплашиш учун жуда кўп ҳаракат қилиб, хатлар ёзади, лекин унинг устидан кулгандек Рождество куни «Болалар билан телефонда гаплашиш жиноят ишига салбий таъсир қилади» деб жавоб беришади.
Сиёсатчининг фарзандлари ҳам отасининг ҳаёт тарзига ўрганиб қолишган. Евгениянинг айтишича, у қамоқхонада туриб ҳам фарзандларига ўрнак бўладиган ҳаёт кечирмоқда. Кара-Мурзанинг 11 ёшли ўғли худди Мария Москалева (бунинг учун унинг отаси қамоққа олинди) каби урушга қарши суратлар чизади. Сиёсатчининг 14 ёшли қизи эса мактабдаги якуний назоратда Россиядаги сиёсий маҳбуслар ҳақида иншо ёзишга қарор қилган.
Евгения Кара-Мурза ўзи ҳақида гапирар экан таслим бўлмаслик керак деб ҳисоблайди.
«Ҳозирги ҳолатда диванда ўтириб ўзимга ачиниш ҳашаматга ўхшайди. Ахир Украинада агрессив уруш фалокатли ҳуманитар ҳолатни юзага келтирган, Россиядаги репрессия юзлаб одамларни қийнамоқда», деган у. Унинг мақсади эри бошлаган ишни давом эттириб, Россия элитасига қарши санкция қўлланишига эришиш ҳамда Россиядаги сиёсий маҳбусларга ёрдам бериш.
«Россия ўзи ва дунё учун хавфли бўлмаслигининг биргина йўли бор – демократик давлатга айланиши. Володя, Алексей Горинов, Иля Яшин, Евгений Ройзман, Алексей Навалний, Андрей Пивоваров ва улар каби юзлаб ҳаётини хатарга қўйиб исён қилган инсонлар яшасагина Россия демократик давлатга айлана олади», деган Евгения Кара-Мурза.
Мавзуга оид
10:35 / 18.12.2024
Кара-Мурзанинг онаси заҳарланиш аломатлари билан Charité'га ётқизилди
23:51 / 12.11.2024
Беларуслик сиёсий маҳбус Мария Колесникова 1,5 йил деганда отаси билан учрашди
11:53 / 04.09.2024
Олаф Шолц Владимир Кара-Мурза билан учрашди
21:55 / 16.08.2024