Жаҳон | 19:05 / 18.04.2023
30909
6 дақиқада ўқилади

Украинанинг қарши ҳужуми санаси, «Қақнус зарбаси» ва об-ҳаво прогнози: Пентагон ҳужжатларидан янги муждалар

Американинг Newsweek журнали Пентагондан сиздирилган махфий ҳужжатларнинг янги шарҳини чоп этди. Унда Украинанинг қарши ҳужумни бошлаш санаси аниқ кўрсатилган.

Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA

Newsweek журналистлари айтишича, улар 40 дан ортиқ махфий разведка ҳужжатлари билан танишиб чиққан, улардан йигирматаси биринчи марта нашр этилмоқда.

Ҳужжатлардаги маълумотлардан қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:

— Россия армияси амалда бир жойда тўхтаб қолмоқда. Россияликларнинг асосий кучлари жамланган Бахмут ҳудудидаги олдинги силжиш ўтган йилнинг июл ойидан буён ойига 2,7 километрни ташкил этяпти;

— Бахмут атрофидаги жангларда қатнашаётган ёлланма жангчилар сони мунтазам армия аскарлари сонидан сезиларли даражада кўп. АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, «Вагнер»нинг 22 минг жангчиси Бахмутдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган кучларнинг 70 фоизини ташкил қилади;

— Ҳужжатлардан бирида таъкидланишича, Россия АҚШ ва НАТОнинг разведка ҳаракатларига «реакция кўрсатган», шунинг учун разведкани давом эттиришдан маъно бор ёки йўқлигини ўрганиш лозим;

— Яна бир қанча ҳужжатларда 30 апрелга режалаштирилган Украина қарши ҳужуми олдидан Киевга қурол-яроғ етказиб бериш ҳақида сўз боради.

Украинанинг 30 апрел куни бошланадиган эҳтимолий қарши ҳужумидан олдин Украинага юбориладиган ҳарбий ёрдам тўғрисида батафсил маълумот. «Махфий» муҳри қўйилган ҳужжат «АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Украина қуролли кучларининг жанговар қудратини ошириш» деб номланади ва унда 2023 йил 28 феврал санаси акс этган. Фото: Newsweek

Ушбу ҳужжатларнинг барчаси Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитасининг разведка бошқармаси томонидан тайёрланган ва 27 февралдан 1 мартгача бўлган кунлик брифинглар учун асос бўлган. Уларнинг аҳамияти турлича баҳоланади, аммо улар, шубҳасиз, АҚШ разведкасининг уруш ҳаракатларига нисбатан қарашларини акс эттиради.

«Гарчи Бахмут яқинидаги «Вагнер» ёлланма аскарларининг улуши ҳақидаги маълумотлар катта қизиқиш уйғотса-да, ундан ҳам муҳимроқ ахборот, «қурол етказиб бериш» 2023 йил 30 апрелига режалаштирилган «баҳорги ҳужум» билан якунланиши ҳақидаги маълумотдир», деб ёзади Newsweek нашри.

Ҳужумдан олдин тўққизта бригаданинг жанговар кучи сезиларли даражада оширилади.

«Тўққизта бригада учун зарур бўлган техниканинг умумий миқдорини — 253 та танк, 381 та пиёдалар жанговар машинаси, 480 та автомобил, 147 та артиллерия қуроли, шунингдек АҚШнинг HMMWV русумли 571 та зирҳли машинаси ташкил этади», дейилади ҳужжатда.

Қарши ҳужум АҚШ ва иттифоқчилар томонидан қайта жиҳозланган, тўққизта бригададан иборат 10-Украина оператив корпуси томонидан амалга оширилади. Шунингдек, «тўлиқ Украинанинг ўзи томонидан қуроллантирилган» учта қўшимча бригада ҳам ҳаракатларга қўшилади.

Яна бир қизиқ жиҳат шундаки, бу ҳужжат ўша пайтда ҳали НАТО аъзоси бўлмаган Финландия учун «потенциал очиқ» деб классификацияланган, аммо иттифоққа қўшилишга ҳали нисбатан узоқроқ бўлган Швеция учун эса бундай имконият яратилмаган.

Украинлар танки Бахмут яқинида. Фото: Getty Images

Newsweek ўзи қўлга киритган барча ҳужжатлар таҳлилига батафсил тўхталиб ўтади.

Улар орасидан қуйидагилар кўпроқ қизиқиш уйғотади:

«Россия-Украина, 1 мартдаги уруш ҳолати» ҳисоботидан.

Украина Беларусда қўпорувчилик операциясини амалга оширган, украиналиклар у ерда, кўринишидан, «буйруқларга бўйсунмаган» ва Россиянинг узоқ масофадаги радарлар ва нишонларни аниқловчи самолётига кичик дрон билан ҳужум қилган.

Ушбу ҳужжатда, шунингдек, Украина ҳудудидаги рус батальон гуруҳларининг 23 фоизи (474 ​​тадан 110 таси) «жанговар қобилиятга эга эмаслиги» ҳамда мунтазам армиянинг 166 та батальонидан 72 таси (43 фоизи) жанговар тайёргарликка эга эмаслиги айтилган. Россия берган қурбонлар сони 35 500 дан 43 500 гача, Украинаники эса 16 мингдан 17 минггача баҳоланган.

«Россия/Украина, Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитасининг кунлик янгиланиши, 2023 йил 28 февраль»

Ушбу ҳужжатда айтилишича, Украинада махсус операцион кучларининг 97 нафар вакили бор, улардан 14 нафари америкалик, ярмидан кўпи эса британияликлардир.

Ҳужжатда, шунингдек, Украина махсус кучлари учун Франция, Германия ва Нидерландия ўтказилаётган, авваллари номаълум бўлган «Қақнус зарбаси» машғулотлари ҳам тилга олинади.

2023 йил 22 февралдаги, «Россия-Украина, ‘Донбасс учун жанг катта эҳтимол билан, 2023 йил давомида боши берк кўчага кириб қоладиʼ» номли таҳлилий прогноздан.

Ушбу ҳужжат фронтдаги вазиятнинг умумий кўринишини ўз ичига олади. Ҳужжатда айтилишича, 2022 йил апрелидан «Россиянинг қуруқликдаги қўшинлари, Донбассдаги айирмачи кучлар ва Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари ҳар кунги артиллерия зарбалари ва ҳаво ҳужумлари, шунингдек... кичик бўлинмаларнинг юришлари билан Украина мудофаасини аста-секин йўқ қилиш кампаниясини бошлаган».

Ушбу тактика «Россиянинг ҳарбий куч ва ўқ-дорилар захираларини шу даражада қисқартирдики, агар кутилмаган қайта тиклаш содир бўлмаса, Москва ҳарбий мақсадларига эриша олмайди ва 2023 йилдан кейин узоқ давом этувчи янги уруш босқичи бошланади».

Яширин ҳужжатлар рўйхатига тупроқнинг келажакдаги ҳолатини баҳоловчи об-ҳаво башоратлари ҳам тушиб қолган. Унда кўрсатилишича, июн ойи оғир техникалар ҳаракатланиши учун қулай ой.

Мавзуга оид