Иқтисодиёт | 18:36 / 19.04.2023
38241
6 дақиқада ўқилади

Доллардан қўрқув, Украинани тиклашга миллиардлар, давлат қарзлари — Вашингтондаги “баҳорги учрашув”да нималар муҳокама қилинди?

Украинани тиклашга 400 млрд доллар керак. Бразилия президентининг доллар глобал савдода доминантга айлангани ҳақидаги хавотири ривожланаётган давлатлар кайфиятини ифодалади. Ривожланаётган давлатлар қарзи ошиб боряпти. Жаҳон банки ва ХВФнинг бу йилги “Баҳорги учрашувлари”да ана шундай глобал иқтисодиёт ҳолатига оид масалалар муҳокама қилинди.

Фото: Халқаро валюта фонди

Жаҳон банки ва халқаро валюта жамғармаси томонидан ҳар йили ўтказиладиган “Spring Meetings” – “Баҳорги учрашувлари” ўтган ҳафта (10–16 апрел) якунланди. (Баҳорда “Баҳорги учрашувлар”, кузда эса “Кузги учрашувлар” – “Autumn Meetings” бўлиб ўтади.)

Вашингтонда бўлиб ўтган панел учрашувларида давлатларнинг молия вазирлари, марказий банк раҳбариятлари банк секторидаги босим ва барқарор инфляция, [давлат] қарзларининг ошиши, Россиянинг Украинага бостириб кириши ва иқлим ўзгариши хавфи ортиб бораётгани, дунёдаги қашшоқлик ва унга ечимлар масаласини муҳокама қилди.

Жаҳон банки ва ХВЖнинг бир ҳафта давом этадиган баҳорги учрашуви глобал иқтисодиёт ҳолатини муҳокама қилиш учун молия вазирлари ва марказий банк раҳбарларини бирлаштирадиган катта тадбирдир.

2008 йилги глобал кризисга қадар бу учрашув фақат “Катта еттилик” (Great-7) давлатлари иштирокида ўтган бўлса, кризисдан кейин “Катта йигирмалик”ка (Great-20) кирувчи давлатлар молия вазирларини жалб қилди. Баҳорги учрашув, шунингдек, G-24 гуруҳига кирувчи ривожланаётган мамлакатлар молия вазирларининг учрашувларини ҳам ўз ичига олади.  

Ривожланаётган давлатлар қарзи

Ривожланаётган мамлакатларда қарз сўнгги 50 йил ичида энг юқори даражага кўтарилди. Йиғилишларда қарзнинг барқарорлиги масаласи ҳам диққат марказидан узоқда бўлмади. Жаҳон суверен қарз давра суҳбатида асосий эътибор қарзни қайта режалаштириш жараёнини тезлаштириш ва уни янада самаралироқ қилиш йўлларига қаратилди. Давра суҳбатида макроиқтисодий прогнозлар ва қарз барқарорлигини баҳолаш бўйича ахборот алмашишни яхшилаш зарурлиги тўғрисида келишиб олинди.

Ривожланаётган давлатлар йирик кредиторлар ўртасидаги камбағал мамлакатларнинг миллиардлаб долларлик қарзларини қандай қайта режалаштириш бўйича баҳсни ҳал қилишни талаб қилишди. Муҳокамалар ХВФ, Хитой, банклар ва облигация харидорлари каби кредиторлар ўртасидаги қийин вазиятдан чиқишга қаратилди.  

Глобал ўсиш секинлашиши ва фоиз ставкалари кўтарилиши кўпроқ мамлакатларни қарз инқирозига олиб келар экан, инқирозни бартараф этиш ҳаракатлари ҳозирча етарли эмас. Баҳорги йиғилишлар тадбирида қарзнинг шаффофлигини ошириш ва тезроқ келишувларни амалга ошириш долзарблиги, мамлакатларга қарзни самаралироқ бошқаришга ёрдам берадиган ислоҳотлар зарурлиги каби масалалар кўриб чиқилди.

Украинани тиклаш учун 400 млрд доллар керак

Украина босқинидан кейин бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, уруш минтақавий ва глобал миқёсда улкан инсоний ва иқтисодий азоб-уқубатларни келтириб чиқаришда давом этмоқда. Бу воқеа Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича вазирларнинг учинчи давра суҳбати мавзуси бўлди. Унда Украина президенти Володимир Зеленский иштирок этди. Яқинда Жаҳон банки гуруҳининг тезкор зарар ва эҳтиёжларни баҳолашга оид натижаларига кўра, Украинани тиклаш ва қайта қуриш харажатлари ҳозирда 400 млрд доллардан ошади. Жаҳон банки президенти Девид Малпас Украина бош вазири Денис Шмыгаль билан учрашувда, узоқ муддатли молиялаштириш стратегияси, жумладан, хусусий секторнинг роли бўйича консенсусга эришиш учун ҳисобот натижаларидан фойдаланиш йўлларини муҳокама қилди. Жаҳон банки гуруҳи уруш бошланганидан бери Украинани қўллаб-қувватлаш учун 23 млрд доллардан ортиқ маблағ йўналтирди.

Кучли доллар

Агар АҚШ федерал резерв тизимининг ставкаларни ошириши ривожланаётган мамлакатларга таъсири ҳақида муҳокамалар бўлмаганида, халқаро валюта жамғармасининг йиғилишлари бўлмасди. Мамлакатлардаги сиёсатчилар АҚШ фоиз ставкаларининг ошиши доллар курсини ошираётганидан ва бунинг натижасида ўз валюталарини пасайтириб, молиявий ўзгарувчанликни кучайтираётганидан шикоят қиляпти.

Bloomberg нашри Хитойга давлат ташрифи билан келган Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силванинг изоҳлари долларнинг кучлилиги ва унинг глобал савдодаги доминантлигидан азият чекаётган кўплаб ривожланаётган иқтисодлар ҳақидаги фикрни умумлаштирди деб ёзди.

“Олтин паритети тугаганидан кейин доллар [тижорат] валютага айланишига ким қарор қилди?

Нима учун давлатлар савдо учун долларга боғланиб қолди? Нима учун “Brics” каби банк Бразилия ва Хитой ўртасидаги, Бразилия ва бошқа “Brics” давлатлари ўртасидаги савдони молиялаш учун валютага эга бўлолмайди? Бугунги кунда мамлакатлар ўз валюталарига экспорт қилишлари мумкин бўлган пайтда, нега экспорт учун доллар кетидан қувишлари керак?” — деди у.

ХВЖ ва Жаҳон банкининг октябр ойидаги кузги йиғилиши Марокашда бўлиб ўтади. Уларда ҳам юқоридаги каби тезислар янграши кутиляпти.

Аёллар тадбиркорлиги масаласи

Баҳорги учрашувларнинг бошқа тадбирларида устувор мавзулар, жумладан, тадбиркор аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш ва барқарор ривожланишда хусусий капиталнинг аҳамияти муҳокама қилинди. Гендер масалаларига бағишланган сессияда аёллар бошчилигидаги тадбиркорлик субъектларининг молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш ва глобал муаммоларни ҳал қилишда аёлларнинг ролини эътироф этиш муҳимлиги таъкидланди. Сўзга чиққанлар технологиянинг жадал ўзгаришлари шароитида хотин-қизлар ортда қолмаслиги учун уларнинг малакасини ошириш зарурлигини муҳокама қилди.

“Билл ва Мелинда Гейтс” жамғармаси ҳамраиси Мелинда Гейтснинг фикрича, болаларга ғамхўрлик аёлларни ишдан сақлайдиган катта омилдир. “Агар ота-оналар фарзандларини ишонадиган хавфсиз ва арзон жойлар бўлса, аёллар меҳнат бозорига киришади”, –  деди у.

 

Мадина Очилова тайёрлади

Мавзуга оид