Ўзбекистон | 12:10 / 19.04.2023
20149
3 дақиқада ўқилади

“Ҳосилимиз сувсизликдан қуриб кетяпти” – деновлик деҳқонлар

Сурхондарё вилояти Денов туманининг Лочин ва Зарафшон маҳаллаларида кўплаб деҳқонларнинг экини сувсизликдан нобуд бўлмоқда. Қудуқ қазиб беришни ваъда қилган масъуллар эса ваъдасининг устидан чиқмаган.

Фото: Kun.uz

Kun.uz’га Денов туманидаги Лочин ва Зарафшон маҳаллаларида яшовчи деҳқонлардан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда улар 2022 йилда президент фармонига мувофиқ 10-20 сотихдан экин ери берилганини, ўша пайтда масъуллар экинларни суғориш учун қудуқ қазиб беришни ваъда қилганини, аммо қудуқ қазилмагани сабабли бугунга келиб меҳнатларига куйиб қолишаётганини билдиришган.

“Президент фармонига биноан бизларга ер беришганидан хурсанд бўлдик. Шижоат билан экин экишга киришдик. Фақат сувсиз маҳсулот етиштириб бўлмайди-да, масъуллар ёрдам беришга ваъда беришди. Аммо мана, экинлар етилай деб қолди, лекин бизни ҳеч ким эсламади”, – дейди Kun.uz мухбири билан гаплашган деҳқонлардан бири.

Мазкур икки маҳаллада 80 кишига ер берилган. Деҳқонлар экин ерларига асосан пиёз экишган, картошка ва буғдой экканлар ҳам бор. Қишда ёмғир-қордан сув олган экинлар бугунга келиб, сувсизликдан нобуд бўлиш арафасида. Муаммо туман ҳокимининг сайёр қабулида кўтарилган, кейинчалик туман ҳокими ўринбосарларига мурожаат ҳам қилинган, бироқ фойдаси бўлмаган.  

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил кузида президент аҳолига 80 минг гектар ерни ижара асосида бўлиб берилишини маълум қилганди ва бу борада тегишли топшириқ берган эди.

«Ушбу ерлар аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун, 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга, очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилади. Мен 20 йил қилишга ҳам тайёрман, лекин аввал ишонч ҳосил қилайлик. Бунда, асосий мезон – томорқадан самарали фойдаланиш ва яратиладиган иш ўринлари бўлади. Танловда деҳқончиликда тажрибаси бор аҳоли, шунингдек, 3та дафтарга кирган оилалар қатнашади. Очиқ электрон танловда ҳар бир талабгорнинг ҳозиргача ўз томорқасидан қандай фойдаланаётганига янги жорий этилаётган ҳоким ёрдамчилари баҳо беради”, деган эди ўшанда президент.  

Мавзуга оид