“Жигар циррозини 100 фоиз даволаймиз”, “60 ёшда ҳам ҳайвон бўлинг”, “Гижжани бир зумда йўқотамиз” — рекламалардаги саводсизлик, уят ва лофлар
Ўзбекистон биологик фаол қўшимчалар бозорининг қатор рекламаларида лоф ва ёлғонлар қоришиб кетган, уят оддий ҳолга айланган, қонунга риоя этмаслик авж олган ва пул учун ҳеч нарсадан тоймайдиганларнинг катта гуруҳи шаклланган. Соҳани назорат қиладиган органларга эса бунинг аҳамияти йўқ.
Мамлакатимизда биологик фаол қўшимчалар бозори тезкор ривожланяпти ва бу жараёнда компаниялар харидорни шиддатли реклама услубида авраб ташлашяпти. Рекламаларда муболағаларга йўл қўйилиши, мижозни жалб қилиш учун жарангдор сўзлардан фойдаланилишини тушуниш мумкин. Аммо яққол қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилиши, ёлғон маълумот берилиши ва эълонлар ўта саводсизлик билан тақдим этилиши оддий ҳолга айланиб улгурди.
Биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ишлаб чиқарувчилар асосий аргументлари сифатида маҳсулотларининг дори воситалари эмаслиги, қонунчилик талаблари эса айнан дори воситаларига қўлланишини кўрсатишади. Лекин мижозларнинг 95 фоизи уларга “дори олиш” бўйича мурожаат қилишганида парво қилишмайди, бемор дори воситаси эмас, айнан БФҚ сотиб олаётганига алоҳида тўхталиб тушунтиришни эп кўришмайди. Нафақат жимжимадор ва лофга тўла рекламаларида, балки қўнғироқ қилиб боғланилганида ҳам шу қадар оғиз кўпиртириб мақташадики, гўёки ўлик еса тириладигандай.
Маълумот учун: Биологик фаол қўшимчалар минераллар, витаминлар, озуқавий толалар, ўсимлик экстрактлари, тўйинмаган ёғли кислоталар, аминокислоталар ва бошқаларни ўз ичига олган табиий комплекслардир. Улар овқатланишдаги камчиликларни бартараф этиб, соғлом моддаларни ўзлаштиришини кучайтиради ҳамда тананинг ички қувватини кучайтириб, кўплаб касалликларнинг хавфини камайтиради. Биофаол қўшимчалар дори воситалари сирасига кирмайди - манба.
Келинг, мисолларга мурожаат қиламиз:
Бу суратдаги оқ халат кийиб олган ажнабий амаки ўзи ким? Қайси ваколатлар асосида Ўзбекистон аҳлига БФҚ тавсия қиляпти? Бу саволларни қўятурамиз ва айнан ўзимизнинг қора кўзлар ёзган сўзларга эътибор қаратамиз – “Жигар хасталиги (цирроз) ва қон тозалашни янги, 100 фоиз усули ишлаб чиқилди”.
“100 фоиз” сўзига алоҳида урғу бераётган бу шоввозлар нима деяётганларини ўзлари тушунишмайди. Жигар циррози мураккаб касаллик бўлиб, уни нафақат аллақандай БФҚ, балки комплекс даволашда ҳам бундай натижа билан даволаш мутлақ иложсиздир. Бу касалликка чалинган беморлар тирик қолиш учун хорижий давлатларда жигар алмаштириш амалиётига 30-40 минг долларлаб сарфлашмоқда.
Келинг, шу ўринда БФҚ рекламаси тўғрисидаги қонун талабларига тўхталиб ўтамиз. Унда жумладан шундай бандлар бор:
- 2022 йил 8 сентябрдан кучга кирган янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 35-моддаси билан овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасининг тартиблари белгиланган бўлиб, унга кўра БФҚлар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга, деган таассуротни уйғотмаслиги лозим;
- Биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси ҳар бир ҳолда реклама объекти дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши керак.
Яъни БФҚнинг ҳар бир рекламасида бу дори воситаси эмаслиги алоҳида қайд этилиши шарт. Ўзини жуда кўплаб дардларга даво ҳисобловчи HONEYMOON воситаси рекламасида эса қонуннинг бу бандига нафақат амал қилинмаган, балки БФҚ тўғридан тўғри “ДОРИ ВОСИТАСИ” сифатида кўрсатиб ўтилган.
Нега бундай йўл тутилганига қизиқиб, HONEYMOON сотувчилари билан боғланганимизда сотув хизмати ходими биз журналистлар уларнинг фаолиятини танқид қилишга мутлақо ҳаққимиз йўқлигини билдирди. Раҳбар мақомидаги яна бири эса бу шунчаки маркетинг хатоси эканлигини, бу восита 90 фоиз (!) беморларда ижобий натижа бераётганини, аёллар ҳатто шу ёрдамида ҳомиладор бўлишаётганини билдирди ва бизга журналист сифатида жиддийроқ муаммолар билан шуғулланишни тавсия қилди. Бу анча жиддий масала эканлигини, алоҳида мақола қилиш ниятида эканлигимизни айтганимизда “Ёзаверинглар, биз учун бу ҳам яхши пиар бўлади” деди. Шундай ҳолатдан ўзига фойда қила билиб, пиар қила олганларга қойил қолмай иложимиз йўқ.
QOMUS номи билан тарқатилаётган капсулалар рекламасига кўра бу воситаларни ишлаб чиқарганларга бемалол Нобель мукофотини бераверса бўлади. Маълумки замонавий тиббиёт теридаги оқ доғлар, яъни витилиго касаллигини ҳозирча даволаш имконсиз деган хулосага келган. Бу узоқ йиллар давомида ўтказилган тадқиқотлар, уринишлар натижасида чиқарилган хулоса.
Лекин QOMUS капсулалари эгалари бошқача фикрда. Оппоқ кўйлак кийиб олган кўркам йигит мутлақо жиддий тарзда “Оқ доғлардан азият чекяпсизми? Унинг давоси бор. Бизнинг фалон воситамизни истеъмол қилинг” деганини тиббиёт оламида ўзига хос чақмоқ деб аташ мумкин.
Сенсация ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун компания билан боғланганимизда Асадбек деган йигит витилигонинг давоси борлигини аниқ тасдиқлади. Бу қай даражада асосли эканлигига қизиққанимизда, соғломлаштириш маркази мутахассиси, ўзини нутрициолог деб таништирган Муҳаммадумар Бобожонов билан суҳбат қизиқ бўлди (мазмунан келтирамиз):
– “Витилиго касаллигининг давоси бор” деб реклама қиляпсизлар. Бу касалликнинг давоси борми?
– Энди бу касалликнинг давоси йўқ. Лекин бизнинг табиий маҳсулотларимиз орқали беморлар шифо топишяпти.
– Демак замонавий тиббиёт маълумотлари нотўғри экан-да. Бу касалликнинг давоси бор экан, нега мазкур маълумот бирор тиббий манбада қайд этилмаган?
– Касалликнинг давоси йўқ албатта. Бироқ дардни ҳам, шифосини ҳам бергувчи Аллоҳ. Биз тавсия қилган воситалардан тўғри фойдаланса, иншооллоҳ шифо топиб кетади...
Хуллас, ҳар қанча уринмайлик, бу саволга аниқ жавоб берилмади.
Алоҳида мавзу – эркаклар жинсий заифлигига қарши воситалар рекламаси. Бу шу қадар катта индустрияга айланиб кетибдики, Ўзбекистонда бирорта соғлом эркак қолмабди, деган фикрга бориб қолиш ҳеч гап эмас. Бу йўналишда саводсизлик, уятсизлик ва малакасизлик жуда ошиб кетган. Рекламаларга эътибор беринг: “Буни ичсангиз хотинингизни 2 соат ...”, “60 ёшда ҳам ҳайвон бўлинг” деган сўзлар билан реклама қилаётганларнинг танобини тортадиган бирор ташкилот бормикин?
Албатта, расмий ОАВ ҳар қандай реклама сингари БФҚ рекламасига ҳам маълум талаблар қўяди. Телеканалларда, расмий сайтларда жарангдор рекламалар жойлаштирилса-да, яққол қонунбузилиши, ёлғон маълумот жойлаштириш ҳолатларининг олди олинади. Аммо бундай компаниялар йўқотилган майдонни ижтимоий тармоқлар, телеграм каналларида осонгина топиб олишяпти ва билганларини қилишяпти.
Мана бу сатрларга эътибор беринг:
“Бўғим оғриқларини даволашда ....га тенг келадигани йуқ! Қўлланиши: Артрит, артроз, подагра, бўғимларда суюқлик етишмаслиги, умуртқа поғонасидаги оғриқлар, суяк емирилиши, жинсий заифликда, қон вирус касалликлари, юрак касалликлари, жигар касалликлари, ошқозон касалликлари, гижжалардан бир зумда халос қилади!”
Лофчидан лофчи ўзгани шудир-да. Кўрсатиб ўтилган ҳар бир касаллик тиббиётнинг жиддий муаммоси, уларни даволашда алоҳида комплекс шаклидаги шифохоналар ишлашади. Лекин бу азаматлар битта восита билан баридан бир зумда (!) халос қилмоқчи бўлишяпти. Бу рекламадаги маҳсулот номини кўрсатмадик, БФҚчилардан бири айтганидек қора пиарга айланмасин.
Гижжага қарши восита сотувчиларидан яна бири билан боғланганимизда эса “Биз махсус аппарат ёрдамида жигардаги қуртларни текширамиз” деб юборди. “Шундай аппарат борми?” дея сўралганида эса “Бизда космонавтларни текширадиган ускуналар бор, организмингизнинг ҳар бир нуқтасидаги қуртларни кўрсатиб беради” дея буткул лол қолдирди.
Хулоса қилиш мумкинки бугунги БФҚ сотувчиларининг аксари:
- Реклама қонунчилигидан бехабар, хабардор бўлсалар-да унга риоя этмайди;
- Ўзларини номдор компания ҳисоблашса-да, ходимлари консультация беришда роса сергап бўлишса-да, малакали шифокор ишлаши тугул, тиббиётдан элементар хабардор одамлар ҳам йўқ;
- Ўзларини мутлақ ҳақ ҳисоблашади, хатоси кўрсатилса, қабул қилмайди;
- Ўз маҳсулотини мақташ чоғида ақл бовар қилмас гапларни гапираверади ва бунга ўзи ҳам ишониб қолган;
- Телефон қилиб боғланганда, аниқ саволлар қўйилганда масалага диний жиҳатдан ёндашиб, вазиятдан чиқишга уринишади. Кўпчилиги рекламаларида қорилар, диний чиқишлари билан машҳур инсонлардан фойдаланишади ва шу йўл билан соддадил аҳоли эътиқодини манипуляция қилишади. Ўзлари тушунмаган ҳолда мусулмон мусулмонни ранжитмаслиги, рамазон кунларида бундай танқидлар яхши эмаслиги ҳақида ваъз ўқишади, аммо шу билан ўз диндошларини чалғитиб пулини олаётганига тўхатишни истамайди. Рекламаларида яққол алдаб туришса-да, дўппи тор келганида “Аллоҳ истаса бемор ўлим тўшагидан туриб кетади”, “Тўғри, давоси йўқ, лекин иншооллоҳ тузалиб кетади” каби умумий гаплар билан иҳоталанишади;
- Чиқараётган рекламаларидаги саводсизларча ёзилган матнларни ҳатто ўқиб ҳам кўришмайди, бу ҳақда айтилганда маҳсулот сотувчи маркетингга оширади, маркетинг ишлаб чиқарувчига, ишлаб чиқарувчи бу рекламалардан хабардор эмаслигини билдиради;
- Вазият чигаллашса, “Маҳсулотимиз дори воситаси эмас” деб туриб олишади. Аммо ўзаро мулоқотда “Доримиз...” дея мақтаб кетишни одат қилишган.
Қизиғи, берган маълумотлари билан қизиққанимиздан сўнг айрим компаниялар ўз рекламаларини ижтимоий тармоқлардан шоша-пиша ўчира бошлашди. Лекин улар тушунишлари керакки, кўчага ташлаган чиқиндининг устини ёпиб қўйиш билан иш битмайди. Асосий масала ўша чиқиндини ташламасликда.
Вазиятга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика соҳасини тартибга солиш ва дори воситалари эҳтиёжларини аниқлаш бошқармаси бошлиғи Отабек Чориевдан изоҳ олдик:
– Афсуски бундай рекламалар натижасида кўпчилик беморлар тиббий тасдиқланган комплекс даволаш услубларидан чалғиб, зарур мутахассисларга вақтида мурожаат қилишмаяпти. Бунинг ортидан улар ўз ҳолатини мураккаблаштириб, оғир аҳволда шифохонага тушиш ҳолатлари учрамоқда. Фурсатдан фойдаланиб, юртдошларимиздан ҳар хил рекламаларга ишонавермасликлари, касаллик белгилари пайдо бўлганда биринчи навбатда ўз ҳудудидаги шифохоналарга мурожат қилишлари, БФҚ қабул қилишда албатта Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтганлик сертификати бўлган маҳсулотни оила шифокори ёки тор мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда истеъмол қилишларини сўраб қоламиз.
Энг муҳими – тиббиётда мураккаб касалликлар фақат битта восита, бу ўринда БФҚ билан даволанмайди. Ҳар бир касалликка, ҳар бир беморга алоҳида ёндашув асосида даволаш режаси ишлаб чиқилади ва у бир неча услубни қамраб олади.
Рекламалардаги қонунбузилиш ҳолатларига келсак, улар билан тегишли органлар шуғулланишини таъминлашимиз лозим.
Бу халқ алданишга маҳкумми?
Албатта, бу каби ҳолатлар урчишида табиатан содда бўлган омманинг ҳам ўзига яраша айби бор. Негадир ҳар доим ҳар қандай касалликка битта восита буткул даво бўлиши мумкинлигига ишонувчилар топилаверади.
“Guangzhou” клиникаси беморларни алдаб, уларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган оддий дориларни 2-3 миллионга пуллаб келаётгани маълум бўлганди.
Ўзбекистонга Мулла Маҳмуд Ҳасан Курдистоний исм-шарифли “табиб” келганида минглаб беморлар унинг қабулига муштоқ бўлиб, айримлари тавоф ҳам қилиб юборишди. Тошкентда, Самарқанд-у Бухорода шу қадар кўп бемор унинг қабулига келдики, тўполон кўтарилди ҳатто.
Шаҳрихонлик машҳур Ҳасан “табиб” эса хандон писта чақиш, аввал катта косада, сўнгра кичикроқ пиёлада асал сув ичиш билан касалидан қатъи назар барча беморларга бир хилда даволаниш услубини анча вақт қўллаб юрди.
Шунингдек, лойқа сувни шифобахш деб ичган, қайсидир фирибгарга ихлос қилиб, оғзига туфлатган юзлаб, минглаб юртдошларимиз ҳам мавжудки, соддалар бор экан дарддан осонгина халос қилиб ташловчи таклифлар ҳам сақланиб қолаверади.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
10:31 / 22.12.2024
Божхона постидан 9 ойлик чақалоғининг кийимларига дори яшириб ўтмоқчи бўлган аёл ушланди
15:10 / 13.12.2024
Онкологик касалликлар давоси ҳақида реклама жойлаштирган МЧЖ жаримага тортилди
15:25 / 05.12.2024
ИЖҚКД дорилар хариди қонунийлиги устидан қатъий назорат ўрнатади
17:32 / 30.11.2024