Ўзбекистон | 17:24 / 19.04.2023
92498
4 дақиқада ўқилади

Рамазон ҳайити 21 апрелга тўғри келиши ҳақида дастлабки хулосалар қилинмоқда — Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Рамазон ҳайитининг санаси – ишчи гуруҳнинг ҳилолни кузатиш тўғрисидаги охирги маълумотлари олингандан кейин, 2023 йил 20 апрел куни эълон қилинишини билдирди. Шунингдек, диний идора ибодат масаласида доим эҳтиёт бўлишга ҳамда ҳайит кунини белгилаш атрофидаги маълумотларни турлича талқин қилмасликка чақирди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Рамазон ойи ва ҳайитини аниқлаш учун уламолар ва малакали мутахассислардан тузилган ишчи гуруҳ янги Шаввол ҳилолини астрономик таҳлиллар ҳамда хорижий давлатлардаги мутахассислар билан ҳамкорликда кузатиб бормоқда. Маълум бўлишича, ишчи гуруҳи вакиллари АҚШ, Туркия, Жанубий Корея ва Россия минтақаларида ҳам кузатиш ишларини олиб бормоқда.

«Хориждаги нуфузли астрономия марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Астрономия институтидан олинган маълумотларга кўра, 2023 йил Рамазон ҳайити куни, яъни Шавволнинг янги ой фазаси шу йил 20 апрел, пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 09:12 да, Саудия Арабистони вақти билан эса 07:12 да содир бўлади. Астроном олимлар хулосасига кўра, шу куни Шаввол ойи ҳилоли Ўзбекистон ҳудудида кўринмаса-да, лекин дунёнинг айрим минтақаларида кўриш мумкин бўлади.

Таъкидлаш жоизки, Ҳанафий фиқҳи манбаларида бир маконда янги ҳилол кўрилиши дунёдаги жами мусулмонларга Рамазон ҳайитини нишонлашни жоиз қилади. Бунга ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳабларидан иборат жумҳур уламолар иттифоқ қилишган», дейилади идора хабарида.

Шаръий масалалар ва астрономик ҳисоб-китобларга таянган ҳолда Шаввол ойи ҳилоли 2023 йил 20 апрел куни Ер юзининг айрим ҳудудларда кузатилади. Шу боис, Рамазон ҳайити куни 2023 йил 21 апрел, жума кунига тўғри келиши ҳақида дастлабки хулосалар қилинмоқда. Айтиш мумкинки, АҚШ, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби бир қатор давлатлар томонидан жорий йил 21 апрел, жума куни Рамазон ҳайити деб эълон қилинган.

«Фалакий ҳисоб бўйича ҳайит куни маълум бўлса-да, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар», деган ҳадиси шарифларига асосан мазкур Ишчи гуруҳининг АҚШ, Туркия ва Ғарб давлатлардаги вакилларининг ҳилолни кузатиш тўғрисидаги охирги маълумотлари олингандан кейин 2023 йил 20 апрел куни якуний хулосалар тақдим этилади», дейилади Мусулмонлар идораси баёнотида.

Диний идора ибодат масаласида доим эҳтиёт бўлишга чақириб, Рамазон рўзасининг бошланиши ва тугаши фақат юрт муфтийси томонидан эълон қилинишини таъкидлаган.

Шунингдек, интернет сайтлари юритувчилари ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан ушбу масалада турли хабарларни тарқатиш орқали халқни асл вазиятдан чалғитмасликни илтимос қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Рамазон ҳайити муносабати билан ўзбекистонликлар кетма-кет 3 кун дам олиши белгиланган.

Агар Рамазон ойи 30 кун давом этиб, ҳайит 22 апрел куни бўлса, 5 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун дам олиш кунлари: 

22 апрел — шанба;
23 апрел — якшанба;
24 апрел — душанба (кўчирилган дам олиш). 

Яъни 5 кун ишловчилар учун душанба куни дам, 29 апрел — шанба эса иш куни бўлади.

Агар Рамазон ҳайити 21 апрел кунига тўғри келса, дам олиш кунларида ҳам ўзгариш бўлади. Бунда икки хил вариант бор:

  • душанбадаги дам олиш кунлари тўлиқ бекор қилиниб, шанба куни 6 кунликлар учун қўшимча дам олиш деб эълон қилиниши мумкин. Натижада жума, шанба ва якшанба 3 кун дам олиш куни бўлади;
  • душанбадаги дам олиш кунларини сақлаган ҳолда шанба кунида 6 кунликлар учун яна битта қўшимча дам олиш куни берилади. Натижада жума, шанба, якшанба ва душанба 4 кун дам олиш куни бўлади.

Мавзуга оид