Жамият | 23:43 / 22.04.2023
61344
2 дақиқада ўқилади

«Қизлар ўртасидаги миш-миш сабаб шу ҳолат юзага келган» — Янгиҳаётда «самосуд» юзасидан изоҳ берилди

Мактаб раҳбариятига кўра, жабрланувчи бир беҳаё суратда юқори синфда ўқувчи қиз тасвирланганини айтиб, мактабда миш-миш тарқатгани сабаб уни дўппослашган.

Фото: Видеодан кадр

21 апрел куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманидаги 331-мактабнинг бир гуруҳ ўқувчи қизлари ўртасида жанжал келиб чиққани кўрсатилган видео тарқалганди.

8-синф ўқувчиси нима сабаб калтаклангани очиқланди. 331-мактабнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари Лола Бегалиеванинг «Замон» ахборот дастурига берган интервюсига кўра, жабрланувчи бир беҳаё суратда юқори синфда ўқувчи қиз тасвирланганини айтиб, мактабда миш-миш тарқатган. Буни эшитган юқори синф қизлари жабрланувчини 8-ҳудуддаги қурилиши якунланмаган объектга олиб бориб, «самосуд» қилишган.

«Қизларнинг ичида 7-8-9-10-синф қизлари бўлган. Жабрланган қиз эса 8-синфда ўқийди. Унга тазйиқ ўтказганлари 9-10-синф ўқувчилари бўлган. Қизлар ўртасидаги деди-деди, миш-миш, чақимчилик сабаб шу ҳолат юзага келган. Қизлар бўлган-бўлмаган гапларни бир-бирига воситачи сифатида тарқатишган»,— дейди мактаб директорининг ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, ҳолат 12 апрел куни содир бўлиб, кейинроқ видео ўқувчи қизлар томонидан тарқатилгани айтилганди. Сўнг вазиятни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва ИИББ ўрганаётгани маълум қилинди. Ҳозирча жиноят иши қўзғатилганидан ташқари, қолган тафсилотлар очиқлангани йўқ.

Мавзуга оид