Жамият | 19:26 / 24.04.2023
52703
17 дақиқада ўқилади

Иккинчи типдаги қандли диабет — кўринмас эпидемия

Диабетолди жараёни нима, у нимаси билан хавфли ва уни қандай аниқласа бўлади? Қандли диабет касаллигининг пайдо бўлиш механизмлари: генетика, эпигенетика ва ошқозон ости бези функциясининг бузилиши қанақа? Қандли диабетга қарши курашиш учун энг замонавий препаратларга етишса бўладими?

Фото: Unsplash.com

Қандли диабет — оғир кечадиган сурункали касаллик бўлиб, уни ҳақли равишда XXI аср эпидемияси деб аташади. Йилдан йилга қандли диабет билан касалланганлар сони ортиб бормоқда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) эса диабет айниқса яшаш даражаси паст ва ўртача бўлган давлатларда шиддат билан кўпаяётганини қайд этмоқда.

Лекин аҳоли жон бошига даромад юқори бўлган давлатларда ҳам статистика етарли даражада ташвишли. Масалан, жаҳонда 20 ёшдан 79 ёшгача бўлган аҳоли ўртасида 537 миллион киши қандли диабетга чалинган — бу балоғат ёшидаги ҳар ўн инсондан бири дегани. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 643 миллионгача, 2045 йилда 783 миллионгача кўпаяди. Диабет инсон ҳаёти сифатига жиддий таъсир ўтказади, кўз ожизлашиши, буйрак етишмовчилиги, инфаркт ва инсультларга сабаб бўлиши мумкин.

Republik нашри журналисти Ирода Садраева эндокринолог Анна Беляева билан биргаликда нега бу касаллик кўпаяётгани, профилактика қилиш 2-типдаги диабетдан қутулиб қолишга қандай ёрдам бериши ҳақида суҳбатлашди.

Қандли диабет инсулиннинг нотўғри ишлаши билан боғлиқ метаболик бузилишларнинг бутун бир комплексини қамраб олади. Касаллик ошқозон ости бези инсулин ишлаб чиқаришда бузилиши ёки организм ишлаб чиқарилган инсулиндан самарали фойдалана олмаслиги туфайли пайдо бўлади. Иккинчи ҳолат инсулинрезистентлик деб аталади.

Қандли диабет қандай пайдо бўлади?

Глюкоза — инсон организмидаги асосий энергия манбаи, у озиқ моддалар билан танамизга киради. Глюкозани инсоннинг бош мияси ва бошқа органлари «истеъмол» қилади. Инсулин эса ошқозон ости безидаги β («бета») ҳужайралар оролчаси томонидан ишлаб чиқариладиган гормон. Унинг асосий вазифаларидан бири глюкоза миқдорини захира ва назорат қилади. Айнан инсулин глюкозани ҳужайраларга ташиб, унинг қондаги миқдорини камайтириб туради. Агар инсулиннинг ишлаш тизими бузилса, қонда қанд миқдори кескин ошиб кетади: гипергликемия пайдо бўлади. Шу вақтнинг ўзида организмнинг бошқа ҳужайралари зарур энергияга эга бўлолмай қолади.

Қонда глюкоза миқдори сурункали равишда ошиб бораверса, оқсиллар ва бошқа микроҳужайралар структураси ва функцияси бузила бошлайди. Диабетнинг қоннинг биокимёвий таҳлили натижасида аниқланадиган асосий аломатларидан бири гликирланган гемоглобин (HbA1c) миқдоридир. Бу қондаги гемоглобин оқсили қисми бўлиб у гликирлаш (тикловчи углеводлар ҳамда организмдаги оқсилларнинг эркин аминогуруҳлари, шунингдек, липидлар, нуклеин кислоталарнинг ферментлар иштирокисиз кечадиган реакцияга киришиши) ёрдамида структураси ўзгартирилади. HbA1c кўрсаткичи қондаги қанд миқдорини 3 ойлик давр учун кўрсатиб беради, яъни узоқ вақт мобайнида қондаги глюкоза тебранишларини аниқлаб беради.

«Бироқ гликирланган гемоглобин қийматлари камқонлик, ҳомиладорлик, темир моддасига эга препаратларни яқинда қабул қилганлик туфайли хато кўриниши мумкин. Шунингдек, у қондаги қанд миқдорининг қисқа муддатга ўзгаришларини сезмайди. Шу сабабли касалликка ташхис қўйишда глюкоза миқдори овқат тановул қилгандан кейин ҳам ўлчаниши, шунингдек, глюкозатолерант тест ҳам ўтказилиши муҳим. Сўнгги ҳолатда беморнинг венасидан икки марта қон олинади. Бири оч қоринга, иккинчиси глюкоза эритмасини сув билан ичганидан 10 дақиқа ўтгач. Орадан икки соат ўтиб, муолажа қайтарилади», — дейди Анна Беляева.

Шу сабабли камида иккита кўрсаткич нормадан баланд бўлса, диабет бир қатор текширувлардан сўнг аниқ ташхисланади. HbA1c чегаралари 6,5 фоиздан ошса, вена қони плазмасида глюкоза миқдори оч қоринга 7 ммол/л, овқат ейилганидан сўнг 11 ммол/л дан ошса, бемор касалликка чалингани маълум бўлади.

 

Фото: Unsplash.com

Диабет олди нима ва унинг хавфи нимада?

Диабетолди деганда тушуниш керак бўлган асосий нарса — у диабет хавфи пайдо бўлишини 12 каррага оширади. Бу врач учун муҳим сигнал. 1990-йилларнинг охирида бир гуруҳ немис олимлари кенг миқёсли тадқиқот ўтказиб, қон таркибида глюкоза миқдорининг арзимаган даражада кўтарилиши ҳам юрак-қон томир касалликларидан вафот этиш хавфини 16–40 фоизга оширади, деган хулосага келган.

Диабетолди қондаги қанд миқдори меъёрнинг юқори диапазонига яқинлашса ёки бир текис баланд бўлган ҳолатга ташхис қўяди. Бу оч қоринга ўлчанганда 6,0 ммол/л ёки овқат ейилганидан сўнг 7,8 ммол/л эканини кўрсатади.

«Диабетолди ҳолати қандли диабетнинг дебочаси деб жуда тўғри аталган. Бу ҳолат метаболик муаммоларга ишора қилади: организмнинг ишлаши ё нотўғри, ёки оптимал бўлмаган йўлдан кетмоқда», — дейди Анна Беляева.

Агар 10 йил аввал қондаги қанд миқдори қисқа муддатга ошгани инсон учун безарар деб ҳисобланган бўлса, сўнгги тадқиқотлар бунинг тескариси эканини кўрсатмоқда. Мана шу қисқа вақт ичида ҳам метилглиоксал — организмнинг оқсил структураси функцияси бузилишига сабаб бўлувчи молекула миқдори орта бошлайди. Гипергликемия ортидан келиб чиққан бузилишнинг олдини олса бўлади, агар глюкозани назорат қилиш жуда эрта бошланса. Лекин қондаги қанд миқдори кўтарилгани узоқ вақт давомида сақланиб турса уни ортга қайтариш жуда қийин.

Диабетолди ҳолатини жуда осонгина ўтказиб юбориш мумкин. Бундан келиб чиқадики, қондаги қанд миқдори эскича усулда ва доимий асосда мониторинг қилиб борилиши керак.

Айни пайтда Америка касалликларни назорат ва профилактика қилиш маркази (CDC) маълумотларига кўра, диабетолди ҳолатига дучор бўлган инсонларнинг 84 фоизи ўз ташхисидан мутлақо бехабар бўлади. Бунга сабаб одатда диабетолди ҳолатининг алоҳида белгилари бўлмайди. Диабетолди ҳолатининг камсонли эҳтимолли симптомларидан бири тирсаклар, бўйин, қўлтиқ ости ва чотдаги терининг қорайишидир. Уни аниқлашнинг ягона усули — риск гуруҳидаги беморларда оч қоринга ва овқат тановул қилинганидан сўнг глюкоза даражасини мунтазам баҳолаб бориш.

Шуниси хавфлики, беморларнинг кўпчилиги ўз ташхисидан бехабар бўлади ва даволашни бошлаб, ўз ҳаёти траекториясини яхши томонга ўзгартириш мумкин бўлган қимматли фурсатни бой беради.

Диабетолди ҳолатига ташхис қўйишда врач қондаги қанд миқдорини меъёрий диапазонда ушлаб туришни таъминловчи даволаш курсини белгилаши мумкин. Бунга шунчаки ҳаёт тарзини бироз ўзгартириб ҳам эришса бўлади. Мутахассислар жисмоний фаолликни ҳафтасига 300 дақиқагача ошириш, чекишни ташлаш, алкогол истеъмол қилмаслик, овқатланиш режими ва сифатига эътибор қилишни тавсия этишади.

Фото: Unsplash.com

Диабет қанақа бўлади?

ЖССТ таснифига кўра, қандли диабетнинг бир неча кўриниши бор. Бу биринчи ва иккинчи типдаги диабет, гестацион (ҳомиладорларга хос) диабет, СД типидаги бошқа специфик диабетлар. Асосан катталарда ва жуда кам учрайдиган латент автоиммун диабет (LADA ёки «1,5-типга оид диабет») алоҳида тип сифатида ажратилган.

Касалликнинг энг кўп тарқалган кўриниши 2-типдаги қандли диабетдир. Унга касаллик аниқланган ҳолатларнинг 95 фоизи тўғри келади, 1-типга эса бор-йўғи 5 фоиз.

1 ва 2-типдаги диабетлар турли сабабларга кўра пайдо бўлади. 1-типдаги диабетда ошқозон ости бези инсулин ишлаб чиқаришдан тўхтайди, чунки инсоннинг ўз иммун тизими ошқозон ости безининг инсулин ажралиб чиқаришга масъул оролчали ҳужайраларига ҳужум қилади. 2-типдаги диабетда ошқозон ости бези аввалгидан камроқ инсулин ишлаб чиқара бошлайди, инсон организми инсулинга сезгирликни йўқотади ва инсулинрезистентлик пайдо бўлади.

Диабетнинг энг муҳим белгилари қуйидагилар:

  • Чанқоқликнинг ошиши;
  • Тез-тез сийдик чиқариш;
  • Иштаҳанинг ниҳоятда очилиши;
  • Чарчоқ;
  • Кўриш қобилиятининг туманлашиши;
  • Қўл-оёқларнинг тез тез санчиши ва увишиши;
  • Ўткир рецепторли вирус инфекцияларига тез-тез чалиниш;
  • Яраларнинг жуда секин битиши;
  • Вазн йўқотилиши.

Қандли диабетда ҳам худди диабетолди сингари ҳеч қандай белгилар юз бермаслиги, қон таҳлилларида глюкоза даражасининг юқорилиги бемор учун нохуш сюрприз бўлиши ҳам мумкин.

Диабет типининг аниқлаштирилиши тўғри даволаниш курсини танлашда ёрдам беради. 1-типдаги қандли диабетда умрбод инсулин қабул қилиш билан терапия белгиланади, 2-типда эса инсулинрезистентликни камайтирувчи, инсулин ишлаб чиқаришни яхшиловчи ёки ортиқча глюкозани сийдик билан чиқариб ташловчи дорилар ёзиб берилади. Касалликнинг айрим формалари ирсиятга ҳам боғлиқлигидан, уларни фарқлаш ҳомиладорликни режалаштиришда ва беморнинг яқин қариндошлари орасидан рискларни аниқлашда асқатади.

Касалликнинг ривожланиши бўйича индивидуал рискни FINDRISC шкаласи бўйича ҳисоблаб топиш мумкин. Тадқиқот 45 ёшдан катта бўлган барчага, шунингдек риск гуруҳидагиларга тавсия этилган. Риск гуруҳидагилар қуйидагилар:

  • Оиласида 2-типдаги қандли диабет ташхиси қўйилган инсонлар;
  • Ўтириб ишлайдиган инсонлар;
  • Гестацион диабетга чалинган ёки йирик чақалоқ (4 килодан зиёд) дунёга келтирган аёллар;
  • Гипертензияга чалинган, холестерин даражаси юқори, поликистоз тухумдонлар синдромига эга беморлар ва бошқалар.

Агар натижалар яхши, хавф даражаси паст бўлса, тестни уч йилда бир марта қайта ўтказса ҳам бўлаверади.

Диабетнинг пайдо бўлиши: генетика, эпигенетика ва ошқозон ости бези функциясининг бузилиши

Мутахассислар диабет ривожланишининг камида 8 та механизмини санашади. Бу генетик, эпигенетик омиллар, семириш, инсулинрезистентлик ва ошқозон ости бези β («бета») ҳужайралари функциясининг йўқотилиши. Уларнинг барчаси қандли диабет патогенезида муҳим рол ўйнайди.

Бироқ энг муҳим омил — ошқозон ости безининг ўз вақтида етарли миқдорда инсулин ишлаб чиқариш бўйича тўғри ишлаши.

Қонда глюкоза миқдорининг доимий концентрациясини таъминлаб туриш — осон иш эмас. Ёрмалар, кўплаб мева ва сабзавотлар, сут маҳсулотлари глюкоза манбаи ҳисобланади ва улар истеъмол қилинган вақтда глюкоза организмга кўплаб киради. Организмнинг бу вақтдаги вазифаси глюкозанинг ортиқча қисмини захирага тўплаш. Тунда, овқат истеъмол қилиш оралиқларида ва жисмоний фаоллик вақтида организмнинг фаолият кўрсатиши учун глюкоза, аксинча, захирадан қонга ўтиши керак.

Кўплаб механизмлар инсулин ишини тартибга солади. Жигар, буйрак ва мушаклар — глюкоза захираси сақланадиган асосий жойлар. Жигар глюкозанинг ортиқча қисмини ёғга айлантиради, оқ ёғ тўқимаси (чарви) эса эркин сузиб юрган ёғлар бошқа органларга зиён етказмаслиги учун уларни тутиб, захирага тўплайди. Ичакларнинг ҳужайралари ҳазм қилувчи ферментлар ва инсулин ишини тартибга солиш учун инкретин гормонлари ишлаб чиқаради. Ичакларнинг бўшлиқлари микробиотлар, симбионт бактериялар учун уй саналади, уларнинг айримлари инсулинни ўғирлайди ва бизнинг танамизга таъсир қилмайдиган тарзда булочка ейиш учун имкон яратади.

Шамоллаш ҳолатларида иммун тизимнинг фаоллашиши организмнинг қолган қисмига касаллик даврида ҳужайраларни таъминлаш учун глюкоза даражасини ошириш зарурияти вужудга келгани борасида сигнал беради. Симпатоадренал тизим стресс чоғида организмни озиқ моддалар билан таъминлаш учун масъул. Бош мия ҳам глюкоза даражасини назорат қилишда иштирок этади.

Бу тартибга солиш жараёнининг исталган бири бузилса қонда кглюкоза миқдори ошиб кетиши мумкин. Дарвоқе, биз гипогликемиядан яхши сақланганмиз, қонда қанд миқдори тушиб кетиши унинг ошиб кетишига нисбатан камроқ учрайдиган ҳодиса. Органларнинг диабет келтириб чиқариш даражасида бузилишига ёғларнинг чарви кўринишида тўпланишдан ортиб кетиши, қонга кириб, ёғ тўплаш учун мосланмаган органларда йиғилиши сабаб бўлади. Лекин органлардаги бошқа касалликлар ҳам диабет чақириши мумкин. Масалан, Иценко-Кушинг синдроми. Унда буйрак усти стресснинг кортизол гормони ёки гипогонадизм — тестостерон ва эстрадиолнинг камайтирилган маҳсулотини ортиқча ишлаб чиқаради.

Диабетга сабаб бўлувчи углевод алмашинуви бузилиши механизмларидан яна бири репродуктив тизимнинг бузилишидир. Масалан, ёш аёлларда андрогенлар (стероид эркаклар гормони) ортиқча бўлиши ҳужайраларнинг инсулинга сезгирлигини камайтиради, менопауза келиши билан эстроген миқдори камайиши туфайли диабет риски ошади. Шунингдек, айрим тадқиқотлар тестостерон тақчиллигига эга эркакларда диабет ривожланиши риски борлигини таъкидлайди. Репродуктив тизим бўлажак ҳомиланинг ривожланиши учун захираларни тўплаш ва сарф қилиш ишига аралашади.

Диабетга олиб келувчи етакчи омиллар ҳолатдан ҳолатга қараб индивидуал ҳисобланади. Аммо асосий жараёнлар ошқозон ости безининг инсулин ишлаб чиқариш фаолияти бузилиши ёки ҳужайраларнинг инсулинга сезгирлиги камайишидир.

2-типдаги диабет — ирсий касалликми?

«Ирсий мойиллик қандли диабетнинг нафақат 1-типдаги, балки 2-типдаги ривожланиш рискида ҳам муҳим рол ўйнайди. Сўнгги ўн йилликларда ўтказилган полногеном тадқиқотлар инсулин ишлаб чиқаришда иштирок этадиган кўплаб генлар билан мураккаб ирсий боғлиқлик борлигини кўрсатган. Айнан бир генни ажратиб кўрсатиб бўлмайди. Қоида тариқасида ҳам ота, ҳам онадан теппа тенг мерос қилиб олинган диабетга мойиллик ёки ундан асровчи бутун бир омиллар комплекси ҳақида гап бормоқда.

Генларда дастурлаштирилган ахборотлардан фойдаланиш ҳомиланинг бачадонда ривожланиш даврига қаттиқ боғлиқ. Агар ҳомилага озиқ моддалар етишмаса ёки қанд ва ёғлар ортиқча берилса, катта бўлганида унинг захира қилиш генлари фаолроқ ишлайди ва инсон семириш ва диабетга қарши курашишга қийналади. Бу генларда пайдо бўлувчи махсус белгилар —эпигенетиклар сабабли юз беради. Генетика ва эпигенетиканинг умр давомида диабетга чалиниш умумий рискидаги улуши 20–30 фоизни ташкил этади. Қолган 70–80 фоизи овқатланиш, ҳаракатчанлик, болаликдаги ва балоғат остонасидаги саломатликка боғлиқ», — дейди Анна Беляева.

Фото: Unsplash.com

Замонавий маълумотлар инсон кўпроқ 2-типдаги диабетга мойил бўлишидан гапиради, бироқ рискларни ҳисобга олиб, тавсиялар (соғлом овқатланиш, жисмоний ҳаракатлар, ортиқча вазнга эга бўлмаслик) асосида яшашни тақозо этади. Бундай стратегия билан 2-типдаги қандли диабет рискини бутунлай йўқ қилиш мумкин.

Қандли диабет билан курашиш учун энг янги препаратлар

«10–15 йил аввал қонда қанд миқдорини камайтириб, организмнинг глюкоза миқдори ўзгаришига сезгирлигини сақлаб қолувчи препаратлар пайдо бўлиши билан диабетологияда катта қадам ташланди», — дейди Анна Беляева.

Врачнинг фикрича, бу глюкоза миқдорини назорат қилувчи механизмларларни ишга тушириш, унинг миқдорини кун бўйи бир маромда ушлаш имконини беради. Сулфонилмочевинлар ва инсулинлар синфига оид аввалги препаратлар қанд миқдорини «кескин» тушириб юборади, улар организмнинг талабларига сезгир эмас. Глюкозанинг ўртача миқдори пасаяди, лекин кун давомида катта фарқ сақланиб туради.

Америка диабет ассоциацияси (ADA)нинг сўнгги тавсияларига кўра, энг замонавий ва оммавий фойдаланилаётган препаратлар (аГПП-1, НГЛТ 2 ингибиторлари) бу устунликни сақлаб қолади, бироқ «қўшимча бонуслар»га эга. Масалан, иштаҳани камайтириш, бу вазн орттиришни тормозлайди, ўнлаб килограмм вазн ташлашга сабаб бўлади, касалликнинг юрак, қон томирлар ва буйракка таъсирини енгиллаштиради.

Уйқу, стресс ва овқат: ҳаёт тарзи 2-типдаги диабет ривожланишига қандай таъсир қилади?

Жисмоний юкламалар, овқатланиш, уйқу ва стресс — 2-типдаги диабетни профилактика қилиш учун диққат қаратиш лозим бўлган асосий омиллардир. Жисмоний фаоллик ҳажми (ҳафтасига 300 дақиқа), ортиқча вазндан воз кечиш ва овқатланиш рационининг мувозанатлашгани ҳам аҳимиятга эга.

2023 йилнинг мартида Nature Medicine журналида чоп этилган тадқиқот 200 минг кишининг ҳаёт тарзи ва овқатланиш рациони устидан 30 йиллик кузатувлардан сўзлайди.

«Инсулин миқдорининг кескин сакрашига сабаб бўлмайдиган, ўсимлик полифенолларига бой, саноат даражасида қайта ишланган озиқ-овқатлар билан камроқ овқатланиш нафақат 2-типдаги диабет рискини, бошқа сурункали касалликлар, жумладан хавфли ўсимталар ривожланиши рискини ҳам кескин камайтиради», — дейишмоқда экспертлар.

Диабетнинг олдини олиш учун жисмоний машқлар фойдаси бир неча тадқиқотларда ўз тасдиғини топган. Финландияда ўтказилган диабет профилактикаси атиги 3,5 кг вазндан халос бўлиш 2-типдаги диабетга учраш рискини икки баробар қисқартиришини кўрсатган.

Кам ҳаракатчан ҳаёт тарзига нисбатан ҳафтасига 150 дақиқа тез юриш ва ҳоказо енгил жисмоний машқлар бажариш ҳам диабет пайдо бўлиши хавфини камайтаришини кўрсатган.

«Умуман олганда, жисмоний чиниқиш даражаси қанчалик юқори бўлса, диабет пайдо бўлиш риски шунчалик кам. Бироқ ҳафтасига 300 дақиқадан кўп бўлган ортиқча жисмоний зўриқиш юракка зарар етказиб қўйиши мумкин. Шунинг учун оғир жисмоний машқлар врач назорати остида ўтказилиши керак», — дейди эндокринолог.

Мавзуга оид