Жаҳон | 17:44 / 24.04.2023
14335
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон МХҚ собиқ раҳбари Карим Масимов 18 йилга қамалди

Карим Масимов / Фото: Deutsche Welle

Остона шаҳар жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро судида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбари Карим Масимов ва қатор шахсларга нисбатан жиноят иши бўйича ҳукм эълон қилинди. 

Zakon.kz нашри хабарига кўра, Карим Масимов ва бошқа шахсларга ҳукм уларнинг иштирокида чиқарилган. Иш суд томонидан «Ўта махфий» мақоми остида кўриб чиқилди.

Карим Масимов Қозоғистон Жиноят кодексининг 175-моддаси 1-қисми (давлатга хиёнат) ва яна иккита модда билан айбдор деб топилиб, жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди

Хабарда маълумот берилишича, унинг мол-мулки мусодара қилинади, давлат хизматида лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум этилади.

1965 йилда туғилган генерал-лейтенант Карим Масимов 2016 йил 8 сентябрдан Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасини бошқариб келган. Мутахассислиги бўйича ҳуқуқшунос бўлган Масимов 2007-2012 ҳамда 2014-2016 йилларда Қозоғистон бош вазири, 2012-2014 йилларда Қозоғистон президент администрацияси раҳбари бўлиб ишлаган.

У 2022 йил 8 январ куни Қозоғистонда юз берган оммавий тартибсизликлардан сўнг қўлга олинганди.

Масимов 6 январ куни ўз лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнини собиқ Давлат қўриқлаш хизмати раҳбари Ермек Сагимбаев эгаллаганди. Масимовнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Нурсултон Назарбоевнинг жияни бўлмиш Самат Абиш ҳам ишдан олинган.

2022 йил март ойи бошларида Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси қўмитанинг собиқ раиси Карим Масимов устидан тергов жараёни бўйича айрим маълумотларни эълон қилганди.

“Мамлакатимиз ишбилармон доиралари ва хорижий субъектлардан кўчмас мулк, қимматбаҳо совғалар, жумладан, маданий бойликларни, катта миқдордаги маблағларни ноқонуний равишда олиш ҳолатлари ҳужжатлаштирилган. Хусусан, Масимов ёпиқ шартномалардан бири бўйича МХҚ раиси лавозимида хорижий давлат вакилларидан 2 миллион АҚШ доллари миқдорида пора олгани юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу маблағларнинг Ҳонконгдан Қозоғистон Миллий банкига қайтарилиши таъминланди”, дейилганди қўмита баёнотида.

Қўмита маълумотига кўра, собиқ амалдор ҳибсга олинганидан сўнг 2022 йил январ ойида ушбу меҳмон уйидан 17,2 миллион АҚШ доллари миқдорида нақд пул, шунингдек, кўплаб ҳашаматли буюмлар – қимматбаҳо соатлар, тилла қуймалар, ноёб буюмлар ва бошқа кўп нарсалар олиб қўйилган.

Мавзуга оид