Жаҳон | 19:00 / 24.04.2023
46675
8 дақиқада ўқилади

Хитой элчиси билан боғлиқ можаро. Пекин муносабат билдирди

Хитой ТИВ расмийси Хитой СССР таркибига кирган барча мамлакатларнинг суверенитетини ҳурмат қилишига ишонтирди.

Фото: TF1 INFO

Хитой ташқи ишлар вазирлиги душанба куни Хитой барча постсовет мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилишини маълум қилди. Бу баёнот хитойликларнинг Франциядаги элчиси француз телеканалига берган интервюсида собиқ СССР давлатлари мақомини шубҳа остига олиши туфайли юзага келган можаро фонида берилди.

Элчи Лу Шайнинг сўзларига Украина ва Болтиқбўйи мамлакатлари кескин муносабат билдирди. Латвия, Литва ва Эстония душанба куни Хитой элчиларини тушунтириш бериш учун чақиртирди.

«Тегишли масала бўйича Хитойнинг позицияси ўзгармаган. Ҳудудий суверенитетга келсак, Хитойнинг позицияси доимо аниқ бўлиб келган. Хитой барча мамлакатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низомининг мақсад ва тамойилларини қўллаб-қувватлайди», деди душанба куни Хитой ТИВ расмийси Мао Нинг матбуот учун брифинг чоғида - ундан Франциядаги элчининг сўзлари Хитойнинг расмий позициясини қанчалик акс эттириши ҳақида сўралганди.

«Советлар иттифоқи парчаланганидан кейин Хитой биринчилардан бўлиб янги ташкил топган мамлакатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатди ва шу пайтдан бошлаб икки томонлама муносабатлар, дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш учун доимо ўзаро ҳурмат ва тенглик тамойилларига амал қилиб келади», дея давом этган у.

Шунингдек, Мао Нинг баъзи оммавий ахборот воситалари Хитойнинг Украина бўйича позициясини «бузиб кўрсатаётгани»ни қўшимча қилди, лекин аниқ номларни айтмади.

Хитой ТИВ матбуот котиби Мао Нинг

Хитойнинг Франциядаги элчихонаси ҳам хитойлик дипломатнинг сўзлари фақат унинг ўта шахсий фикри бўлгани, бу сўзлар сиёсий баёнот ҳисобланмаслиги ва ортиқча талқин қилинмаслиги кераклигини билдирган.

Аввалроқ Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел элчи Лу Шайнинг сўзларини йўл қўйиб бўлмайдиган сўзлар деб атаганди ва бу сўзлар Хитой ҳукуматининг расмий позициясини акс эттирмаслигига умид билдирганди.

Литва ташқи ишлар вазири Габриелюс Ландсбергис душанба куни маълум қилишича, Хитойнинг Литва, Латвия ва Эстониядаги элчиларидан Лу Шайнинг сўзлари нимани англатишини тушунтириб бериш сўралган.

«[...] уларга эслатиб ўтиш керакки, биз постсовет давлатлари эмас, балки советлар иттифоқи томонидан ноқонуний босиб олинган давлатлармиз», деган Ландсбергис.

Болтиқбўйи мамлакатлари Евроиттифоқни вазиятга жиддий ёндашишга ва бу масалани Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг душанба кунга режалаштирилган учрашувида муҳокама қилишга чақирган.

Европарламент депутатлари Франция ташқи ишлар вазири Кэтрин Колоннадан хитойлик дипломатни чиқариб юборишга чақирди.

Еврокенгаш президенти Шарл Мишел эса ЕИ ва Хитой муносабатлари блокнинг июн ойидаги саммитида батафсил муҳокама қилинишини айтиб ўтган.

Можаронинг моҳияти

Жума куни кечқурун Лу Шай собиқ СССР давлатлари «халқаро ҳуқуқ борасида самарали статусга эга эмаслиги, чунки уларнинг статусига суверен давлатлар кучини тақдим этувчи халқаро келишув йўқлиги»ни айтганди.

Қрим Украинага тегишли экани ҳақидаги фикрга жавобан Лу Шай шундай деган: «Бу сиз масалага қандай қарашингизга боғлиқ. Бунинг тарихи бор. Қрим аввалбошдан Россияга тегишли бўлган. Хрушчев эса советлар иттифоқи вақтида Қримни Украинага бериб юборган» [иқтибос TF1 Info нашридан, бу машҳур телеканал худди LCI каби TF1 медиагуруҳи таркибига киради].

Хитойлик дипломат шунингдек постсовет чегаралари масаласида «баҳслар»ни тўхтатишга чақирган.

Шанба куни Франция ташқи ишлар вазирлиги бу сўзларни «хавотир билан маълумот учун эътиборга олгани»ни маълум қилиб, Хитойдан ўз позициясига аниқлик киритишни сўраганди.

Латвия, Литва ва Эстония ташқи ишлар вазирлари Хитой элчисининг сўзларини кескин қоралади.

Эстония ТИВ раҳбари Маргус Тсахкна Лу Шайнинг сўзларини «қайғули» ва тушунарсиз деб атади. Эстония ташқи ишлар вазирлиги Хитойнинг Таллиндаги элчиси чақиртирилишини маълум қилди. «Бизнинг мақсадимиз - бундай қарашларга йўл қўйиб бўлмаслиги, Эстония эса - суверен давлат экани ҳақида тушунча бериш», деган Тсахкна.

Литва ташқи ишлар вазири Габриелюс Ландсбергиснинг сўзларига кўра, Лу Шайнинг баёноти - Болтиқбўйи мамлакатлари Хитойга «Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича воситачиликни ишонмаслиги» сабабларидан бири эканини айтди.

Латвия ташқи ишлар вазири Эдгар Ринкевич элчининг сўзларини «мутлақо номақбул» деб атади. «Биз Хитой томонидан изоҳ ва бу сўзларни тўла рад этишни кутмоқдамиз», деган Ринкевич.

Bloomberg хабарига кўра, Хитой элчихонаси 24 апрел куни Лу Шай нутқининг тўлиқ стенограммасини хитой ва француз тилларида WeChat саҳифасида жойлаштирганди. Аммо бироз вақт ўтгач уни ўчириб ташлади. Агентликнинг таъкидлашича, суҳбат элчихонанинг расмий сайтида ҳам эълон қилинмаган.

«География билан яққол муаммоси бор»

Ўз навбатида, Украинанинг Франциядаги элчиси Вадим Омельченко ХХР элчисида ёки «география билан боғлиқ аниқ кўриниб турган муаммолар борлиги»ни, ёки унинг баёноти расмий Пекиннинг «Украинада халқаро ҳуқуқ ва БМТ Уставининг мақсад ва тамойиллари асосида тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари» бўйича позицияга зид келишини айтди.

Эммануэл Макрон ва Си Жинпинг Пекин марказидаги ҳарбий парад чоғида. Фото: EPA

Бундай саъй-ҳаракатлар Франция президенти Эммануэл Макроннинг апрел ойи бошида Пекинга ташрифи якунлари бўйича эълон қилинган Хитой-Франция қўшма декларациясида ҳам қайд этилган. Унда томонлар «Украинада тинчликни тиклашга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш» мажбуриятини олишган.

«Барча постсовет мамлакатлари халқаро ҳуқуқда мустаҳкамланган аниқ суверен статусга эга. Дарвоқе, Россия алдов йўли билан БМТ Хавфсизлик кенгашидан ўрин олганидан ташқари, - дея ёзган Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк твиттердаги саҳифасида. - Ўзининг минг йиллик тарихига синчковлик билан қарайдиган мамлакат вакилидан «Қрим тарихи»нинг абсурд талқинини эшитиш ғалати. Агар сиз катта сиёсий ўйинчи бўлмоқчи бўлсангиз, россиялик аутсайдерлар пропагандасини такрорламанг».

Қрим бўйича келишув тарихи

  • 1954 йил февралида СССР ҳукумати «Қрим областини РСФСР таркибидан УССР таркибига ўтказиш тўғрисида»ги фармонини чиқарган. «Қрим области Украина ССР ҳудудига боғлангани, умумий иқтисодиёт ва Қрим области ҳамда Украина ССР ўртасидаги яқин иқтисодий ва маданий алоқаларни ҳисобга олган ҳолда», дейилган фармон матнида.
  • 1954 йил 26 апрелида СССР Олий кенгашининг сессияси РСФСР ва УССР Конституцияларига уларнинг ҳудудлари таркибига оид ўзгартиришларни тасдиқлайди. Шу тариқа, Қрим қонунан Украинанинг бир қисмига айланади.
  • Советлар иттифоқи парчаланганидан кейин Украина ва Россия бир неча янги келишувларни имзолайди, уларда давлатларнинг 1991 йилдаги ҳудудлари тан олинган.
  • 2014 йил 17 мартида, Россия қўшинлари Қримга кириб, асосий ҳарбий ва давлат объектларини назоратига олгач, Россия президенти Владимир Путин Қрим Республикасини мустақил давлат сифатида тан олиш тўғрисидаги фармонни, бир кун ўтиб эса Қримни Россия Федерацияси таркибига қўшиб олиш тўғрисидаги битимни имзолайди.
  • Қримни дунёнинг фақат олти мамлакати Россия ҳудуди деб тан олган: Венесуэла, Никарагуа, Сурия, Афғонистон, Шимолий Корея ва Куба.
  • Қрим аннексияси бир неча марта БМТ Бош Ассамблеяси резолюциялари билан қораланган.

Мавзуга оид