Украина қарши ҳужумга қандай тайёрланмоқда? Асосий саволлар
Киевга қандай қуроллар керак? Пентагондан махфий маълумотлар сиздирилиши режаларга таъсир қиладими?
Украина расмийлари 2022 йил охиридан бери фронтдаги қарши ҳужум ҳақида гапириб келмоқда. Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Даниловнинг ишонтиришича, Украинанинг қарши ҳужуми қаерда ва қачон бошланишини бутун сайёра бўйича фақат беш киши билмади. Апрел ойи бошида АҚШ разведкаси ва Пентагоннинг Украина ва Россия армияларининг ҳозирги аҳволи ҳақида маълумот берувчи махфий ҳужжатлари тармоқларда тарқалиб кетди. Ҳақиқийлиги тўлиқ аниқ бўлмаган маълумотларда Украина қуролли кучларининг ҳужумкор бригадалари 2023 йил 30 апрелгача тузилиши кераклиги таъкидланган.
«Украинская правда» газетаси журналистлари Украина ҳукумати ва ҳарбий тузилмаларидаги ўнлаб манбалар билан суҳбатлашган ва қарши ҳужумга тайёргарлик қандай олиб борилаётгани, Ғарб қуроллари таъминоти ва АҚШ махфий ҳужжатлари ошкор этилиши ҳужумга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар тўплаган.
Қарши ҳужум қачон бошланиши мумкин?
2023 йил феврал ойи бошида Украина ҳарбий-сиёсий раҳбарияти вакиллари томонидан G7 дипломатлари учун ўтказилган ёпиқ брифингларда қарши ҳужум операцияси бошланадиган вақт сифатида «апрел-май» ойлари айтилган. Бу ҳақда журналистларга учрашувларда иштирок этган дипломатик доиралардаги суҳбатдошлар хабар берган.
Аммо ҳозир бу вақт аллақачон «май-июн» ойларига ўзгарган. Бунинг сабаби Киевга Ғарб қурол-яроғларини етказиб беришдаги кечикишлардир. Шунингдек, сув тошқинлари билан бирга келган ҳаддан ташқари нам об-ҳаво ҳам ҳарбий логистика ва оғир техникалар ҳаракатини қийинлаштирмоқда.
«Пентагондан сиздирилган, қисман ишончли бўлиб кўринаётган ҳужжатлар қарши ҳужумнинг тўхтатилишига олиб келмайди. Бизнинг ҳақиқий режаларимиз ҳақида у ерда бир оғиз ҳам сўз айтилмаган», деган Украина хавфсизлик хизматининг юқори мартабали амалдори журналистларга.
Украина ҳарбий раҳбарияти вакилларининг фикрича, махфий ҳужжатлар ошкор этилиши Москва учун эмас, балки Вашингтон учун фойдалироқдир. Бу улар кенг кўламли ҳарбий маълумотларга эгалигини кўрсатмоқда ва икки томон ҳам жанг майдонида урушни тугата олмаслигига ишора қилмоқда. Чунки урушаётган томонларнинг ҳеч бири стратегик устунликка эга эмас.
Украина қарши ҳужумга қандай тайёргарлик кўрмоқда?
«Украинская правда» нашри маълумотларига кўра, апрел ойи бошида Зеленскийнинг офисида ёпиқ йиғилиш бўлиб ўтган, унда қарши ҳужум учун тузилган янги ҳарбий бригадаларни тўлдириш учун кураторлар тайинланган. Йиғилишга фақат энг ишончли мансабдор шахслар таклиф этилган, булар Украина президенти девони бошлиғи ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари, давлат банки ва энергетика соҳаси топ-менежерлари, уруш даврида ўз самарадорлигини кўрсатган бир қанча вазирлар ва депутатлар.
«Аслида, бу Зеленскийнинг яхши идеяси. Бу унинг одамлари ва улар ҳарбийларга тезкор ёрдам бериши мумкин. Шунингдек, президент бу орқали бригадалар билан бошқа тўғридан тўғри алоқа каналига эга бўлади ва ҳеч бир ҳарбий ёки амалдор президент девонига муаммо бор пайтда ҳаммаси жойида экани ҳақида ёлғон хабар бера олмайди. Кўпгина амалдорлар ва менежерлар бригадаларга шу ерда ва ҳозир керак бўлган таъминот занжирларини қандай қилиб тўғри ва тезроқ ташкил қилишни аниқ билади», дея тушунтирган президент жамоасидаги манба.
«Украинская правда»нинг ёзишича, Украина қуролли кучлари ва Миллий гвардиянинг камида 16 та бригадаси қарши ҳужум операциясига тайёрланмоқда. Бу тахминан 40-50 минг аскар дегани. «Медуза» нашри маълумотларига кўра эса, ҳужумга тайёргарлик кўраётган 22 та бригаданинг сони ва номлари маълум.
«Ҳужум гвардияси» деб номланган энг кўзга кўринган тўплам Миллий гвардиянинг етти бригадаси («Бўрон», «Спартак», «Червона Калина», «Чегара», «Азов», «Қоратоғ», «Таврия»), Давлат чегара хизматининг «Пўлат чегара» номли бригадаси ҳамда Украина Миллий полициясининг «Ғазаб» бригадасидан ташкил топган.
«Украинская правда» маълумотларига кўра, «Ҳужум гвардияси» бригадалари буткул янгидан тузилмаган, балки мавжуд жанговар бўлинмалардан қайта ташкил қилинган. Масалан, «Чегара» ва «Бўрон» бригадалари Северодонецк, Лисичанск ва Бахмутда мудофаа операцияларида иштирок этган бўлинмалар асосида тузилган.
«Бўрон» бригадаси батальонларидан бирининг командири Константин Вахромеев журналистларга унинг бўлинмасида янги хизматчилар атиги 20 фоизни ташкил қилишини айтган. Бўлинманинг қолган аскарлари эса жанговар бўлмаган қисмлардан ўтказилган фаол ҳарбий хизматчилар ва миллий гвардиячилар. Вахромеевнинг батальони 700 кишидан иборат бўлиб, ундан 400 нафари штурмчи пиёдалар, қолган 300 нафари эса артиллериячилар ва таъминот бўлинмалари аъзоларидир. Барча ҳарбий хизматчилар 45 кунлик тайёргарликдан ўтади. Ҳарбий шифокорлар, сапёрлар ва сержантлар чет элда — Полша, Буюк Британия ва Германияда тайёрланади.
«Биз ҳужумкор отрядларга эътибор қаратамиз. Чунки бизнинг вазифамиз ичкарига ёриб кириш ва душманга зарба беришдир. Ана ўшанда Украина қуролли кучлари ортимиздан кириб, мустаҳкам ўрнашиб олади. Техникалардан бизда зирҳли транспортёрлар ва миномётлар бор», дейди Вахромеев.
У ўз бўлинмасининг тайёргарлигини 75 фоизга баҳолаган. Командирнинг сўзларига кўра, олдинда ҳали бир ойлик машғулотлар бор. Бироқ, «Ҳужум гвардияси»нинг баъзи жангчилари аллақачон жангларда қатнашмоқда. Масалан, «Бўрон» бригадаси Луҳанск областидаги фронт чизиғининг бир қисмини ҳимоя қиляпти.
Украина қуролли кучларининг янги бригадалари эса, нолдан ва ортиқча шовқинсиз тузилмоқда. Пентагоннинг сиздирилган маълумотларига кўра, Украина қуролли кучлари гўёки 12 та янги жанговар бригада тузади ва улардан тўққизтаси АҚШ ва НАТО томонидан ўқитилиб, қурол-яроғ билан таъминланади.
«Тўғриси, ҳаракатдаги жанговар бўлинмаларни олиш, тўлдириш, уларга янги техникалар бериш, мувофиқлаштириш ва улардан ҳақиқий зарбдор мушт ясаш яхшироқ бўларди. Бу муштни ҳар қандай йўналишда самарали қўллаш мумкин. Биз эса ҳозир нима қиляпмиз? Биз ҳужумга янги бўлинмаларни юбормоқдамиз. Улардан баъзилари албатта қуролларини ташлаб, қочиб кетади, чунки уларнинг аксарияти кўчадан олиб келинган одамлар», деган шахси сир қолишини сўраган тажрибали ва нуфузли батальон командирларидан бири.
Қарши ҳужум учун Киевга қандай қуроллар керак?
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний декабр ойида The Economist нашрига берган интервюсида Украина армиясига қарши ҳужум учун 300 та танк, 600-700 та пиёдалар жанговар машинаси ва 500 та гаубица керак бўлишини айтганди. Бироз вақт ўтиб, ғарблик иттифоқчилари Украинага танклар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб берилишини эълон қилди. Самолётлар етказиб бериш масаласи эса ҳозирча очиқлигича қолмоқда.
«Украинская правда» нашрининг мамлакат қуролли кучларидаги қурол-яроғ бетказиб бериш билан бевосита боғлиқ бўлган суҳбатдоши етказиб берилаётган қуролларнинг сифатини асосий муаммо деб атаган.
«Сиёсатчилар томонидан эълон қилиш ва реал тайёргарлик икки хил нарса. Уларнинг техникалари ҳам кўпинча очиқ осмон остида сақланади ва қоғозда ажойиб кўринувчи нарсалар реалликда анча бошқачароқ бўлади. Шунинг учун ҳам етказиб бериш секинлик билан давом этмоқда», дейди у.
Киевга биринчи навбатда керак бўлувчи қуроллар қуйидагилардир:
- 150 километргача учувчи GLSDB снарядлари эга HIMARS қурилмалари;
- HARM радарга қарши ракеталари;
- ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун Patriot, NASAMS, IRIS-T ракеталари;
- нишон олиш тўпламларига эга JDAM бомбалари;
- Abrams, Challenger, Leopard танклари;
- Humvee зирҳли автомобиллари;
- 155 миллиметр калибрли М777 гаубицалари;
- 500 минг снаряд.
«Украинская правда» нашрининг аксарият манбалари қарши ҳужумни сиёсий мақсадларга кўра эмас, балки Украина қуролли кучларининг тайёргарлигига қараб бошлаш кераклигига қўшилган.
«Урушнинг боришига сиёсий ва дипломатик омиллардан тортиб, тўғри тузилган таъминот занжири ва шахсий таркибнинг мотивациясигача бўлган бир қатор омиллар таъсир қилади. Агар бу омилларнинг барчаси тўғри амалга оширилса, муваффақият Украина қуролли кучлари томонида бўлади», дейди нашрнинг Украина Бош штабидаги суҳбатдошларидан бири.
Мавзуга оид
21:53
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00