Жаҳон | 21:58 / 26.04.2023
22667
9 дақиқада ўқилади

Зеленскийнинг уруш бошидан буён Си билан илк мулоқоти. Бу нима учун муҳим?

Украина президенти Володимир Зеленский Хитой раҳбари Си Жинпинг билан «узоқ ва мазмунли» телефон мулоқоти ўтказилганини маълум қилди. Бу томонларнинг Россиянинг Украинага босқини бошланганидан буён илк бор алоқа қилиши бўлди, бу мулоқот ХХР раисининг март ойида Москвага амалга оширган ташрифидан буён кутилаётганди. Хитойнинг ўз тинчлик ташаббуси бор, Киев унга вазминлик билан ёндашади, Ғарб эса - шубҳа билан қарайди.

Володимир Зеленский Си Жинпинг билан музокаралар чоғида «Украина учун адолатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш» масаласи муҳокама қилингани ҳақида айтди. 

«Ҳеч ким Украина халқичалик тинчлик истамайди. Биз — ўз еримиздамиз ва ўзимизни ҳимоя қилишга бўлган ажралмас ҳуқуқимиздан фойдаланган ҳолда келажагимиз учун курашяпмиз. Тинчлик халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва БМТ Низомига ҳурмат асосида, адолатли ва барқарор бўлиши керак. Ҳудудий ён беришлар орқали тинчликка эришиб бўлмайди. Украинанинг ҳудудий яхлитлиги 1991 йилги чегараларда тикланиши керак», — дея ёзди Зеленский ўз телеграм-каналида.

У шунингдек, ушбу қўнғироқ, Украинанинг Хитойдаги элчиси тайинланиши каби ўзаро муносабатлар ривожига катта туртки беришига ишонч билдирган.

Кўп ўтмай Зеленский Павел Рябикинни Украинанинг Хитойдаги янги элчиси этиб тайинлангани маълум бўлди. Рябикин муқаддам стратегик саноат вазири сифатида ишлаган.

AFP агентлиги ёзишича, Пекин ушбу телефон мулоқоти Украина томони ташаббуси билан ўтказилганини маълум қилган.

Украина ва Хитой раҳбарлари телефон орқали гаплашишини ХХР раисининг Москвага амалга оширган уч кунлик ташрифидан кейин кута бошлашганди, бу ерда у РФ президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказганди.

Си Жинпинг Украинадаги уруш бошидан буён илк бор президент Зеленский билан гаплашмоқчи экани ҳақида Wall Street Journal нашри унинг Москвага ташрифидан ҳам олдинроқ ёзганди.

Ташриф 20-22 март кунлари амалга оширилди. Март ойи охирида Financial Times Европа Иттифоқи Си Жинпингни Зеленский билан музокара ўтказишга кўндиришга уринаётгани ҳақида хабар берганди. Нашр манбаси қайд этишича, Хитойнинг Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишдан манфаатдорлиги ижобий сигнал сифатида баҳоланиши керак.

Зеленскийнинг ўзи март ойида Yomiuri Shimbun газетасига берган интервюсида дипломатик каналлар орқали ХХР раиси билан музокаралар ўтказиш бўйича таклиф юборганини айтганди. Апрел ойи бошида Хитой раҳбари Украина президенти билан гаплашишга тайёрлигини айтди.

Reuters агентлиги ёзишича, бугун Хитой давлат нашрлари Си Зеленскийга Пекин Украинага махсус делегация юборишга ва тинчликка интилувчи барча томонлар билан музокаралар ўтказишга тайёрлигини айтган.

Шу вақтга қадар Пекин Россия босқини масаласида бетараф позиция намойиш этишга ҳаракат қилиб келарди. Си Жинпинг - урушни қоралашдан тийилган энг нуфузли сиёсатчи ҳисобланади. Феврал ойида у Украина учун 12 банддан иборат тинчлик режасини тақдим этганди, Ғарб бу ташаббусни шубҳа билан қарши олган, Украина эса бунга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлган.

Хитой давлат нашрларига кўра, Си Жинпинг Зеленский билан суҳбатда Хитой ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни тезлаштиришга интилишини айтган.

«БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси ва масъулиятли йирик давлат сифатида, биз қўл қовуштириб ўтирмаймиз, оловга мой сепмаймиз ва айниқса ундан фойда чиқариб олишга ҳаракат қилмаймиз», деган хитойликлар етакчиси.

Xinhua агентлиги хабар беришича, Хитой «можарога ечим топиш» бўйича музокаралар олиб бориш учун Украина махсус вакилини юборади. Хитой ўз баёнотида Украинадаги урушни айнан «можаро» деб атаган. Украинага юбориладиган махсус вакил эса ХХРнинг Россиядаги собиқ элчиси Ли Ҳуэй бўлади.

Си Жинпинг ҳеч қачон Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинини қораламаган. Фото: Reuters

Европада дўст орттиришга уринишми?

BBC Хитой хизмати вакили Ҳовард Чжаннинг шарҳи

Хитой расмий нашрлари телефон мулоқоти тафсилотларини келтирмаган ҳолда якдиллик билан Си Жинпингнинг «вазиятни назоратга олгани»ни алқамоқда, шунингдек Хитойнинг «бетарафлиги» таъкидланмоқда.

Аммо, Хитойнинг расмий ҳисоботларини ўқиганда, битта муҳим хусусият кўзга ташланади - нозик, аммо сезиларли: Украина ва унинг президенти ҳақида гапирганда, очиқдан очиқ салбий хулосалар йўқлиги.

Украина яна «стратегик ҳамкор»га, Зеленский эса - икки томонлама муносабатларга «доимо диққат билан қарайдиган» президентга айланди. Шунингдек, Си Жинпинг илк марта урушнинг илк кунларида Хитой фуқаролари эвакуациясида кўрсатилган ёрдам учун Украинага миннатдорчилик билдиргани қайд этилган.

Бу эса уруш бошида Хитой нашрларида Украина ва президент Зеленскийга кўрсатилган муносабатдан тубдан фарқ қилади.

Россия босқинидан кейин Хитой расмий нашрлари амалда Москванинг нуқтайи назари ва нарративларини эфирга узатганди - россияликларнинг бомбалари Украинанинг қурол-яроғ омборларини нақадар муваффақиятли йўқ қилаётганидан тортиб, миллий қўллаб-қувватлов эскалацияни қанчалик кучайтираётганигача. Хитой ижтимоий тармоқлари ҳам Ғарбга қарши шиорлар билан тўлиб тошганди.

Расмий оҳангнинг ўзгариши Си ҳукуматининг Европада «дўстлар орттириш»га қаратилган «буюк дипломатик юриши»га мос келади.

Шунингдек, бу телефон мулоқоти Хитойнинг Франциядаги элчиси собиқ совет республикалари суверенитетини шубҳа остига олиб кўтарган шов-шув ортидан бўлиб ўтди.

Телефон мулоқоти шу можародан кейинги дипломатик зарарни қоплаш учунми? Си амалда ҳам «вазиятни назоратга олиши» мумкинми? Шубҳасиз, бутун дунё буни катта қизиқиш билан кузатиб туради.

Ғарб мамлакатлари ҳисоблашича, Хитойнинг тинчлик ташаббуслари Украина учун жуда мавҳум кўринади ва урушдан чиқишнинг муайян йўлини ўз ичига олмаган, шунингдек, Путин томонидан ўзи учун қулай сулҳга эришиш учун қўлланиши (рус қўшинлари ўзи босиб олган ҳудудлар устидан назоратни сақлаб қолган ҳолда) мумкин.

Москвага Хитойнинг воситачилиги маъқул.

Зеленскийнинг Си Жинпинг билан телефон мулоқоти юзасидан изоҳ берар экан, Россия ТИВ расмийси Мария Захарова «Хитой томони музокаралар жараёнини йўлга қўйиш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрлиги»ни қайд этган. Унинг фикрича, Россиянинг можарога ёндашуви билан Хитойнинг 24 феврал куни - урушнинг бир йиллигида эълон қилинган тинчлик ташаббуси ўртасида «кенг уйғунлик» мавжуд.

Зеленскийнинг матбуот котиби Никифоров ҳам Украина ва Хитой тинчлик режаларидаги «туташ нуқталар» ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, гап ядро қуролидан фойдаланмаслик ва уни тарқатмаслик, шунингдек, ядровий иншоотлар хавфсизлигини таъминлаш ҳақида кетмоқда.

«Ушбу кесишиш нуқталаридан бу мулоқотни ривожлантиришни бошлаш мумкин. Хитой тинчликни тиклашдан манфаатдор экани ҳам ёқимли», дея қайд этган у.

Украина ҳукумати анчадан буён Пекинни урушни тугатишга ёрдам бериш учун Россияга бўлган таъсиридан фойдаланишга ундаб келарди.

Хитой энди Европа сотиб олмайдиган Россия нефтининг энг йирик харидорига айланган ва Ғарбнинг Москвага қўллаган санкцияларига қарши чиққан, шу билан бирга Россиянинг Украинага босқинини очиқчасига қўллаб-қувватлашдан тийилган.

АҚШ сўнгги ойларда Хитой Россияга қурол ёки ўқ-дори етказиб беришни бошлаши мумкинлигидан хавотир билдираётганди. Пекин эса бир неча бор бундай режалари йўқлигини маълум қилганди.

Муросага келишми ёки ғалаба?

BBC’нинг Украинадаги корреспонденти Жеймс Уотерҳаус мазкур телефон мулоқотининг аҳамияти ҳақида:

Бир ой олдин президент Зеленский Си Жинпинг билан гаплашмоқчи экани ва ҳатто уни Москвада Владимир Путин билан кечадиган учрашувдан кейин Киевга келишга таклиф қилганини айтганди. Аммо Хитой раҳбари зарурат бўлмаса ҳеч қачон бундай сафарларни амалга оширмаган.

Пекин Россиянинг Украинага босқинини қоралашдан бош тортган ва бунинг ўрнига ушбу мамлакат билан иқтисодиқ алоқаларни янада мустаҳкамлаганди. Энди, афтидан, бу давлат ўзи билан алоқаларни мустаҳкамлашга умид қилаётган Киев билан мулоқот қилишга ҳам тайёр.

Аммо улар ўртасида урушни қандай тугатиш бўйича улкан мафкуравий тафовут мавжуд. Пекин сиёсий муросага эришмоқчи, Киев эса ҳарбий ғалабани хоҳлайди. Шунга қарамай, президент Зеленский бу қўнғироқ Россия босқинини қўллаб-қувватлаш даражасига путур етказишига умид қилади.

Мавзуга оид