Ўзбекистон | 11:31 / 27.04.2023
4094
4 дақиқада ўқилади

Ривожланиш учун ватандошларни жалб қилиш – Хитой тажрибаси

Хитой иқтисодий мўъжизаси мамлакатни иқтисодий жиҳатдан қудратли давлатга айлантирган фавқулодда ҳодиса бўлди. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Хитой иқтисодий ривожланишида хорижга кетган хитойликларни жалб қилиш тажрибаси бўйича таҳлилларини эълон қилди.

Фото: Shutterstock

МҲТИ мутахассислари ўсиш омили сифатида ватандошларни жалб этиш бўйича Хитой тажрибаси таҳлилларини Kun.uzʼга тақдим қилди. Унга кўра, иқтисодий ўсишда асрлар давомида шаклланган ва ҳозир дунёнинг 198та мамлакати, турли минтақаларидаги 50 миллион нафардан 60 миллион нафаргача кишини ташкил этувчи Хитой диаспораси муҳим рол ўйнади ва ўйнашда давом этмоқда.

Агар иқтисодий қудрат шакллана бошлаган 80-йилларда хитойлик муҳожирлар мамлакатга сармоя киритувчи асосий сармоядорлар вазифасини бажарган бўлса, ҳозир кўп ҳолларда Жануби-Шарқий Осиёда Хитойнинг “Белбоғ ва йўл” ташаббуси тарғиботчилари бўлмоқда.

Ҳозирги кунда ҳам Хитойга киритилаётган хорижий сармояда хитойлик муҳожирларнинг улуши катта. Шу мақсадда сўнгги йилларда Хитой ҳукумати тўғридан тўғри хорижий инвестициялар учун очиқ бўлган тармоқлар сонини кенгайтириш устида ишлаяпти. Булар асосан ишлаб чиқарадиган саноат тармоқлари, айниқса, юқори технологияли соҳалардир.

Ҳукумат хорижий инвестициялар бўйича кўп чекловларни олиб ташлаган ва тажриба тариқасидаги эркин савдо зоналари механизмидан фаол фойдаланишга ўтган.

Бундан ташқари, Хитой бутун дунё бўйлаб хориждаги хитойликларнинг салоҳиятини жалб қилиш учун кенг тармоқланган ва фаол тизимга эга.

Масалан, Хорижда истиқомат қилувчи хитойликлар иши бўйича департамент хориждаги хитойлик ишбилармонлар ва маҳаллий корхоналар ўзаро келишиб олиши, музокаралар ўтказиши ва ҳамкорликни йўлга қўйиши учун платформалар яратади. Департамент бу платформалар доирасида хитойлик муҳожирлар сармоясини жалб қилишга қаратилган кўплаб тадбирларни ўтказади. Уларнинг орасида Хорижда Хитой тадбиркорлигини ривожлантириш ярмаркаси, Хориждаги Хитой саноат ярмаркаси, Илмий-техникавий ва инновацион ҳамкорлик ярмаркаси бор.

Хориждаги Хитой тадбиркорлари ассоциацияси, шунингдек, хорижда Хитой тадбиркорлиги ярмаркаларини ташкил этишга ҳам ихтисослашган. Мақсад –Хитойни ривожлантириш учун муҳожирларнинг имкониятларидан фойдаланиш.

Хитой ҳукумати China International Import Expo, Service Trade Fair ва Consumer Expo каби йирик кўргазмаларни ташкил этади. Бундай тадбирлар йирик компаниялар билан ҳамкорлик қилиш учун халқаро платформа ҳисобланади. Хитойлик ишбилармонлар ва хориждаги Хитой компаниялари ҳам ўз брендларини тарғиб қилган ва Хитой бозорига кириш йўлларини ривожлантирган ҳолда ушбу кўргазмаларда фаол иштирок этмоқда.

Шу билан бирга, Хитойда чет элга ўқиш учун кетаётган хитойликлар сонининг ҳар йили барқарор ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Бошқа томондан, диплом ва илмий даража олиб, Хитойга қайтган фуқаролар сони ҳам ортиб бормоқда. 2021 йилда бир миллиондан ортиқ хитойлик битирувчилар ўз ватанига қайтди. Бу 2019 йилдагига (777 минг) нисбатан анча кўп.

Ўсаётган иқтисодиёт, фан ва техника, иқтисодиёт, таълим ва давлат бошқаруви каби соҳаларда янги иш ўринларининг ташкил этилиши битирувчиларда ўз ватанига қайтиш истагини кучайтирмоқда.

Ўзбекистон ватандошларни жалб қилиш бўйича Хитой тажрибасини синчиклаб ўрганиши мақсадга мувофиқ. Чунки хориждаги ўзбек диаспорасининг салоҳияти ҳам юқори”, – дея тавсия қилади МҲТИ мутахассислари.

Мавзуга оид