«Россияликлар душманимиз эмас. Бизда ҳукумат билан келишмовчиликлар бор, лекин халқ билан эмас» — АҚШ элчиси
Линн Трейси 2023 йил январидан бери АҚШнинг Москвадаги элчиси. У бу лавозимда Жон Салливан ўрнини эгаллади. Бунгача Трейси тахминан тўрт йил давомида АҚШнинг Арманистондаги элчиси бўлган ва ундан аввал Афғонистон, Қозоғистон, Покистон ва Туркманистонда ишлаган. Линн Трейси «Коммерсант» нашрига Москвадаги элчи сифатидаги фаолияти давомида биринчи катта интервьюни берди.
Россияликларга муносабати ҳақида
Бу ерга илк бор 20 ёшдан сал ошганимда талаба сифатида келганман. Совет иттифоқи даврида эди. Мана, учинчи ташрифим давомида шуни айтишим мумкинки, Россияда яшовчи одамларни аввалгидек жуда ҳурмат қиламан. Россия — буюк тарих ва жуда бой маданиятга эга мамлакат.
Мен халқ дипломатиясига ишонаман ва уни қўллаб-қувватлайман. Биз, Америка Қўшма Штатларининг Россия ҳукумати билан келишмовчилиги бўлиши мумкин, лекин Россия халқи билан эмас.
Россия қайси йўналишда кетаётганини кўриш ачинарли: у ўтмишга, қатағон даврида қайтаётганга ўхшайди. 1980-йиллар охирида бу ерга келганимда, Николай Бухариннинг реабилитацияси билан жамият қандай илҳомлангани, ниҳоят ўтмиш ҳақида очиқ-ойдин гапириш мумкин бўлганини яхши эслайман. Шу сабабли, норозилик ва хотира овозлари яна бўғилаётганини кўриш жуда ачинарли ва хавотирли.
Россияликлар америкаликларнинг душмани ёки йўқлиги ҳақида
Ҳозир русофобия, Россияни йўқ қилиш, Россиянинг келажагига барҳам бериш ҳақида кўп гапирилмоқда. Бу Қўшма Штатларнинг мақсади эмас. Ва биз, албатта, Россия халқини ҳеч қандай тарзда йўқ қилишни хоҳламаймиз. Умуман олганда, АҚШ-Россия муносабатларига келсак, шуни таъкидлашни истардимки, Қўшма Штатлар россияликларни душман деб ҳисобламайди. [Шунга қарамай] бизнинг муносабатларимиз жуда узоқ вақтдан бери энг паст нуқталардан бирида.
Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳақида
Россия 2014 йилда Украинадаги вазиятни нотўғри талқин қилди. Ва 2022 йилда уни яна нотўғри талқин қилди ва шундай қилишда давом этмоқда. 2013 йилда Украина Европа Иттифоқига юзланди. Аммо кейинчалик Украина ҳукумати Европа Иттифоқи билан ҳамкорликдан воз кечди. Бу қарор [Украинада] кучли реакцияга сабаб бўлди ва Россия 2014 йилда экстремал беқарорлик йўлига ўтди, Қримни ноқонуний равишда аннексия қилиб, Донбассдаги вазиятни беқарорлаштирди. Шу билан бирга, Украинанинг НАТОга аъзолиги [украиналиклар орасида] қўллаб-қувватланмаган эди.
Россиянинг Украинага қарши ҳаракатлари ўша пайтдаги ва ҳозир ҳам Россия стратегик хавфсизлигини кучайтирганини қандай таъкидлаш мумкинлигини тушунмаяпман. Улар буни қандай кучайтирдилар? Ахир, Россия ўз хавфсизлиги ҳақида қайғураётганини иддао қилиб, айнан шу аргументни ишлатмоқда. Мен хавфсизлик билан боғлиқ вазият яхшиланганини кўрмаяпман.
Ҳозир украиналикларнинг НАТО аъзоси бўлиш иштиёқи янада баландроқ. Ва нафақат украиналикларнинг, балки Финландия ва Швеция ҳам узоқ вақт давомида нейтрал бўлган давлатлар. Финландия эндигина НАТО аъзоси бўлди ва Швеция кейингиси бўлишини кутяпмиз. Шунинг учун, мен Россияда бу ҳаракатларнинг барчаси хавфсизлик нуқтайи назаридан қандай изоҳланишини эшитиб, саволимга жавоб топа олмаяпман: буларнинг барчаси Россия хавфсизлигини мустаҳкамлашга қандай ёрдам берди?
Россия урушни бошлаб, хатога йўл қўйгани ҳақида
Россия хато қилди, у Украинага кирганида маҳаллий аҳоли қўшинларни олқишлар билан кутиб олишини кутди. Аммо бундай бўлмади. Украиналиклар қаршилик билан жавоб беришди, биз бу қаршиликни кўриб турибмиз, бу ташвиқот маҳсули эмас. Биз украиналиклар ўз ватанини ҳимоя қилиш ва жанг қилиш иродасини намойиш қилаётганини кўряпмиз.
Россия расмийларининг риторикаси ҳақида
Мен «англо-сакслар» атамаси қўлланаётганини пайқадим. У менга жуда ғалати туюлади. Ўрта асрларга хос ибора. Тез орада варяглар ҳақида эшитсам, ҳайрон қолмайман. Бу эса кўп миллатли давлат бўлган Қўшма Штатларнинг моҳиятини умуман акс эттирмайди. Шунинг учун, Қўшма Штатларни тасвирлашда ишлатиладиган «англо-сакслар» ибораси жуда ғалати туюлади.
Журналист Эван Гершковичнинг ҳибсга олиниши ҳақида
Сиёсий сабабларга кўра одамларни ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш амалиёти Россиянинг дунёдаги обрўсига янада путур етказади. Бу обрў аллақачон тушиб кетган, айниқса ўтган йили Украина босқинидан кейин.
Эванга қўйилган айбловлар асоссиз. У The Wall Street Journal газетасида ишлайдиган мустақил журналист ва Россия Ташқи ишлар вазирлигида журналистик аккредитацияга эга. Биз Россияни зудлик билан озод қилишга чақирамиз. Шунингдек, биз Пол Уиланни зудлик билан озод қилишга чақирамиз. Пол тўрт йилдан кўпроқ вақт давомида Россияда ноҳақ ҳибсда сақланмоқда. Уларнинг иккиси ҳам уйига, оиласига қайтиши керак.
Санкциялар ҳақида
Украинага қарши уруш Россия учун катта хато бўлди. Бу Россияни заифлаштирди ва россияликларни катта нарх тўлашга мажбур қилди. Бу нарх вақт ўтган сайин ошиб бораверади. Санкциялар ва экспорт назорати Россия молия секторига миллиардлаб доллар зарар етказди ва мамлакатнинг технологик тараққиётини кескин секинлаштирди.
Бу ҳозирги харажатлар, аммо Россия келажагига сармоя киритиш имкониятларини бой бериш натижасида узоқ муддатли харажатлар ҳам мавжуд. Йўқотилган имкониятларни қайтариш одатда қийин, деярли имконсиздир. Вақтни орқага қайтариб бўлмайди. Ва яна асосий савол туғилади: буларнинг барчаси Россиянинг келажагига қандай ёрдам беради? Унинг ривожланишига-чи? Ёшларининг келажаги, кейинги авлодига-чи?
Мавзуга оид
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22 / 24.12.2024
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024