Ўзбекистон | 20:55 / 28.04.2023
9000
2 дақиқада ўқилади

Тошкент инвестфорумида тўртта электр станцияси қуриш бўйича битимлар имзоланди

Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси Ўзбекистондаги тўртинчи ИЭСини Жиззахда қуради. Хитойнинг Gezhouba гуруҳи эса Бухоро ва Қашқадарёда қуёш фотоэлектр станцияларини ташкил этади. Шунингдек, Оҳангаронда чиқинди газидан электр ишлаб чиқарувчи станция қуриш бўйича Корея компанияси билан битим имзоланди.

Cengiz Enerji ва ИССВ ўртасида битим тузилиши / Фото: ИССВ матбуот хизмати

Тошкент халқаро инвестиция форумида 4 та электр станциясини қуриш бўйича учта мамлакат компаниялари билан битимлар имзоланди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълум қилди.

Келишувларга кўра, Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси Жиззах вилоятида қуввати 400 MW бўлган буғ-газ электр станциясини қуради. Битим қиймати – 30 млн доллар.

Қайд этиш лозим, Cengiz Enerji бунгача Тошкент вилоятининг Қибрай туманида 240 MW, Сирдарёнинг Ҳовос туманида 220 MW қувватлик ИЭСларни қуриб фойдаланишга топширган эди. Компания, шунингдек, Сирдарёда 450 MW қувватлик яна бир ИЭС қуришни режа қилган.

Gezhouba Group ва Инвестициялар, савдо-саноат вазирлиги ўртасида битим тузилиши / Фото: ИССВ матбуот хизмати

Тошкент инвестфоруми доирасида Хитойнинг China Gezhouba Group Overseas Investment компанияси билан иккита қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича ҳам битимлар имзоланди. Бири Бухоро вилоятида, иккинчиси Қашқадарёда қуриладиган ФЭСларнинг ҳар бири 500 MW қувватга эга бўлади. Лойиҳалар қиймати 500 млн доллардан баҳоланмоқда.

Gezhouba Group айни пайтда Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида қуввати 700 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасини ҳам амалга оширмоқда. Лойиҳанинг 1-босқичи қувватлари (100 МВт) 2023 йил охиригача ишга туширилиши кўзда тутилган.

Sejin G&E So Ltd ва Табиат ресурслари ўртасида битим тузилиши / Фото: ИССВ матбуот хизмати

Табиат ресурслари вазирлиги эса Кореянинг Sejin G&E So Ltd компанияси билан 55 млн долларлик инвестиция лойиҳаси бўйича битим тузди. Лойиҳа доирасида маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқарилади.

16 МВт.гача электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳа Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги чиқинди полигонида амалга оширилади. Бу – чиқинди газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган Марказий Осиёдаги ягона станция бўлади.

Мавзуга оид