Жаҳон | 18:24 / 30.04.2023
27589
6 дақиқада ўқилади

«Уман учун Худонинг жазоси». Қримдаги стратегик муҳим нефт омборидаги ёнғин ҳақида нималар маълум?

Украина қуролли кучларида Севастополдаги нефт базасидаги ёнғинни қарши ҳужумга «тайёргарлик элементларидан бири» деб аташди.

Шанба куни Украинанинг 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган Севастопол шаҳрида жойлашган нефт базасида йирик ёнғин содир бўлди. Аннексия қилинган Қримнинг Москвадан тайинланган раҳбарияти Казачя бухта микрорайонида жойлашган омборга Украина дронлари ҳужуми амалга оширилганини маълум қилди. Киевда эса бу ишни украиналиклар қилгани ҳақида гапиришмади, аммо Қримдаги ҳарбий объектлардан узоқроқ туришни тавсия қилишди.

Россия ва Украинадаги Telegram-каналлар шанба куни тонг саҳардан Қримдаги йирик ёнғин ҳақида хабарлар эълон қила бошлашди. Кейинроқ Севастополдаги фавқулодда хизматлар Казачя бухтада ёнилғи сақланадиган 4 та резервуар ёнаётганини тасдиқлаб, ёнғин 2-3 минг кв.метр майдонни қамраб олганини билдирди.

Нефт омборида энг юқори – тўртинчи даражали мураккабликдаги ёнғин содир бўлган. Уни бартараф этиш учун Севастополдаги фавқулодда вазиятлар хизматларнинг барча ходимлари жалб қилинган. Шунингдек, Қримнинг бошқа ҳудудларидан ёрдамчи кучлар чақирилган. Россия Қора денгиз флотидан ҳам ёрдам келган. Ёнғинни ўчириш учун 150 киши 50 та техника билан ҳаракат қилган.

Россиялик депутат Михаил Шеремет бу воқеани «одамларни қўрқитишга қаратилган» теракт деб атади. Қримнинг Россия томонидан тайинланган раҳбарлари ёнғин Украина дронлари ҳужуми оқибатида келиб чиққанини айтишди. Уларнинг сўзларига кўра, ёнғин оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, фуқаролик инфратузилмасига зарар етмаган ва одамларни эвакуация қилиш зарурати юзага келмаган.

Қримнинг Москва томонидан қўйилган раҳбари Сергей Аксеновнинг сўзларига кўра, Севастополга дронлар ҳужуми амалга оширилган вақтда Қрим осмонида битта дрон тўхтатилган ва яна биттаси уриб туширилган.

Шанба куни Севастополдаги йирик ёнғин кадрлари ижтимоий тармоқларда тарқалди

Киевдагилар доимгидек бу ишга алоқаси борлиги ҳақида очиқ баёнот бермай, буни «Умандаги ўлдирилган одамлар учун Худонинг жазоси» деб аташди.

«29 апрел куни Севастополда Уманда ўлдирилган (хусусан болалар ҳам бўлган) украиналиклар учун Худонинг русларга жазоси ўлароқ портлаш содир бўлди. Бу жазо ҳали узоқ давом этади», деди Украина мудофаа вазирлиги бош разведка ташкилоти раҳбари Андрей Юсов.

Унинг сўзларига кўра, ёнғин оқибатида Россия Қора денгиз флоти техникалари учун мўлжалланган 40 минг тонна нефт маҳсулотлари ёниб кетган.

Ёнғинни ўчириш ишларига ФВВнинг яриморолдаги барча ресурслари, шунингдек Россия Қора денгиз флоти кучлари жалб этилган
МАЛЬГАВКО СЕРГЕЙ / TASS

Украиналик разведкачи Севастополдаги портлашда Киевнинг алоқаси борлиги ҳақида аниқ гапирмаган, лекин Қримдаги Россия ҳарбий объектларидан узоқроқ туришни тавсия қилган. «Босиб олинган Қримда яшаётганларга босқинчи армия томонидан молиялаштириладиган ҳарбий объектлардан узоқроқда туриш тавсия қилинади», деган Андрей Юсов.

Шанба куни тонгда Украина армияси бош штаби Қора денгиз флоти ва Севастопол қалъасига Украина байроқлари илинганига 105 йил бўлгани ҳақида эслатма эълон қилганди. Бу Севастополдаги дронлар ҳужуми Украина томонидан амалга оширилганига ишора деб тушунилмоқда.

Қора денгиз флотига зарбалар

Ёнғинга энг юқори мураккаблик даражаси берилди. Фото: МИХАИЛ РАЗВОЗЖАЕВ

Казачя Севастополдаги икки кўрфаздан бири бўлиб, шаҳар марказидан 15 км узоқликда жойлашган. Ундан анча вақтдан буён ҳарбий мақсадларда фойдаланиб келишади. Бу ҳудудда бир нечта ҳарбий қисм бор (хусусан, Қора денгиз флоти пиёда аскарлари) ва Россия Қора денгиз флоти ҳарбийларининг оилалари истиқомат қилади. Шунингдек, яқин орада аэродром ҳам жойлашган.

Украиналик ҳарбий эксперт Максим Майоров ёниб кетган нефт базаси Россиянинг десант ташувчи кемаларини сувга туширувчи техникаларга жуда яқин жойлашганига эътибор қаратган. Бу ҳужум Россия Қора денгиз флотининг 810-денгиз пиёда қўшинлари бригадасига жиддий таъсир кўрсатади. Яъни бу ҳужум нафақат Россия армияси техникаларига мўлжалланган ёнилғи захирасини йўқ қилиш, балки Севастополдаги энг муҳим ҳарбий объектлардан бирига зарба ҳам ҳисобланади.

«810-бригада бу омборни худди ўзини ҳимоя қилгандек мудофаа қилиши керак эди. Уни ҳаво ҳужумидан сақлаш ҳам айнан шу бригаданинг вазифаси бўлган», дейди эксперт Майоров.

Севастополдаги Россия Қора денгиз флоти уруш бошлангандан буён биринчи марта ҳужум объектига айланаётгани йўқ. Август ойидан буён Қримнинг Россия томонидан қўйилган раҳбарлари Севастополда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаётгани ва дронлар ҳужуми ҳақида хабар бериб келишади. Украина томони бу ҳужумларга алоқадорлигини рад этиш баробарида Россия 2014 йилда эгаллаб олган Қримни қайтиб олиш учун у ердаги ҳарбий объектларга зарба беришга ҳақли эканини билдириб келади.

Қрим ва Севастополда бир неча ойдан буён «сариқ» даражали террорчилик хавфи амалда. Бу эса ҳудуддаги хавфсизлик даражаси жуда пастлигидан далолат беради.

Украина қуролли кучлари ахборот хизмати вакили Наталя Гуменюкнинг айтишича, Севастополдаги нефт омборига амалга оширилган ҳужум Украина армиясининг қарши ҳужумига тайёргарлик доирасида ўтказилган.

«Душман логистикасига зарба бериш мудофаа кучларининг кучли ҳаракатга тайёргарлигидан нишона. Ва бу айнан кўпчилик кутаётган кенг кўламли ҳужумга тайёргарлик ҳисобланади», деган Гуменюк.

Унинг сўзларига кўра нефт омборидаги портлашдан кейин Россия ҳарбийларида чуқур хавотир бошланган. Шу сабаб улар ўз оилаларини эвакуация қилишга тушиб қолган ва ўзлари ҳам имкон бўлиши билан Қримдан кетишмоқда.

Мавзуга оид