Фан-техника | 18:43 / 01.05.2023
69231
4 дақиқада ўқилади

Ҳашаматли, тезкор, ақл бовар қилмас — Шанхай автокўргазмасида қандай автомобиллар тақдим қилинди?

Узоқ кутилган Шанхай автокўргазмаси яқинда ўз ниҳоясига етди. Одатга кўра, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўзининг энг янги моделлари билан қатнашди. Улар орасида ҳашамати, тезкорлиги билан ақлни шошириб қўядиганлари ҳам бор. Қуйида Хитойдаги автосалонда тақдим этилган айрим моделлар ҳақида ҳикоя қилинади.

Voyah i-Cozy

Фото: Voyah i-Cozy

 

Voyah’нинг кутилмаган ишланмаси — i-Cоzy. Концепт-карда сиз бошқариш учун рул ёки газ, тормоз педалларини учратмайсиз. Салонда кирганда 4 кишига мўлжалланган ўриндиқларни кўрасиз. Олд ўриндиқлар мос равишда орқага айлана олади. Ҳайдовчи уни ортга ўгириб, йўловчилар билан юзма-юз бемалол суҳбат қуриши мумкин, албатта, тўхтаган ҳолатда. Олд панелнинг деярли бутун қисмини экран эгаллаган.

 

Фото: Voyah i-Cozy

 

Фото: Voyah i-Cozy

Hongqi E-LS

Фото: Hongqi E-LS

Хитойнинг таниқли бренди Hongqi ҳам янги концепт-кар бошқарувида рул ва педаллардан воз кечган. Салон қисми худди Voyah’никига ўхшаб кетади. Автомобилни 2025 йилда серияли ишлаб чиқариш режа қилинмоқда. У гибрид ёки фақат электрда ҳаракатланадиган версияда тақдим этилиши айтилмоқда.

Фото: Hongqi E-LS
Фото: Hongqi E-LS

iCar GT

Chery компанияси Шанхайдаги кўргазмада ўз суббренди остида бирйўла икки янги моделини намойиш қилди. Биринчи модел бу икки ўриндиқли, эшиклари тепага кўтариб очиладиган электромобил — iCar GT. Спорткарнинг ортки чироқлари Т ҳарфи кўринишида ишланган. Айлана рул ўрни эса самолёт штурвалига ўхшатиб ишлашган. Олд панелда катта монитор ҳам ўрнатилган. Ғилдираклар эса ёритувчи чироқлар билан жиҳозланган.

iCar 03

Chery’нинг иккинчи янгилиги Land Rover Defender услубида ишланган, олдни ёритувчи чироқлари вертикал кўринишдаги электрда ҳаракатланадиган ихчам кроссовер — iCar 03 бўлди. У ҳайдовчи учун керак бўладиган барча замонавий электрон ассистентлар ва иккинчи даражали автопилот билан жиҳозланган. Бироқ техник жиҳати борасида маълумотлар тақдим этилмаган.

Beijing BJ60 Niying Edition

Baic компанияси автокўргазмада Mercedes-Maybach каби ишланган ўта ҳашаматли модели билан иштирок этди. Ҳа, ҳозирча моделнинг концептлиги айтилмоқда, бироқ унинг бозорга чиқиши ҳам рад этилмаяпти. У 22 ўлчамли ғилдираклари билан яққол ажралиб туради, бампер ва радиатор панжараларида хромдан фойдаланилган. Салонга оқ рангли наппа теридан ишлов берилган.

Great Wall Poer CyberP!ckup

6 ғилдиракли пикап ўзида бир нечта қизиқарли хусусиятларни жамлаган. 3 литр ҳажмга эга бензинли V6 двигатели 9 поғонали автомат узатмалар қутиси билан бирга ишлайди. Жами от кучи эса 517 тани ташкил этади. Салон қисмида оқ рангли тери ва алкантарадан фойдаланилган. Акустикасига бўлса 16 та карнай жавоб беради. Пикап чекланган нусхада ишлаб чиқарилиши мумкин.

Yangwang U8

BYD узунлиги 5,3 метрни ташкил этадиган йўлтанламаси билан кўргазма мухлисларини ҳам, қатнашчиларини ҳам ажаблантирди. Унинг 100 км тезлик олиши учун 3 сония кифоя қилади. Буни эса 1100 от кучига эга тўртмоторли двигател амалга оширади.

Мавзуга оид