Жаҳон | 17:14 / 01.05.2023
25672
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон БМТнинг Россия агрессияси қайд этилган резолюциясига овоз беришда бетараф қолди

БМТ Бош ассамблеясининг Россия агрессор дея тилга олинган резолюциясини маъқуллаб овоз берган давлатлар сафида Россиянинг «дўст» давлатлари Арманистон, Бразилия, Қозоғистон ва Хитой ҳам бор.

26 апрел куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси БМТ ва Европа Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича резолюцияни қабул қилди, унда Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги ҳақида сўз боради.

Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислицанинг ёзишича, Россия резолюциядан Украинага қарши тажовуз ҳақидаги эслатмани чиқариб ташламоқчи бўлган, аммо ҳужжат 122 та овоз билан қабул қилинган.

Жумладан, Россиянинг иттифоқчилари сифатида қараб келинган БРИКС аъзолари - Хитой, Ҳиндистон ва Бразилия, МДҲ мамлакатлари Қозоғистон ва Арманистон, Европадаги дўстлар Венгрия ва Туркия, шунингдек қатор араб давлатлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.

Ўз навбатида, резолюцияга Россия, Беларус, Никарагуа, Сурия ва КХДР қарши чиққан. Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва яна 15 мамлакат эса бетарафлигини билдирган.

Резолюциядаги қуйидаги банд Россиянинг тажовузкорлигига ишора қилади:

«…Россия Федерациясининг Украинага, ундан олдин эса Гуржистонга қарши тажовузидан кейин ва федерациянинг Европа Кенгашидаги аъзолиги тўхтатилганини ҳисобга олиш керак. Бугун Европа дуч келаётган мисли кўрилмаган муаммолар БМТ ва Европа Кенгаши ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, ҳар қандай давлатнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигини ҳурмат қилиш асосида тинчлик ва хавфсизликни зудлик билан тиклаш ва қўллаб-қувватлаш, ҳарбий ҳаракатлар пайтида инсон ҳуқуқлари, халқаро ҳуманитар ҳуқуққа риоя этишни таъминлаш учун жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш ҳамда халқаро ҳуқуқни бузган барча айбдорларни жавобгарликка тортиш талаб қилинади».

Мавзуга оид