Жаҳон | 11:13 / 02.05.2023
18221
3 дақиқада ўқилади

Брянск областида темирйўлда портлаш амалга оширилди. Юк поезди издан чиқиб кетган

Поезднинг нафақат локомотиви, балки нефт маҳсулотлари ва ёғоч ортилган етти-саккиз вагон ҳам релсдан чиқиб кетган.

Фото: TWITTER

Россиянинг Брянск областида темирйўлда портловчи қурилма ҳаракатга келтирилиши оқибатида юк поезди релсдан чиқиб кетган ва ёнғин юзага келган.

Унечск райони ҳудудида темирйўлда рўй берган портлаш оқибатида Брянск области губернатори Александр Богомаз хабар берди.

«Унечск районида Брянск-Унеча темирйўлининг 136-километрида номаълум портловчи қурилма ишга туширилган, натижада юк поезди локомотиви релсдан чиқиб кетган. Жабрланганлар йўқ. Айни вақтда воқеа жойида оператив хизматлар иш олиб бормоқда», дея ёзган регион раҳбари телеграм-каналида.

Йўлнинг Украина билан чегарадан тахминан 60 км масофадан ўтган ушбу қисмида ҳаракат тўхтатилган.

Россия темирйўлларидан хабар беришларича, Москва вақти билан 1 май куни соат 10:17 да рўй берган ҳодиса оқибатида локомотив ёниб кетган ва юк ортилган етти-саккиз вагон издан чиқиб кетган.

Хабар қилишларича, поезд нефт маҳсулотлари ва ёғоч олиб кетаётган бўлган. Жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Поезд Беларуснинг Гомел шаҳридан Брянск томон ҳаракатланган.

Брянск области Украин ва Беларус билан чегарадош ҳисобланади. Маҳаллий расмийлар бунгача кўп бор ҳудудда Украина манфаатлари йўлида амалга оширилган диверсия актлари ҳақида хабар берган.

Шанба куни ҳам Богомаз Украина билан чегарадан тахминан 12 масофадаги Суземка қишлоғи ўққа тутилиши оқибатида тинч аҳоли вакилларидан тўри киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.

Украинага босқин бошланганидан буён Россия махсус хизматлари темирйўлларда диверсия амалга оширишга тайёргарлик кўришда гумон қилинган шахслар қўлга олингани ҳақида бир неча бор хабар берган. ФСБ хабарларида мунтазам равишда «украин кураторлари» ибораси тилга олинади, гўёки гумонланувчилар уларнинг топшириғи билан темирйўлларда портлашлар уюштиришга тайёрланган. Апрел ойи ўрталарида «Медиазона» Россияда темирйўллардаги диверсия иши бўйича 65 дан ортиқ киши қўлга олинганини ҳисоблаб чиққан, уларнинг ҳар учинчиси — вояга етмаган болалардир.

Мавзуга оид