Ўзбекистон | 20:55 / 02.05.2023
12632
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда электробуслар ишини тўғри ташкил этмаган ходимлар жазоланди 

Масъул ходимларга қатъий чора кўрилиб, меҳнат шартномаси бекор қилинган, шунингдек, хайфсан интизомий чораси қўлланган. 

Фото: Тошшаҳартрансхизмат

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ хабарига кўра, сўнгги кунларда жамоат транспорти тизимида йўл қўйилаётган камчиликлар, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан йиғилиш ўтказилган. 

Унда масъул ходимларга қатъий чора кўрилиб, меҳнат шартномаси бекор қилинган, шунингдек, хайфсан интизомий чораси қўлланган.

Жумладан, автобусни эҳтиётсизлик билан бошқарган ҳайдовчи Т.Н., шунингдек, ўз хизмат вазифасига масъулиятсиз ёндашган, автобуслар ҳаракатини хавфсиз ташкил этиш чораларини кўриш бўйича ҳайдовчилар ўртасида етарли даражада йўриқнома ўтказмаган, автобуслардаги реклама баннерларини жойлаштирилишига совуққонлик билан ёндашган, йўналиш автобуслари ва электробуслари ишини тўғри ташкил этмаган ходимлар жазоланган. 

Масалан, «2-Автобус саройи» филиали директори ўринбосари ва ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими бошлиғи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, филиал директорига хайфсан интизомий чораси кўрилган. 

«1-Автобус саройи» филиали директори ўринбосари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, филиал директорига хайфсан интизомий чораси кўрилди. 

«7-Автобус саройи» филиали директори ўринбосарига хайфсан интизомий чораси кўрилган, реклама жойлаштириш бўйича масъул ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. 

1-, 2-, 5-, 7-, 8-, 12-, ва 18-Автобус саройи филиали бош муҳандисларига хайфсан интизомий чораси кўрилган. 

Шунингдек, барча автобус саройи раҳбарларига йўловчиларни хавфсиз ташиш ва уларни ўз манзиларига соғ-омон етказиб қўйиш энг олий мақсад экани, йўловчилар билан хушмуомала бўлиш, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш юзасидан яна бир бор тушунтириш ишлари олиб бориш бўйича топшириқ берилган. 

Мавзуга оид