Навоийда мансабдор шахс коррупция устида қўлга олинди
Кармана тумани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи кесиб ташланган дарахтлар учун баённома расмийлаштирмаслик эвазига фуқародан 10 млн сўм талаб қилган.
Табиат “қўриқчиси” пулни олаётган вақтда ушланган. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тадбиркор Ф.Н. Кармана тумани Хончарбоғ маҳалласидаги ер майдонида спорт комплекси қуришни мақсад қилган. Қурилиш жараёнида эса бу жойдаги мевали ва манзарали дарахтларни кесиб ташлашга мажбур бўлган.
Бундан хабар топган Кармана тумани Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Х.Т. ҳодисага қонуний баҳо бериш ўрнига кесилган дарахтлар учун баённома расмийлаштирмаслик ҳамда жазо кўрмаслик эвазига таниши Х.К. орқали 10 млн сўм талаб қилган.
Тадбиркорнинг аризасига биноан шу куни Навоий вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати ЖҚБ, Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш орган ходимлари билан ҳамкорликда тадбир ўтказилган. Жараёнда тадбиркордан 10 млн сўм олаётган мансабдор процессуал тартибда ушланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.