Жаҳон | 23:51 / 03.05.2023
21137
3 дақиқада ўқилади

Херсон ўққа тутилиши. 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар яраланган

Россия армияси фуқаролик инфратузилмаларига зарба берди. Россиялик ҳарбийлар ҳудудга «тартибсиз» равишда зарба берган, фуқаролик инфратузилмаси, жумладан, маҳаллий АТБ супермаркети ва вокзал ўққа тутилган. 

Фото: TCH UA

Россия армияси 3 май тонгида Херсон областини ёппасига ўққа тутиши оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра 21 киши ҳалок бўлиб, 48 киши яраланган, бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский хабар берди.

Барча ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар тинч аҳоли вакиллари.

«Темирйўл вокзали ва чорраҳа, уй, қурилиш маҳсулотлари дўкони, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган супермаркет, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси — биласизми, бу жойларни нима бирлаштиради? Россия ўз снарядлари билан тинч аҳоли вакилларини ўлдириб қолдирган қонли излар», — деган Зеленский.

Украина бош прокурори офиси 3 май тонгида Россия қўшинлари Херсон шаҳри ва областни ёппасига ўққа тута бошлагани, тартибсиз ўққа тутиш ва снарядлар област марказидаги фуқаролик инфратузилмаларига келиб тушиши оқибатида одамлар ҳалок бўлгани, ўнлаб кишилар турли даражадаги тан жароҳатлари олгани ҳақида хабар берганди.

Херсон марказида ишлаб турган ягона АТБ супермаркети ўққа тутилганида унинг ичида харидорлар ҳам бўлган. Фото: UNIAN

Шунингдек, Даревская қишлоғи россияликлар томонидан ўққа тутилиши оқибатида ҳам бир киши ҳалок бўлган.

Кундузи Степановка ва Музиковка қишлоқлари оралиғида электр тармоқларини тузатиш билан машғул бўлган энергетиклар бригадаси россияликлар ўқлари остида қолган. Хабар қилинишича, бу ҳужум оқибатида энергетика корхонасининг уч ходими ҳалок бўлган.

Украина Бош прокуратураси уруш қонунлари ва урф-одатларини бузиш моддаси бўйича судгача тергов бошлаган. 

Украина ҳукумати чоршанба куни Херсонда 58 соат муддатга ҳар қандай ҳаракат тўхтатилиши ҳақида эълон қилганди. Ҳудуд раҳбари Олександр Прокудиннинг маълум қилишича, комендантлик соати 5 май куни кечқурундан 8 май тонгига қадар амал қилади.

«Бу 58 соат мобайнида шаҳар кўчаларида бўлиш ва ҳаракатланиш тақиқланади. Шунингдек, шаҳарга кириш ва чиқиш йўллари ёпилади», дея эълон қилган Прокудин. Област маъмурияти раҳбари бу ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига ёрдам бериш учун кўрилаётган чора эканини маълум қилган.

  • Россия Украинага кенг кўламли босқиннинг бошида Херсонни эгаллаб олган эди. 2022 йил ноябр ойида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу рус қўшинларига шаҳардан Днипронинг чап соҳилига чекинишни буюрди. Чекинишдан кўп ўтмай, россияликлар шаҳарни мунтазам равишда ўққа тута бошлади.

Мавзуга оид