Пригожин қарорини ўзгартирди. «Вагнер» Бахмутни тарк этмайди
«Вагнер»га ўқ-дорилар ваъда қилинган. Генерал Суровикин компания ва вазирлик ўртасида воситачилик қилади.
«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожиннинг маълум қилишича, Россия мудофаа вазирлиги унга ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш учун зарур миқдорда қуроллар ва ўқ-дориларни етказиб беришни ваъда қилган.
Шунингдек, вазирлик томонидан берилган жанговар буйруқда рақиб қуршовига тушиб қолишининг олдини олиш учун қанотлар ҳам кучайтирилиши маълум қилинган.
Бундан ташқари, Пригожиннинг сўзларига кўра, «Вагнер»нинг вазирлик билан ҳамкорлик масалалари Россия ҳаво-космик кучлари қўмондони ва Украинадаги Россия қўшинлари қўмондони ўринбосари Сергей Суровикин масъул бўлади.
«Вагнер гуруҳи»нинг мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликдаги жанговар ҳаракатлар доирасида барча қарорларни қабул қилувчи инсон сифатида бизга Суровикинни беришмоқда. Бу эса армиядаги қандай жанг қилишни биладиган ягона юлдузли генерал», деган Пригожин.
«Вагнер» ХҲК асосчиси якунланган ҳафта давомида Шойгу ва бош штаби бошлиғи Валерий Герасимовга ўта қўпол шаклда видеомурожаат йўллаб, ўзининг тузилмасини ўқ-дорилар билан таъминлашни талаб қилган ва акс ҳолда 10 май куни «Вагнер» ХҲКни Бахмутдан олиб кетиш билан таҳдид қилганди.
Шанба куни эса Рамзан Қодиров унинг чиқишларига муносабат билдириб, Пригожинни уйдаги гапларни (ихтилофни) кўчага олиб чиқишда айблаб, «Ахмат»ни вагнерчилар ўрнига Бахмутга юборишга тайёрлигини айтди.
Чеченистон раҳбари чеченларнинг «Ахмат» махсус топшириқли бўлинмасини «Вагнер» ХҲК ўрнига Бахмутга юборишни сўраб, Путинга расман мурожаат йўллаган.
«Россия Федерацияси олий бош қўмондони В.В. Путин номига «Ахмат» бўлинмаларини Артёмовск (Бахмут) шаҳрига кўчириш бўйича кўрсатма беришни сўраб хат ёздим. Мактаб аллақачон юборилди», дейилади Қодировнинг телеграм-каналида мактуб нусхаси илова қилинган постда.
Мактубда президентдан мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Росгвардия бошлиғи Виктор Золотовга Бахмутга «Ахмат» бўлинмаларини юбориш ва уларга «Вагнер» ХҲКнинг у ердаги позицияларини топширишга буйруқ бериш сўралган.
Пригожин Бахмутдаги позицияларни топширишни бошлаш учун Қодировнинг вакиллари билан алоқа ўрнатгани ҳақида хабар берганди.
«10 май куни соат 00:00 да, жанговар салоҳиятимиз тўлиқ тугайдиган вақтда, қуролдошларимиз ўрнимизни эгаллаб, Бахмут аҳоли пунктини штурм қилишда давом эттиришлари учун позицияларимизни зудлик билан ўтказишни бошлаш мақсадида унинг вакиллари билан алоқада бўлиб турибман», деганди Пригожин.
ISW: Пригожин ва Қодиров муваффақиятсизлик учун жавобгарликни армия зиммасига юкламоқчи
Америка урушни ўрганиш институти (ISW) экспертлари ёзишича, Пригожин ва Қодиров Бахмутдаги муваффақиятсизлик учун масъулиятни Россия армияси айбламоқчи.
«Пригожин ва Қодиров Россия мунтазам армиясини самарасиз қилиб кўрсатишга интилмоқда ва Бахмут ҳудудидаги барча муваффақиятсизликларда мудофаа вазирлигини айблаш шартларини илгари сурмоқда», деб ҳисоблайди ISW таҳлилчилари.
«Пригожин Бахмут учун жавобгарликни ўзининг маслакдоши бўлган кучларга ўтказиш қарори қанотларда ҳаракат қилаётган ҳаво-десант бўлинмаларини бир четга суриб, шаҳар учун жанг фақат вагнерчиларники бўлгани, энди эса қодировчиларники бўлишини кўрсатишга уринишдек кўринмоқда», дейилади институтнинг навбатдаги ҳисоботида.
Бу Россия ҳарбий қўмондонлигига ишонмайдиган ва ўзини ундан мустақил тутадиган Пригожинга агар ХҲК кучлари Бахмутни эгаллай олмаган тақдирда ҳам обрўсини сақлаб қолиш имконини беради. Қодиров эса, ўз навбатида Пригожиндек таниқли шахс кўмагида шундай шов-шувли операцияда иштирок этиб, обрў-эътибор қозониши мумкин эди.
«Ахмат» бўлинмаси жангчилари ҳам вагнерчилар учраган қийинчиликларга дуч келиб, Бахмутни тўлиқ эгаллашни уддалай олмаса, Пригожин ва Қодиров мудофаа вазирлигини уларнинг ҳаракатларини етарлича қўллаб-қувватламасликда айблаши мумкин бўлади.
Агар Россия ҳарбий қўмондонлиги «Вагнер» ХҲК ўрнини «Ахмат» эгаллашига (бу бўлинма Россия мунтазам армиясининг қўллаб-қувватловисиз бу манёврни бажара олиши савол остида) тўсқинлик қилса, Пригожин, Қодиров ва уларнинг иттифоқчилари, катта эҳтимол билан, агар Россия мудофаа вазирлиги уларнинг қарорини қўллаб-қувватлаганида, чечен қўшини тезда Бахмутни эгалаган бўларди, дейишади», дея тахмин қилган ISW таҳлилчилари.
Шу билан бирга, Қодировнинг «Ахмат» тез фурсатда Бахмутга йўл олиб, уни «саноқли соатлар ичида» эгаллаши ҳақидаги гаплари қодировларга хос мақтанчоқлик ва мавжуд тактик вазият билан ҳисоблашмаслик ҳисобланади, дейилган ҳисоботда.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024