Ўзбекистон | 11:31 / 08.05.2023
14821
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритилди

Президент муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда 2 ой ичида ўтказилади.

Бугун, 8 майдан "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги конституциявий қонун кучга кирди. 

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятларидан, шунингдек миллий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этишга ҳақли.

Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра: 

оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар Вилоят, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссияси аъзоси бўлиши мумкин эмас;

  • Президент муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов ушбу кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда 2 ой ичида ўтказилади. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади;
  • Қонунчилик палатаси Президент томонидан тарқатиб юборилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлови ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда 3 ой ичида ўтказилади.
  • Қонунчилик палатаси томонидан ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлови ушбу кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда 2 ой ичида ўтказилади; 
  • Сенат Ўзбекистон президенти томонидан тарқатиб юборилган тақдирда, Сенат аъзоларининг сайлови ушбу кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда 3 ой ичида ўтказилади.

Сенат томонидан ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Сенат аъзоларининг сайлови ушбу кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда 1 ой ичида ўтказилади.

Мавзуга оид