Тиббиётни яхшилаш учун нима қилиш керак? – хорижда ишлаётган ўзбек шифокорлари фикри
Хориждаги ўзбек шифокорлари Ўзбекистонда суғурта тизимини тезроқ йўлга қўйиш, тиббий олий таълимни трансформация қилиш ва тўлиқ инглиз тилига ўтказиш, хусусий секторни ривожлантириш каби таклифларни илгари суряпти.
5 май куни АҚШ, Канада, Буюк Британия, Саудия Арабистони, Туркия каби давлатларда шифокорлик қилаётган ўзбеклар билан соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов учрашуви бўлиб ўтди. Шифокорлар Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини оёққа турғизиш учун ўз тажрибасидан келиб чиқиб таклифларини ўртага ташлади. Kun.uz мутахассислар таклифини бир жойда жамлади.
Умиджон Мадалиев, Британия қироллик қошидаги - RCGP Умумий амалиёт шифокорлари уюшмаси аъзоси; Англияда South Coast Medical Group (SCMG) компаниясининг бош партнер шифокори бўлиб ишлайди. Southampton тиббиёт университети талабаларига дарс ўтади.
— Ўзбекистондаги катта муаммолардан бири — тил масаласи. Тиббиёт йўналишидаги талабларига тезроқ инглиз тилида ўқитишни йўлга қўйиш керак. Шифокорлар қанча тез инглиз тилини ўрганса, шунчалик тез янги маълумотларга эга бўлади. Биз то россияликлар маълумотларни таржима қилмагунча кутишга ўрганиб қолганмиз. Бунда анча вақт кетиб қолади.
Иккинчи масала — ўқитиш тизимимиз анча эскириб қолган. Масалан, ҳиндлар инглиз тилини билиши ва Англия таълим тизими андозасида таълим ташкил этгани ҳисобига анча олдинда. Европада оилавий шифокор бўлиш учун 3 йил тайёргарликдан ўтиш керак, бизда эса 6 ой.
Тил, таълим тизимидан ташқари биринчи қиладиган иш соҳа қайси йўналишдан кетишини, аниқ тизимни белгилаб олиш керак. Ҳар бир давлатнинг ўз тизими бор. Халққа ёрдам бериш учун тезроқ бирламчи тизимни жорий қилиб олишимиз керак. Бизда профилактика билан деярли шуғулланилмайди. Масалан, энг кўп ўлимга сабаб бўладиган ҳолатлардан бири — қон босими кўтарилиши. 50 ёшдан ошган кишиларнинг қон босимини доимий текшириб туриш каби нарсалар йўлга қўйилмаган. Оддийгина мана шу қон босимини назорат қилиш ҳам катта ижобий таъсир қилади. Шунинг учун ҳам бирламчи тизимни янгилаш керак.
Лазиз Мардонов, АҚШда ишлаётган шифокор:
– Америка ва Канадада тиббий кадрлар етишмовчилиги бошланган. Ўзбекистон шу бозорни ўрганиб, кадрларини юбориш йўлларини ўйлаб кўриши керак. Бу дегани ҳамма тиббиёт кадрлари Канада ёки АҚШга кетиб қолади дегани эмас. Уларга йўл очилганда ҳам, ҳаммаси ёппасига келиб Ўзбекистон шифокорсиз қолиб кетмайди. 100 нафардан 2 нафари кетган тақдирда ҳам кейинчалик тажрибаси билан Ўзбекистонга ўз ҳиссасини қўшади. Масалан, ўзбеклар Россия ёки АҚШга фақат қора ишчи бўлиб эмас, шифокор бўлиб кела олади. Яъни ақлли иммиграцияни ташкил қила оласизлар.
Покистон, Ҳиндистон, Араб давлатлари ва Филиппин ўқиш тизимини АҚШнинг системасига яқинлаштириб, имтиҳонидан ўтиб шу ерда ишлайди. Дунё бўйича жуда кўп давлатлар соғлиқни сақлаш тизимида Америка моделини олган ва бироз ўзгартирган. Бу моделларни яратиб бериш учун албатта пул тўлаган. Ва лицензиясини олиб ҳозир дунё стандартида иш олиб боряпти. Ўзбекистон ҳам ўз моделини танлаб, шунга катта пул ажратиши керак.
Шароф Тугизов, Калифорния университети, профессор, лаборатория мудири:
— Ҳар йили биттадан янги патоген кириб келяпти. Илмий таҳлиллар шуни кўрсатяптики, иқлим ўзгариши натижасида келгуси 50 йилда ниҳоятда кўп янги патогенлар кириб келади. Потенциал 10 мингта вирус келиши ҳақида гап бор. Шу 10 минг вирус ичида 100таси кучли патоген бўлса, катта муаммо бўлади. Биргина Covid-19 қанча оқибатларга олиб келганини кўрдик. Шу нарсаларга тайёргарлик кўриш керак. Яқинда ўтказилган вебинарда ҳам буни гаплашдик. Бошқа мамлакатларда тайёргарлик бошланган, Марказий Осиёда ҳам бу нарсани бошлаш лозим. Техника етмаса, сотиб олиш керак. Мутахассисларни ҳам тайёрлаш керак бўлади. Вазият тобора ёмонлашиб кетяпти, чунки иқлим ўзгариши бугун бошлангани йўқ. Бу оғир аҳволга олиб келиши мумкин. Кимда яхши технологиялар, имкониятлар бўлса, ўшалар ўзини қутқара олади. Бўлмаса, вазият қийинлашиб кетади.
Ойгул Маматалиева Саудия Арабистони, Kingdom Hospital. Obstetrician-Gynecologist мутахассиси:
— Соҳада ахборот етказиш масаласи яхши эмас. Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари, шифохоналар ҳақида интернетда маълумотлар кам. Интернет орқали бирорта хат юборилса, ўшанга жавоб берилмайди. Биров базадан текшириб, интернет орқали жавоб бермайди, бориб талаб қилишга тўғри келади. Шунча қилинаётган ишлар, меҳнатларни кўрсатиб берадиган ахборот базаси керак. Ўзбекистонда ўқиб, четга кетган шифокорлар интернет орқали ҳужжатини олиши қийин. Яқинда бир суданлик шифокор фарзандини Ўзбекистонда ўқитмоқчилигини айтиб қолди. Лекин интернетдан тўлиқ маълумот ололмагани учун фикрини ўзгартирди. Чунки қандай ўқитилиши, ўқув дастурлари ҳақида маълумот йўқ. Қайсидир институт сайтига кирилса, раҳбар ходимларнинг маълумоти, расми туради, лекин ўқув дастурлари, жараёнлари ҳақида ҳеч нарса бўлмайди. Бўлаётган шунча ишларни энди кўрсатиб ҳам бериш керак. Йўқса, фойдаси бўлмайди.
Аброр Акмалов, Саудия Арабистонидаги Қирол Фаҳад шифохонаси анестезиолог-консултанти, тиббиёт фанлари доктори:
– Ўзбекистонда кафедра мудири бўлиб ишлардим. Кейин Саудия Арабистонига борганимда, уларга профессорман, кафедра мудириман деб айтишга уялиб юрганман. Чунки биз улар ишлатадиган дориларни китобда ўқиганмиз, амалда қўллаб кўрмаганмиз. Ёки улар ишлатадиган аппаратларни китобда ҳам кўрмаганмиз. Мана шу нарсалар бизга катта янгилик бўлган. Лекин дори ва аппаратураларини ўзлаштириб олганимиздан кейин улардан ҳам яхшироқ ишлайдиган ҳолатда бўлдик. Чунки биз унча-мунча дори бўлмаса ҳам, аппаратлар ишламаса ҳам ўзимизни йўқотмаган ҳолатда яхши ишлаб кета оламиз. Бизнинг шифокорларнинг ютуғи шунда.
Ўзбекистонда ҳам давлат секторида ҳам шунақа охирги жиҳозлар фойдаланилиши керак. Сарфланаётган пул қайтиб келиши керак. Бунинг учун тиббий суғуртани йўлга қўйиш керак. Билишимча, 7-8 йилдан бери Ўзбекистонда тиббий суғуртани йўлга қўйишга ҳаракат кетяпти. Халқда тиббий суғуртага ўтсак, шифокорлар яна пул қилмоқчи деган фикрлар бўлади. Лекин бунинг қийинлигини чет элда ишлаётган шифокорлар яхши билади. Чунки ҳар бир берилаётган дориларни асослаб бериш керак. Чунки суғуртадагилар шифокордан нега бунақа қиммат дори ёзгансан деб жавоб талаб қилади. Шундай бўлса ҳам суғурта тиббиётнинг ривожланиши учун муҳим нарса ҳисобланади.
Четин Малика, Туркиядаги Маниса Сома 4-сонли оила соғлиги маркази оилавий шифокори:
– Биринчи босқич яъни туман миқёсида касал бўлган бемор шу ернинг ўзида тузалиб кетадиган тизим қилиш керак. Бунинг учун катта инвестицияни биринчи босқичга қаратишимиз керак. Масалан, 50 минг аҳоли яшайдиган бир туманда ҳар 2000-3000 аҳолини маълум шифокорларга боғлаб қўйиш керак. Шу шифокорлар аҳолининг ҳаммасини битта ахборот базасига киритиши керак. Шу билан бирга тизимда ишлайдиган ходимларнинг ҳаммасининг ойлигини баланд қилиб қўйиш керак, чунки улар касаллардан келадиган 200-300 мингга қараб қолмаслигини таъминлаш муҳим. Ҳар қандай касалхоналарда ҳам касалларнинг шифокорга борадиган вақтини олдиндан белгилаб, электрон рўйхатга олиб қўйилиши керак.
Миржаҳон Турдиев, Syracuse университети докторанти:
– Ўзбекистондаги кўпчилик институтлар бизнинг олийгоҳ билан меморандумлар имзолаб ташлаган, лекин ҳаммаси қоғозда қолиб кетган. Вашингтонда Georgetown университети бор. Мен улар билан Америка Ўзбекистон ассоциацияси асосчисиман. Шу университетда битта педиатр бор шуни 1,5 йилдан бери Ўзбекистонга юборишга ҳаракат қиляпмиз. Лекин бориш-келиш, турар жой харажатлари сабаб ҳали жўнатолганимиз йўқ. Мен ўзим Серикус университетида докторантман. Бизнинг университетимиз АҚШда бошқарув бўйича биринчи ўринда туради. Шу йўналишда Ўзбекистондан ҳам кадрлар келиб ўқиса, ҳамкорликни йўлга қўямиз.
Жаҳонгир Жўраев, Kuwait Jabr Al Ahmad шифохонаси анестезиолог-реаниматологи:
– Ўзбекистонда бакалавр, магистр, ординатура тиббиёт тизими инглиз тилида қилиниши муҳим. Ўзбекистонга Akfa Medline’га ўхшаган тиббиёт соҳасида давлат институтлари керак. Бизда тиббиёт таълими хориждагидек қиммат эмас. Шунинг учун хорижий давлатлардан талабалар ўқиб кетишни хоҳлайди. Бу учун албатта маҳаллий домлалар эмас, чет элдан хорижлик мутахассисларни олиб келиш керак. Бу тахминан 10 йилдан кейин кадрлар етишиб чиқишини таъминлайди. Бироқ бу жуда узоқ муддат. Шунинг учун ҳозир тиббий олийгоҳларида инглиз тилини биладиган талабаларни йиғиб, худди президент мактабларига саралаб олинганидек олиб, уларни ҳам хориждан ўқитувчилар чақириб ўқитиб, жаҳон стандартига мослаштириб бориш керак.
Мавзуга оид
10:51 / 09.12.2024
Ўзбекистонга хориждан талабаларни жалб этиш бўйича махсус платформа яратилади
17:13 / 05.12.2024
Хориждаги маҳкумларни Ўзбекистонга қабул қилиш тартиби белгиланди
07:33 / 04.12.2024
Хорижга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди
22:16 / 08.11.2024