Жамият | 15:05 / 10.05.2023
27498
2 дақиқада ўқилади

«ИИБ ходимлари ҳамда суднинг ҳаракатларига қандай баҳо берилган?» — «Юксалиш» раиси Қамашидаги воқеа ҳақида

Байроқ рангларидаги тасмани тақиб олган ўсмирга ноқонуний талаб қўйган, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган ва жавобгарликка тортиш учун судга юборган ИИБ ходимлари ҳамда ноқонуний қарор қабул қилган суднинг ҳаракатларига қандай баҳо берилгани масаласи мавҳумлигича қолмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги «Чим» деҳқон бозорида елкасига давлат байроғи рангидаги тасма тақиб олган йигит ИИБ ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида тарқалган хабарлар жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.
  
5 май куни Қашқадарё вилояти ИИБ фуқаро Р.И. ушбу тасмани ечиб қўйиш бўйича профилактика инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмагани, ҳолат юзасидан фуқарога МЖтКнинг тегишли моддалари билан ҳужжатлар расмийлаштирилгани ҳамда жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юборилгани ҳақида маълум қилди.

Кейинроқ эса маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қабул қилинган ноқонуний қарор Бош прокуратура аралашуви билан бекор қилинди, байроқ рангидаги тасма таққан йигитнинг ноқонуний жазоланиши бартараф этилди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов адолат қарор топгани, бироқ қонун устуворлиги тўлиқ ва тенг таъминланиши кераклигини таъкидлади.

«Адолат қарор топди. Бироқ фуқарога ноқонуний талаб қўйган, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган ва жавобгарликка тортиш учун судга юборган ИИБ ходимлари ҳамда ноқонуний қарор қабул қилган суднинг ҳаракатларига қандай баҳо берилгани масаласи мавҳумлигича қолмоқда.

Бошқача айтганда, адолат қарор топди, бироқ қонун устуворлиги тўлақонли таъминландими, деган савол очиқ қолмоқда.  

8 май куни референдум натижаларига бағишланган учрашувда президентимиз барча соҳаларда қонун устуворлиги таъминланиши, қонунлардаги ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши, ҳар қандай ҳолатда адолатни қарор топтириш шарт деган қараш мансабдорлар учун ҳаёт қоидасига айланиши кераклигини таъкидлади. 

Шу муносабат билан, кенг жамоатчиликнинг ва «Юксалиш» ҳаракати аъзоларининг мурожаатларига асосланиб, тегишли идоралар масала юзасидан батафсил ахборот бериши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз», дейилади постда.

Мавзуга оид