Жаҳон | 23:24 / 11.05.2023
20765
6 дақиқада ўқилади

Британия Украинага янги ракеталар етказиб берди. Бу фронтдаги вазиятга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Киевга Украина армиясининг имкониятларини кескин оширувчи Storm Shadow ракеталари топширилгани ҳақида эълон қилди - бу ракеталар камида 250 километр масофага учиб боради.

Storm Shadow ракетаси Фарнбородаги авиашоуда, 2018 йил

Пайшанба куни Британия парламенти депутатлари қаршисида чиқиш қилган Уоллес бу қадамни Россия томонининг эскалацияни кучайтиришига ўлчовли жавоб деб атади.

Пайшанба куни аввалида CNN телекомпанияси ўз манбасига таянган ҳолда, Буюк Британия Украинага Storm Shadow ракеталари етказиб берилганини хабар қилиб, бу ракеталар Украинанинг босиб олинган ҳудудлари ичкарисидаги ва 2014 йилда аннексия қилинган Қримдаги нишонларга зарба бериш имкониятини тақдим этишига эътибор қаратганди.

Жорий йил бошида Британия Украинага асосий жанговар танкларни беришга розилик билдирган илк мамлакат бўлганди.

«Storm Shadow ракеталаридан фойдаланиш Украинага Россия кучларини Украинанинг суверен ҳудудларидан сиқиб чиқаришга имкон беради», - деди Уоллес парламентдаги чиқишида.

«Россия тинч аҳолини ўлдираётган чоғда биз шунчаки томошабин бўлиб тура олмаймиз, - дея қўшимча қилган вазир. - Россия фақатгина ўзининг ҳаракатлари Украинага шундай тизимлар етказиб берилишига олиб келганини тан олиши керак».

У декабрда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгуга мактуб йўллаб, унда Россиянинг Украина инфратузилмаларига кейинги ҳужумлари Буюк Британия Киевга янада қудратлироқ қуроллар етказиб беришига сабаб бўлишидан огоҳлантиргани ҳақида эслаб ўтган.

Вазирнинг сўзларига кўра, Буюк Британия Украинага Storm Shadow ракеталарини етказиб бериш орқали эскалация хавфини камайтиришга эришиш мумкин деб ҳисоблайди.

«Бу ракета тизимлари етказиб берилиши Украинада Россиянинг шафқатсизлигидан ҳимояланиш учун яхшироқ имконият ҳосил қилади», деган у парламент аъзоларига.

У ракеталар аллақачон Украина армияси ихтиёрига етиб борганини маълум қилган ва бу қадамни «Россия эскалациясига мос келадиган ўлчовли жавоб» деб атаган.

Киев ҳозирча Storm Shadow қанотли ракеталарини қабул қилиб олгани ҳақида расман маълум қилмади.

Аммо Уоллес Буюк Британия етказиб берган Storm Shadows ракеталарининг ҳаракатланиш радиусини Россия ракета тизимлариники билан таққослаб бўлмаслигини қайд этган - Россия ракеталарининг айрим турлари бундан анча узоқроққа учиб боришга қодир.

Қироллик ҳарбий ҳаво кучларининг Tornado русумли қирувчи самолётига ўрнатилган Storm Shadow ракеталари
Фото: CROWN COPYRIGHT

Storm Shadow - авиациядан қўллашга мўлжалланган қанотли ракета бўлиб, Буюк Британия ва Франция ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Унинг етиб бориш масофаси - 250 километрдан ортиқни ташкил этади, бу эса ҳозирга қадар ғарблик ҳамкорлар Украинага етказиб берган ракеталарнинг учиш масофасидан уч баробар кўпдир.

Буюк Британия етказиб берган ракеталарни фақат самолётлардан учириш мумкин; французларнинг ракеталарини эса кемалар ва сувости қайиқларидан ҳам қўллаш мумкин.

Бу порт инфратузилмаси, бошқарув марказлари, бункерлар, ракета майдонлари, аэродром ва кўприклар каби йирик бинолар ва иншоотларни йўқ қилиш учун мўлжалланган, жанговар тасдиқланган юқори аниқликдаги қанотли ракетадир.

Айни вақтда бундай ракеталар Британия ҳарбий ҳаво кучларидан ташқари Франция ва Италия авиация ихтиёрида ҳам мавжуд бўлиб, аввалроқ Ироқ ва Ливиядаги амалиётларда ўз самарадорлигини намойиш этган.

Юқори мартабали америкалик ҳарбийнинг CNN мухбирига айтишича, ракета Киевга Украина уруш бошидан буён ғарблик ҳамкорлардан сўраб келаётган имкониятни тақдим этади. Айни вақтда Украинага Вашингтон томонидан берилган ўқ-дориларнинг максимал ҳаракатланиш масофаси 80 км атрофида (GMLRS).

Бу ракета камида 250 километр масофагача боради ва урушда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Шахсини очиқламаган ғарблик мулозимлардан бири CNN мухбирига айтишича, Буюк Британия Украина ҳукуматидан бу ракеталар фақат Украинанинг суверен ҳудудларидаги нишонлар бўйлаб қўлланиши, Россия ҳудудига зарба берилмаслиги бўйича кафолат олган. Шу билан бирга, Буюк Британия расмийлари расмий баёнотларида Қримни Украинанинг ноқонуний аннексия қилиб олинган суверен ҳудуди сифатида айтиб келишади.

Аввалроқ Washington Post газетаси Лондон Вашингтонни Украинага узоқроқ масофага ҳаракатланувчи ракеталар етказиб беришга кўндирмоқчилиги ҳақида ёзганди. Нашрнинг қайд этишича, Storm Shadows ракеталарини Украинанинг советлар даврида ишлаб чиқарилган самолётларига ўрнатиш мумкин. Киев анчадан буён шундай имкониятга эга бўлишни истаётганди.

Бу ҳақда шу кунларда Британиянинг Guardian нашри ҳам ёзди, унда Буюк Британия ва европалик иттифоқчилар гуруҳи Украинага Жо Байден маъмурияти беришни рад этиб келаётган ATACMS каби узоқ масофага ҳаракатланувчи қанотли ракета етказиб беришга умид қилаётгани қайд этилганди.

Шу йил бошида Украина мудофаа вазири Олексий Резников катта масофали ракеталар Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бериш учун қўлланмаслигига ишонтирганди.

«Агар биз 300 километр масофагача зарба бера олсак, Россия армияси мудофаани таъминлай олмасди ва мағлубиятга учраган бўларди. Украина сизнинг қуролларингиз Россия ҳудудига ҳужум қилишда фойдаланмаслиги учун ҳар қандай кафолатни тақдим этишга тайёр», деганди у Европа Иттифоқи йиғилишида.

Феврал ойида Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Украинага узоқ радиусга ҳаракатланувчи ракеталар етказиб беришга тайёрлигини маълум қилган, британ ҳукумати эса уларни харид қилиш учун тендер эълон қилганди.

«Биз биргаликда Украинага ўз шаҳарларини Россия бомбалари ва Эрон дронларидан ҳимоя қилишга ёрдам беришимиз керак. Шунинг учун Буюк Британия Украинани узоқ масофага ҳаракатланувчи қуроллар билан таъминловчи биринчи давлат бўлади», деганди ўшанда Сунак.

Пайшанба куни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Украина қўшинлари Буюк Британия томонидан етказиб берилган Storm Shadow ракеталарини қўллашига жавобан Москва «айнан шундай» ҳарбий чоралар кўришини маълум қилди.

Мавзуга оид