Спорт | 22:32 / 12.05.2023
53933
4 дақиқада ўқилади

Бокс. Ўзбекистон ЖЧ-2023 финалига энг кўп – 7 боксчи билан етиб келди

12 май куни Тошкентда ўтаётган бокс бўйича ЖЧ-2023 турнирида яримфинал жанглари ўтказилиб, ўзбекистонлик 9 нафар боксчидан 7 нафари финалга йўлланма олди. 

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Яримфиналлар олдидан Баҳодир Жалолов муддатдан аввал турнирнинг финалига чиққани маълум бўлди. +92 кг вазн тоифасида Баҳодирга қарши жанг қилиши кўзда тутилган испаниялик Аюб Гадфа Дрисси рингга чиқмаслигини билдирди. Рақиб жангдан бош тортгач, Жалолов тўғридан-тўғри финалга йўлланма олди. 

Яримфиналдаги қолган 8 нафар ўзбекистонлик боксчиларнинг 12 май кунги иштирокини -54 вазн тоифасидаги Ойбек Жўраев бошлаб берди. У ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпиони россиялик Дмитрий Двалига қарши рингга кўтарилиб, 5:2 ҳисобида зафар қучди. 

-67 кг вазн тоифасида эса Асадхўжа Мўйдинхўжаев яримфинал жангини мўғулистонлик Мишеел Баттумурга қарши ўтказди ва 5:0 ҳисобидаги ғалаба билан финалга йўл олди. 

Учинчи яримфинал жангида эса Аълохон Абдуллаев бразилиялик Вандерлей Перейрага қарши рингга кўтарилди ва 1:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Бу вакилларимизнинг яримфиналдаги биринчи йўқотиши бўлди ва Абдуллаев бронза медали билан чекланади. 

 -92 кг вазн тоифасидаги Лазизбек Мулложонов эса чоракфиналда Рио-2016 Олимпиадаси ғолиби ва 4 карра жаҳон чемпиони Сезар Ла Крузни мағлуб этгач, бу сафар россиялик жаҳон чемпиони ва Токио-2020 Олимпиадаси кумуш медали соҳиби Муслим Гажимагомедовга қарши жанг қилди. Уч раунд давом этган баҳсда Мулложонов номдор рақибига ютқазди – 1:4. У ҳам турнирда бронза медали билан чекланадиган бўлди. 

Бешинчи яримфинал жангида -51 кг вазн тоифасидаги Ҳасанбой Дўсматов испаниялик Мартин Молинага қарши рингга чиқди. Жанг давомида Олимпиада-2016 ғолиби финалга муносиб эканлигини кўрсата олди – 5:0. Бу Дўсматовнинг фаолиятидаги ЖЧдаги иккинчи финал бўлади. 

Олтинчи яримфиналда эса Абдумалик Халоков қирғизистонлик Мунарбек Сеитбек Уулуга қарши жанг қилди ва 1-раунддаёқ рақибидан устун келди ва техник ғалаба билан финал йўлланмасига эга чиқди. 

-63,5 кг вазн тоифасида эса Руслан Абдуллаев турнир яримфиналида арманистонлик тажрибали Хованец Бачковга қарши жанг ўтказди ва 5:0 ҳисобида ғалаба эвазига Ўзбекистон делегацияси ҳисобига 6-финал йўлланмасини тақдим этди. Руслан жанг давомида рақибини нокдаун ҳолатига ҳам туширишга улгурди. 

Баҳодир Жалолов муддатдан аввал финалга йўл олганидан сўнг, куннинг сўнгги жанги

Саиджамшид Жаъфаров ва бразилиялик Вандерсон Де Оливейра ўртасида кечди. Қизиқарли ўтган баҳсда Бухоро бокс мактаби тарбияланувчиси рақиби устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга чиқди. 

Шу тариқа, турнирни 13 нафар чармқўлқоп устаси билан бошлаган Ўзбекистон миллий жамоаси финалга энг кўп – 7 нафар боксчи билан иштирок этадиган бўлди. Вакилларимиз ҳозирдан 9та медални нақд қилиб, бу борада ҳам турнирнинг энг яхши жамоаси бўлиш масаласини кафолатлаган.  

ЖЧ-2023. Ўзбекистонлик боксчиларнинг яримфиналдаги натижалари: 

-54 кг: Ойбек Жўраев - Дмитрий Двали (Россия) – 5:2, ғалаба. 

-67 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев - Мишеелт Баттумур (Мўғулистон) – 5:0, ғалаба. 

-75 кг: Аълохон Абдуллаев - Вандерлей Перейра (Бразилия) (16:00дан сўнг) – 1:4, мағлубият. 

-92 кг Лазизбек Мулложонов - Муслим Гажимагомедов (Россия) – 1:4, мағлубият. 

-51 кг: Ҳасанбой Дўсматов - Мартин Молина (Испания) – 5:0, ғалаба. 

-57 кг: Абдумалик Халoков - Мунарбек Сеитбек Уулу (Қирғизистон) – техник ғалаба. 

-63,5 кг: Руслан Абдуллаев - Хованец Бачков (Арманистон) – 5:0, ғалаба. 

-71 кг: Саиджамшид Жаъфаров - Вандерсон Де-Оливейра (Бразилия) – 4:1, ғалаба. 

+92 кг: Баҳодир Жалолов - Аюб Гадфа Дрисси (Испания) – +/-. 

Маълумот учун, финал баҳслари 13 ва 14 май кунларига белгиланган. Турнир чемпионлари 200 минг АҚШ доллари, кумуш медали соҳиблари – 100 минг, бронза медали эгалари эса 50 минг АҚШ доллари пул мукофотига эга бўлади.

Мавзуга оид