2022 йилнинг энг харидоргир автомобиллари ва энг кучли андроид-смартфонлар
Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.
Энг кучли андроид-смартфонлар
Antutu апрель ойининг энг кучли андроид-смартфонлари рейтингини эълон қилди.
Биринчи ўринни ROG 7 Pro эгаллаган. Смартфон Snapdragon 8 Gen 2 процессори билан жиҳозланган бўлиб, тезкор хотираси 16 ГБ ва доимий хотираси 512 ГБ.
Иккинчи ўринга худди шу процессор ўрнатилган Red Magic 8 Pro+ смартфони жойлашди. Унинг ҳам тезкор хотираси 16 ГБ ва доимий хотираси 512 ГБ.
Mi 11 Pro эса учинчи ўринга муносиб кўрилган. Унинг тезкор хотираси 12 ГБ ва доимий хотираси 512 ГБ.
Tоп-10 андроид-смартфонлар рўйхатига шунингдек, Mi 13, iQOO 11, Galaxy S23 Ultra, Galaxy S23+, Galaxy S23, One Plus11 ва Honor Magic 5 қурилмалари киритилган.
iPhone 16 Pro ва Pro Max ўлчами катталаштирилади
Display Supply Chain Consultants компаниясининг таниқли инсайдери ва таҳлилчиси Росс Янгнинг маълум қилишича, 2024 йилда тақдим этиладиган iPhone 16 Pro ва iPhone 16 Pro Max моделлари мос равишда 6,3 ва 6,9 дюйм диагоналли дисплей билан жиҳозланади.
Демак, келаси йилги флагманлар iPhone тарихидаги энг катта смартфон бўлади. Таққослаш учун, ҳозирги iPhone 14 Pro ва iPhone 14 Pro Max 6,1 ва 6,7 дюймли дисплейга эга. 2023 йил кузида тақдим этиладиган янги авлод смартфонларида ҳам бу ўлчам ўзгармайди.
2022 йилнинг энг харидоргир автомобиллари
JATO Dynamics маълумотларига кўра, 2022 йилда жаҳонда энг кўп миқдорда Toyota RAV4 автомобили сотилган. Ушбу кроссовердан 1,016 млн дона харид қилинган.
Иккинчи ўринни Toyota Corolla кроссовери эгаллаган. Ўтган бир йил давомида 992 минг дона ушбу моделдаги автомашина харид қилинган. Эътиборли жиҳати 2022 йилда сотилган ҳар 100 та автомобилдан 13 таси Toyota томонидан ишлаб чиқарилган.
Кучли учликни Tesla Model Y электромобили якунлаган. Ўтган йил бу моделдан 747 минг дона сотилган.
4- ва 5-ўринларни Honda CR-V (сотув – 733 минг дона) ва Toyota Camry (сотув – 673 минг дона) моделлари эгаллаган.
Twitter’да аудио ва видеоқўнғироқлар функцияси
Twitter ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маскнинг хабар беришича, тез орада платформага аудио ва видео қўнғироқлар функцияси қўшилади.
“Тез орада ушбу платформанинг ҳар бир фойдаланувчиси учун овозли ва видеочат пайдо бўлади ва сиз дунёнинг исталган нуқтасидаги одамлар билан телефон рақамингизни бермасдан мулоқот қилиш имкониятига эга бўласиз”, деган Маск.
Сувости автомобиль туннели
Хитой шимоли-шарқидаги Далянь порт шаҳрида ҳаракатланиш учун сувости автомобиль йўли туннели очилди.
Бу Хитойда қурилган биринчи сувости туннелидир. Қурилиш ишлари тахминан тўрт йил давом этган. Туннель узунлиги - 5,1 км бўлиб, олти полосали, икки томонлама ҳаракатланиш учун мўлжалланган. Рухсат этилган ҳаракат тезлиги - 60 км/соат.
Ўзбекистон сунъий йўлдош учиради
Ўзбекистонда CubeSat илмий-таълим сунъий йўлдоши ишлаб чиқарилади ва учирилади. Бу ҳақда “Ўзбеккосмос” агентлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, “Ўзбеккосмос” агентлиги ва Инновацион ривожланиш агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади - сунъий йўлдошни яратиш, йиғиш, учириш ва келгусида бошқариш бўйича зарурий салоҳиятни яратиш ҳисобланади.
Шунингдек, Туркия, АҚШ, Қозоғистон ва БАА билан бир қатор қўшма лойиҳалар бўйича келишувга эришилди. Уларнинг аксарияти соҳа учун янги кадрлар тайёрлашга қаратилган.
Мавзуга оид
17:55 / 02.04.2024
Xiaomi'дан SU7 электромобили, iOS 18 тақдимот санаси, Сорадан филм – технодайжест
13:05 / 03.03.2024
Учар такси, қўлга тақиладиган смартфон ва кибер кучукча – ҳафта технодайжести
21:18 / 10.02.2024
Букланадиган iPhone, энг ишончли автомобиллар ва энг кўп сотилган смартфонлар – ҳафта технодайжести
15:16 / 03.02.2024