Иқтисодиёт | 16:12 / 13.05.2023
36012
7 дақиқада ўқилади

Офшорга очилиш, санкциялар хавфи ва бекор бўлган P2P-назорат — иқтисодий таймлайн

Ортда қолаётган ҳафтада Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари камайди. Картадан картага ўтказмалар сирлигича қоладиган бўлди. Офшордаги компанияларга банк очишга рухсат бериляпти. АҚШнинг ортидан Евроиттифоқ ҳам санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам берганлик айблови билан Ўзбекистонда очилган бир нечта компанияларга санкция қўлламоқчи. Ўтган ҳафтанинг иқтисодиётга оид янгиликлари билан “Иқтисодий таймлайн”да қисқача маълумот бериб ўтамиз.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари камайди

Апрел ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 230 млн долларга камайиб, 35,2 млрд долларни ташкил қилган. Хорижий валюта захиралари ҳам 10,1 млрд доллардан 9,9 млрд долларга камайган.

Олтин нархи ошаётганига қарамай, захираларнинг олтин қисми камайгани эътиборли. Иқтисодчи Отабек Бакиров шу ҳақда сўз юритиб, апрелда қиймати 1 млрд долларга яқин олтин сотилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Унинг сўзларига кўра, апрелда захираларнинг валюта қисми ҳам камайгани боис, бундай ҳолатда олтин захиралари иқтисодиётга йўналтириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига ўтказилган бўлиши мумкин.

Kun.uz Марказий банкка олтин захиралари қайси омилларга кўра камайгани борасида саволлар юборди, аммо жавоб олиш имкони бўлмади, бу борада янги ҳафта давомида яна маълумот берамиз.

Картадан картага ўтказмалар сирлигича қоладиган бўлди

Жамоатчиликнинг кескин танқидлари ва эътирозларидан кейин картадан картага ўтказмаларга ҳисоб-фактура расмийлаштириш талаби бекор қилинди. 1 майдан кучга кириши керак бўлган бу тартиб билан Солиқ қўмитаси миллионлаб фуқароларнинг картадан картага пул ўтказмалари ҳақидаги маълумотларни назорат қилиши мумкин эди. Бу эса янги таҳрирдаги Конституция ва Банк сири тўғрисидаги қонуннинг қўпол равишда бузилишини англатади.

Kun.uz бу мавзуни атрофлича ёритиб борди. 1 майдан эътиборан кучга кирган янги Конституцияда банк сирлари дахлсизлиги бўйича норманинг кучайтирилгани картадан картага ўтказмалар бўйича талабни Конституцияга зид қилиб қўйган эди.

Офшордаги компанияларга банк очишга рухсат бериляпти

Бенефициарлари офшорда рўйхатдан ўтган норезидентларга Ўзбекистонда банк очишга рухсат бериляпти. Фақат бунинг учун норезидент чет эл фонд бозорларида банк акцияларини сотиб олган бўлиши керак.

Амалдаги қонунчиликка кўра, офшордагиларга Ўзбекистонда банк очиш мумкин эмас. Унга ўзгартириш киритишга қаратилган қарор лойиҳаси шу ҳафта жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, муҳокама 23 майда якунланади.

Апрел ойида офшорларга қонуний эшик очилаётгани муҳокама бўлгач, Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев бу норманинг киритилиши Ипотекабанкнинг хусусийлаштирилиши билан боғлиқ эканини айтганди. Яъни харидор томон бўлмиш Венгриянинг OTP банки Ўзбекистондаги банкни сотиб олиши учун қонундаги тўсиқ олиб ташланмоқда. Эслатиб ўтамиз, Венгрия банки Ўзбекистонда энг йирик бешинчи банкни хусусийлаштиряпти.

Маълумот учун, офшор ҳудудлар – компанияларнинг ортида турган якуний манфаатдор шахсларни қонунан очиқламасликка рухсат берадиган ва кўплаб солиқ имтиёзларига эга ҳудудлардир. Яширин тарзда офшор компанияга эгалик қилиш ноқонуний эмас, лекин шахснинг очиқчасига эмас, ёпиқ бизнес қилишга интилиши дунё миқёсида коррупцион гумонларга асос бўлади.

 “Менинг йўлим” лойиҳаси якунланди

Ички йўлларни таъмирлаш учун фуқаролар ташаббусларини молиялаштиришга қаратилган “Менинг йўлим” лойиҳаси якунланди. Лойиҳанинг бу йилги мавсуми 27 апрелдан 7 майгача давом этди ва унга бу йил 312 млрд сўм ажратилди.

Қишлоқлар ўз ташаббуслари ғолиб бўлиши учун қаттиқ курашди. Шу билан бирга, адолатсиз ҳолатлар кузатилди: шаҳарларда ҳатто 2 та овоз билан ғолиб бўлган ташаббуслар бор, қишлоқларда эса 44 минг овоз билан ҳам лойиҳалар мағлуб бўлди. Бундай мисоллар жуда кўп.

Ҳудудлар миқёсида қуйига – шаҳардан туман марказига, тумандан қишлоқларга тушган сари овозлар сони ошиб, ғолиб бўлиш эҳтимоли пасайиб бораверади. Чунки қишлоқларда абгор йўллар шаҳарларга қараганда анча кўп. Маблағ эса маҳаллий бюджетлардан ажратилади. Бу – камбағал ва йўллари абгор ҳудудларга камроқ, нисбатан ўзига тўқроқ ва йўлларининг аксар қисми асфалт қилинган шаҳарларга кўпроқ маблағ ажратилади дегани.

Ташаббуслари юта олмаганлар 2000 дан зиёд овоз тўплаган лойиҳалар ҳам молиялаштирилишидан умидвор. “Ташаббусли бюджет”нинг сўнгги мавсумларида президент ташаббуси билан шундай қилиб келиняпти.

Uzcard ва Humo тўлов тизимлари банкоматларини интеграция қилиш бўйича техник ишларни якунлади

Uzcard хабарига кўра, ҳозирги вақтда пилот режимида иккита банкомат ишлаб турибди: Uzcard'га уланган ва Humo банк карталарини қабул қилувчи “Капиталбанк” банкомати, шунингдек Humo'га уланган ва Uzcard карталари қабул қилинишини таъминлайдиган “Халқ банки” банкомати.

Тўлов тизимларининг иккала оператори томонидан тест синовлари муваффақиятли якунлангандан сўнг, банкларнинг барча банкоматларини улаш режалаштирилган. Бу – 1 июндан босқичма босқич амалга оширилади.

Евроиттифоқ Ўзбекистон компанияларига санкция қўлламоқчи

Европа иттифоқи 11-санкциялар пакетини тайёрлаяпти. Бу сафар санкцияларни четлаб ўтишда Россияга ёрдам берган учинчи томонлар ҳам нишонга олиняпти. Навбатдаги санкциялар пакети лойиҳасидан хабардор дипломатик манбаларга кўра, ҳужжат билан Хитой, Эрон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ўнлаб янги компаниялар Европа Иттифоқи қора рўйхатига киритилиши мумкин.

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен товарлар Европа Иттифоқидан учинчи давлатларга, кейин эса Россияга етиб бориши аниқланса, аъзо давлатларга ушбу товарларни экспорт қилишга санкция киритилишини айтди.  Еврокомиссиянинг Россияга санкциялардан қочишга ёрдам бераётган учинчи давлатлар борасидаги шубҳалари март ойидаёқ аён бўлганди.

Гап шундаки, Европа Иттифоқидан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонга экспорт қилинадиган товарлар орасида кир ювиш машиналари, эски машиналар ва фотоаппаратлар бор. Сўнгги пайтлар шу каби товарларни айирбошлаш ҳажми кескин ошган. Улар қисмларга ажратилиб, яримўтказгичлар ва улардан олинган бошқа компонентлардан Украинада зарар кўрган Россия танклари, зирҳли техникалари ва дронларини таъмирлаш учун фойдаланилаётган бўлиши мумкин.

Март ойида АҚШ Ўзбекистонни санкциялар туфайли эҳтиёткорликка чақирди. Апрелда эса Евроиттифоқнинг санкциялар бўйича махсус вакили Девид ЎСалливан Тошкентга келди.

Апрелда АҚШ миллиардер Алишер Усмоновнинг қариндошлари ва компанияларига санкция қўллади, натижада Ўзбекистоннинг “Оҳангаронцемент” заводи ҳам чекловга тушди. Заводнинг асосий акциядори Аккерман Cемент CА ҳамда Усмоновнинг УСМ ҳолдинги таркибидаги «Металлоинвест», «Мегафон» ҳам АҚШнинг қора рўйхатидан жой олди.

Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродов “Оҳангаронцемент”нинг санкцияга тушиши хавотирли эканини айтди. У Алишер Усмоновнинг компаниялари, хусусан “Оҳангаронцемент” ва унинг таъсисчисига нисбатан санкция қўллагани уларнинг доллардаги операцияларини чеклашини таъкидлади.

Марказий банк раиси заводга хизмат кўрсатаётган банк иккиламчи санкцияга тушиши эҳтимолини рад этмади. Унга кўра, масала ечими бўйича АҚШ томони билан иш олиб бориляпти.

Мадина Очилова тайёрлади
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтажчи – Абдуқодир Тўлқинов

Мавзуга оид