Жаҳон | 14:16 / 13.05.2023
10408
2 дақиқада ўқилади

Украина президенти Володимир Зеленский Римга ташриф буюрди

Зеленскийнинг Италияга ташрифи дастуридан ушбу мамлакат президенти Сержио Маттарелла, бош вазир Жоржа Мелони ва Рим папаси Франциск билан учрашув ўрин олган.

Фото: Reuters

Украина президенти Володимир Зеленский 13 май, шанба куни Римга борди. Украина раҳбарининг ташрифи кун тартибидан Италия президенти Сержио Маттарелла, бош вазир Жоржа Мелони ва Рим папаси Франциск билан учрашувлар ўрин олган.

Мелони феврал ойида Киевда Зеленский билан учрашган эди. Понтифик эса Россия томонидан Украинага қарши бошланган уруш муносабати билан "тинчликни мустаҳкамлаш учун барча имкониятлардан" фойдаланиш ниятида эканлигини бир неча бор таъкидлади.

Римда Володимир Зеленский ва мезбон расмийлар ўртасида қўшма матбуот анжумани бўлиб ўтиши ҳозирча маълум эмас.

Аввалроқ Украина президенти Италиядан Германияга бориши хабар қилинганди. 14 май, якшанба куни у Берлинда федерал канцлер Олаф Шольц ва Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер билан учрашиши ва шу куни Ахен шаҳрида Украина халқи номидан Карл мукофотини олиши режалаштирилган.

Бироқ, Зеленскийнинг Германияга уруш бошланганидан бери биринчи бор сафари тафсилотлари сиздирилиши сабабли, бу ташриф бекор қилиниши мумкин.

Мавзуга оид