Жаҳон | 11:39 / 16.05.2023
35092
3 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ: Марказий Осиёнинг қатор давлатлари Россияга қарши ғарб санкцияларига қўшилиши мумкин

Михаил Галузин Ғарб Марказий Осиё мамлакатларида Россияга қарши кампания олиб бораётгани ҳақида айтган.

Фото: oreanda-news

Марказий Осиёнинг айрим давлатлари таваккал қилишга тайёр эмасликларини ва ғарбнинг Россияга қарши санкцияларига қўшилишлари мумкинлигини очиқ айтмоқда. Бу ҳақда сешанба куни «Валдай» халқаро мунозара клубининг III Марказий Осиё конференциясида Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин маълум қилди.

«Бир томонлама иқтисодий чекловларнинг номақбуллиги ва ноқонунийлиги ҳақидаги позициялар бир-бирига мос келишига қарамай, Марказий Осиёнинг бир қатор давлатлари тегишли таваккалчиликларни ўз зиммаларига олишни истамаяптилар, улар ғарбнинг чеклов чораларига амал қилишга тайёр эканликларини яққол кўрсатмоқдалар», — деди вазир ўринбосари.

Галузиннинг сўзларига кўра, Россия «ўзаро мажбуриятларга, жумладан, КХШТ, ЕОИИ ва МДҲ доирасидаги мажбуриятларга зид бўлмаганда» қандай ташқи ва ички сиёсий йўл тутиш кераклигини ҳеч кимга буюрмайди.

«Ишончимиз комилки, Марказий Осиё давлатлари буни жуда яхши тушунишяпти: Россия билан алоқаларни сунъий йўл билан йўқ қилиш иккиламчи санкциялардан кўра жиддийроқ зарар келтириши мумкин», дея қўшимча қилди у.

Вазир ўринбосари Россия Марказий Осиё давлатлари билан стратегик шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлашга қатъий қарор қилганини таъкидлади.

Дипломатнинг сўзларига кўра, ғарб коалицияси давлатлари назорат остидаги оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотлардан (ННТ) фойдаланиб, Марказий Осиёда Россияга қарши ахборот кампанияси олиб бормоқда.

«Марказий Осиёда назорат остидаги оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотлар ёрдамида маҳаллий аҳоли, айниқса, ёшлар орасида Россияни рад этиш, умумий тарихимизни обрўсизлантиришга уриниш орқали унинг ижобий қиёфасини жамоатчилик онгидан чиқариб ташлаш мақсадида олиб борилаётган ахборот кампанияси ҳам шунга қаратилган», деди у.

Ғарб давлатлари Марказий Осиё минтақасига фақат «Россия ва Хитойни жиловлаш сиёсати, Осиёдан Европага ва аксинча йўналишда савдо йўллари чорраҳасини назорат қилиш» воситаси сифатида қарайди, дейди Галузин.

Россия томони эса Марказий Осиёга нисбатан сифат жиҳатидан бошқача ёндашувдан фойдаланмоқда, деди Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари.

«Биз учун бу қўшни минтақа бўлиб, бизни умумий тарих, иттифоқчилик, стратегик шериклик ва интеграцияга асосланган ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли муносабатларнинг кўп босқичли ва кенг тармоқли тизими боғлайди», дея қўшимча қилди Галузин.

16 ва 17 май кунлари Томск давлат университетида «Россия ва Марказий Осиё: ўзгарувчан дунё билан ўзаро алоқа» мавзусидаги «Валдай» конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Мавзуга оид