“Давлат субсидияси асосида ишлаётганлар эркин бозор шароитига тайёрланиши керак” — ЕТТБ конференциясидан иқтибослар
ЖСТга аъзо бўлиш учун барча техник ишлар якунлангани айтилди. Ўзбекистон 5 йилда 120 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилмоқчи. Венгриянинг OTP банки Ипотекабанк бўйича тўловни 2 ҳафта ичида амалга оширмоқчи.
Европа Тикланиш ва тараққиёт банкининг Самарқандда бўлиб ўтаётган йиллик конференцияси доирасида “Ўзбекистон инвестиция истиқболлари” мавзусидаги прогноз сессияси бўлиб ўтди. Kun.uz анжуманда янграган айрим фикр-мулоҳазаларни келтириб ўтади.
“Кейинги йилларда ҳам 5-6 фоиз атрофидаги иқтисодий ўсишни ушлаб қолишимиз лозим” — Шуҳрат Вафоев
Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Шуҳрат Вафоев кейинги даврда Ўзбекистон ҳукуматининг асосий мақсади барқарор макроиқтисодий ва ҳуқуқий тизим яратиш эканини таъкидлаб ўтди.
“Биз нархларни барқарорлаштиришга алоҳида эътибор қаратганмиз. Тўғри, бу осон эмас, аммо ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун мослашувчанлик керак.
Йиллик 5-6 фоиз атрофидаги иқтисодий ўсишни ушлаб қолишимиз лозим. Кейинги 5 йилда 120 млрд доллар хорижий сармояларни жалб қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Бу маблағларнинг асосий қисмини инфраструктура лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирамиз. Шунингдек, 2026 йилгача экспортни 30 млрд долларга етказмоқчимиз. Кейинги даврдаги асосий мақсадимиз – барқарор макроиқтисодий ва ҳуқуқий тизим яратиш ҳисобланади”, – деди Вафоев.
ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос жорий йилдаги совуқ қиш мавсумини эслади ва ҳукумат қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаб, Шуҳрат Вафоевдан бу қандай кўринишда амалга оширилиши ва сармоя масаласи қандай ҳал этилишини сўради.
“Албатта, барқарор инфраструктура аҳоли ва инвесторлар учун жуда муҳим. Бизда хусусий секторни ушбу тармоққа жалб қилиш тажрибаси бор. Охирги йилларда нолдан бошлаб бу борада эътиборли ютуқларга эришдик. Эндиликда хусусий секторни етказиш ва қайта тақсимлаш ишларига ҳам жалб қилишни режалаштиряпмиз. Ҳар томонлама интеграция қилинган ечимларни ишлаб чиқишимиз ва генерация қувватларини кенгайтиришимиз керак”, – дея жавоб берди Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори.
“Кейинги қадам – Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш” — Жамшид Хўжаев
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаевнинг таъкидлашича, савдо алоқаларини ривожлантиришда инфраструктурага алоқадор муаммоларни ҳал қилиш асосий мақсад ҳисобланади.
“Бизда МДҲ мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириш учун яхши инфраструктуралар мавжуд. Эркин савдони ривожлантириш учун ҳаракатларимизни кучайтирдик. Охирги йилларда қўшни мамлакатлар билан яхши савдо муносабатлари ўрнатилди. GSP+ дастури доирасида 6000 мингдан ортиқ маҳсулотларимизни Европа бозорларига етказиб бериш имкониятини қўлга киритдик.
Кейинги қадам – Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш. Фақат МДҲ миқёсида эмас, бошқа йўналишларда ҳам савдо алоқаларимизни ривожлантиришга урғу беряпмиз ва денгиз портларига имкон берувчи лойиҳалар устида ишлаяпмиз.
ЖСТга аъзо бўлиш бўйича барча техник ишларни тугатдик. Қонунчилигимизнинг ташкилот низомига жавоб беришини таъминлаши бўйича бошқа аъзо давлатлар билан музокараларни амалга оширдик.
Яна бир нарсага эътибор қаратмоқчиман. Савдо алоқаларимизни ривожлантириш учун катта инфраструктура лойиҳаларини амалга оширишимиз лозим. Трансафғон йўли ва Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темирйўлини қуруш бўйича техник иқтисодий ишлар деярли якунланган. Инфраструктурага алоқадор муаммоларни ҳал қилиш бугунги кунда асосий мақсадимиз ҳисобланади”, – деди у.
Алкис Дракинос Жамшид Хўжаевдан ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистон томони қилиши керак бўлган ишларни сўради.
“ЖСТга аъзо бўлиш – узоқ ва мураккаб жараён. Бу борада ислоҳотларни давом эттиришимиз керак. Қонунчилик нормаларимиз ва техник стандартларимизни мувофиқлаштиряпмиз. Ўзимиз учун қилинадиган ишларнинг рўйхатини тузиб олганмиз. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун ЖСТга аъзо бўлишимиз катта имкониятлар яратади. Бозорга кириш рақобат дегани, бу чақириқни қабул қилишга тайёрмиз.
Бозоримизда кўплаб давлат корхоналари бор, уларни хусусийлаштиряпмиз. Мақсад – рақобатбардошликни ошириш. Давлат корхоналари ҳам бозорга чиқиш имкониятига эга бўлади, улар рақобатга киришиши ва рақобатбардош бўлиши керак.
Яна бир жиҳат, саноатда давлат субсидияси билан ишлайдиган компаниялар, айниқса электроника ва қишлоқ хўжалигига алоқадор тармоқларда, эркин бозор шароитларида ишлай олишлари учун ҳозир қилаётган стратегиясини қайта кўриб чиқишлари лозим.
Ташкилотга қўшилиш учун кўплаб муҳокама жараёнларида иштирок этяпмиз. Биз учун муҳим омил – саноатимизга зиён етказмасдан муросага келиш. Тренд динамик бўлади, биз бу борада фаол иш олиб боряпмиз. Делегация раҳбари сифатида музокараларни тезроқ ва қисқа муддатда якунлашни хоҳлардим”, дея таъкидлади Жамшид Хўжаев.
“Кейинги йилларда 10,4 GW қувватларни ривожлантиришни мақсад қилганмиз” — Муҳаммад Жамил Ал Рамаҳи
Ўзбекистоннинг энергетика секторида бир қанча инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган Масдар компаниясининг бошқарув директори Муҳаммад Жамил Ал Рамаҳининг сўзларига кўра, кейинги йилларда ҳам компания мамлакатга инвестиция киритишни давом эттиради.
“Ўзбекистон дўстона давлат, инвестор сифатида буни тасдиқлайман. Ҳукумат қўлидан келганча муаммоларни бартараф этиш бўйича бизга ёрдам беряпти ва чоралар кўряпти. Кейинги йилларда 10,4 GW қувватларни ривожлантиришни мақсад қилганмиз. Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳаларимиз қиймати ҳам 2 млрд долларга яқинлашди. Инвесторларни мамлакатга жалб қилиш ва алоқаларни яхшилаш учун ЕТТБга ўхшаган молиявий ташкилотларнинг ўрни ва ёрдами муҳим деб ўйлайман.
Ўзбекистон – катта инсон капиталига эга. Ушбу мамлакатда инвестор бўлишдан мамнунман”, – дейди Ал Рамаҳи
“Ипотекабанкнинг 70 фоизини хусусийлаштириш битими кейинги 2 ҳафтада ёпилади” — Ласло Вулф
Венгриянинг OTP банки бош директори ўринбосари Ласло Волфнинг эътироф этишича, Ўзбекистон банк секторида рақобат ўсмоқда.
“Ўзбекистон бозорига кириш ҳақидаги қарор уч йил аввал қабул қилинганди, чунки мамлакат OTВ Bank'нинг янада ривожланиши учун қулай. Уруш бошланганидан кейин Ўзбекистон бозорига киришга арзийдими, деган шубҳалар пайдо бўлди, охир-оқибат маҳаллий банкни хусусийлаштиришга қарор қилдик.
2022 йил декабрь ойида Ипотекабанкнинг 70 фоиз улушини сотиб олиш бўйича шартнома имзоладик. Битим ҳали ёпилмади, лекин икки ҳафта ичида бу ишни амалга оширишга умид қиламиз. Мамлакатда банк сектори ривожланмоқда ва рақобат ўсмоқда. Биз ҳам рақамли ишлаш имкониятини кенгайтирмоқчимиз. Ўзбекистон банк секторидаги вазият барқарор”, деди у.
Мавзуга оид
12:55 / 09.12.2024
Тошкентда ислом тадқиқотлари бўйича Оксфорд маркази юбилейига бағишланган конференция ўтказилади
21:39 / 27.11.2024
Самарқандда трамвайнинг 3-йўналиши очилиши мумкин
12:53 / 27.11.2024
ДТЭК ЕТТБнинг компанияни молиялаштиришдан бош тортганига изоҳ берди
11:51 / 25.11.2024