«Путин яна бир музлатилган конфликт яратмоқчи» – Самарқанддаги йиғилишда Украина бўйича нималар дейилди?
ЕТТБ йиғилишига келган экспертлар Украинага ёрдам беришда давом этиш масаласида якдил фикр билдиришди.
Самарқанд туманидаги сайёҳлик марказида Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарув кенгашининг 32-йиғилиши доирасида кўплаб мавзуларда экспертлар иштирокида муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.
Мажмуадаги Dimond анжуманлар залида «Уруш ва урушдан кейинги иқтисодиёт: Украина сабоқлари» мавзусида муҳокама ўтказилди. Унда қатор машҳур иқтисодчилар чиқиш қилишди. Хусусан, ЕТТБ бош иқтисодчиси Беата Яворчик, Брукинг таҳлил маркази илмий ходими Фиона Ҳилл, Принстон университети тарих профессори Ҳаролд Жеймс, Оксфорд университети глобал тарих бўйича профессори Петер Франкопан, АҚШнинг Герман Маршалл фонди геосиёсий тадқиқотчиси Томас Клейн-Брокҳофф мавзу бўйича ўз фикрларини билдиришди.
Муҳокамани BBC’нинг собиқ журналисти Жонатан Чарлес модератор сифатида олиб борди.
Профессор Ҳаролд Жеймснинг айтишича, Путин Украинани алоҳида давлат сифатида мавжуд бўлмайди деб ўйлар экан, у билан музокара қилиб бўлмайди.
«9 май парадида Путин урушни тарихдаги бурилиш нуқтаси деб атади. У Украина алоҳида давлат сифатида мавжуд бўлиши керак эмас деб ўйлайди. Россияни бундай одам бошқараётган экан, Украина борасида улар билан қандай музокара ўтказиш мумкин?» дея профессорнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
У Хитойда император «осмон қўлловига эга» деган тушунча бўлгани, Россиядаги ҳукмдор эса «осмондан қўллов»ни йўқотгандек кўринаётганини қайд этган.
Петер Франкопан эса уруш қандай натижа билан тугашидан қатъи назар бу Россия учун ғалаба бўлмаслигини айтди.
«Бу уруш қандай якунланишидан қатъи назар, Россия ғалаба қозона олмайди. Россияда қачондир мамлакатдаги барча муаммолар Украина мавжудлиги учун бўлганига ишонтиришга ҳаракат қилишади, лекин буни уддалай олишмайди», деди эксперт.
Профессор Франкопаннинг сўзларига кўра, Украинани тиклаш борасида оптимист бўлишга ундовчи жиҳатлар бор. Масалан, Украина энергетика бўйича Европадаги муҳим давлатга айланиши мумкин. Айниқса ядро энергетикаси бўйича.
Ҳаролд Жеймс эса Украинани тиклаш бўйича бошқа жиҳатга эътибор қаратди.
«Украинани тиклаш ҳақида гапирганда кўпчилик қишлоқ хўжалигига эътибор қаратмоқда, аммо Украинадаги IТ соҳаси ҳам истиқболли кўринмоқда. Масалан, уруш бошланганда украиналиклар русларнинг ҳаракатланиш ҳудудларини аниқловчи тизим ишлаб чиқишди. Бу эса Украинада яхши муҳандислар борлигидан далолат», деган Жеймс.
Америкалик мутахассис Фиона Ҳилл эса Украинадаги айнан аграр соҳа келажакда тикланиш учун катта ёрдам беришини таъкидлади.
«Украина урушдан кейин ҳам пул ишлашда давом этиши мумкин. Масалан, Украинадаги фермерлар уруш ҳолатида ҳам кўп миқдорда дон етказиб беришмоқда. Менимча, бу давлатга урушгача инвестиция қилганлар кейинчалик ҳам Украина агросаноатига инвестиция киритишидан умид қилиш мумкин.
Украинада тикланишда таяниш мумкин бўлган бошқа соҳалар бор. Масалан, юқорида айтилганидек, у ерда яхши инженерлар бор. Бундан ташқари, дунёнинг барча чеккаларида Харкивда ўқиган шифокорни учратасиз.
Шундай экан, тиклаш жараёнини бошлашдан қўрқмаслик керак. Айтайлик, тиклаш аввалига Украинанинг унчалик зарар кўрмаган шаҳарларидан бошланса, кейинчалик жиддий зарар кўрган ҳудудларга ўтиш мумкин», деган Ҳилл хоним.
Унинг сўзларига кўра, кўплаб давлатларда, масалан, Африка мамлакатларида Украина давлати ва тарихи ҳақида билишмайди, собиқ иттифоқдаги барча ерларни ҳамон Россияники деб ўйлашади.
«Ҳозир Украина учун энг муҳим нарсалардан бири – имкон қадар кўпроқ давлатлардан ёрдам олиш. Масалан, Африка давлатларининг кўпчилиги БМТдаги Украина уруши борасида овоз беришда иштирок этмайди, чунки улар бу можарога алоқадор бўлишни истамайди. Ва биз бу автократия ва демократия ўртасидаги уруш эканига ишонтирмоқчи бўлсак, бу жараёнга кўпроқ давлатларни жалб қилишимиз керак.
Кўп давлатлар Украина ҳақида, унинг тарихи ҳақида билмайди. Кўпчилик Россия СССРнинг меросхўри деб билади, собиқ иттифоқдаги барча ерлар уники деб ўйлайди. Биз уларга қандай қилиб бўлса ҳам Украина катта мустақил давлат эканини тушунтиришимиз керак. Ахир Украина Африка давлатларига озиқ-овқат етказиб беряпти-ку, тўғрими?» деган Ҳилл хоним.
Томас Клейн-Брокҳофф урушда Россия ғалаба қозонадиган бўлса, дунё янги мувозанатга яқинлашиши мумкинлигини айтди.
«Агрессорнинг миясида нима борлигини билиб бўлмайди. У дунёдаги кўп тартибларни ўзгартириб юбориши мумкин. Масалан, ядро мувозанатини. Мен уруш дунёдаги халқаро тартибни ўзгартириб юбориши мумкин эмас деган гапларга қўшилмайман. Россия ғалаба қозонса, биз дунёдаги мувозанат ўзгаришига яқинлашишимиз мумкин», деган у.
Клейн-Брокҳофф Украина учун донорлар ёрдами жуда муҳим эканини ҳам таъкидлади.
«Украина молия вазири бюджетдаги дефицит айнан донорлар бераётган пуллар эвазига қопланаётганини айтганди. Бу ерда муҳими – мана шу донорлар оқими давомий бўлиши. Кўпчилик донорлар ҳам чарчайди деб ўйламоқда. Европада донорлар чарчаганини сезмаяпман. Шундай экан, Украинага ёрдамни тўхтатиш керак эмас.
Путин ҳозирда Украинада яна бир музлатилган конфликт яратишга ҳаракат қилмоқда. Аммо биз агрессорнинг ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий мақсадларини билиб олишимиз керак.
Бир нарсани унутмаслик керак. 1947-48 йилларда Германияни тиклаш бўйича Маршалл режаси амалга оширилганда ЕТТБ каби халқаро иқтисодий ташкилотлар бўлмаган, ҳозир эса бор ва айнан улар Украинани тиклаш жараёнини амалга оширади. Биз украиналикларга ёрдам беришимиз керакки, улар ўзларига ёрдам бера олсин. Масалан, 15 йилдан кейин Япония Украинага ёрдам берадими? Билмайман, лекин ҳозир ёрдам беради», деган иқтисодчи.
ЕТТБ бош иқтисодчиси Беата Яворчик урушдан кейин давлатларда аҳоли кўпайиш тезлиги пасайиши, бунинг эса бевосита иқтисодий салбий омиллари борлигини айтди.
«Уруш бошланганидан буён Украина иқтисодиёти пасайиб кетди ва биз бундай пасайиш сақланиб қолишини тахмин қиляпмиз. Мен бир нарсага эътибор қаратмоқчиман: уруш бўлаётган давлатларда аҳоли кўпайиши пасайиб кетади. Урушдан кейин давлатларнинг қарзи ЯИМнинг 50 фоизигача етиши ҳам мумкин. Давлатлар мана шу юкни кўтариши ҳам мураккаб жараён.
Украина бугунги можародан имкон қадар оғриқсиз чиқиб кетиши керак. Бир нарсани унутмаслик керак: уруш бўлган давлатларда ўртача 25 йил тинчлик ҳукм сўради. Можаро такрорланмаслиги учун эса бугун Украинага энг биринчи иқтисодий ёрдам керак деб ўйлайман», деди Яворчик хоним.
Модератор Жонатан Чарлес ўзи яшаётган Британияда одамлар вазият қийин бўлса-да, Украинага ёрдамни тўхтатиш кераклиги ҳақида гапирмаётганини айтди.
«Мен яшаётган Британияда одамлар кўп солиқ тўлаяпмиз, нарх-наво кўтарилиб кетди деб нолишмоқда, лекин улар Украинага ёрдам беришни бас қилиш керак деб айтгани йўқ. Шундай экан, Украинага ёрдам беришдан қўрқмаслик керак деб ўйлайман», деди муҳокама модератори.
Мавзуга оид
11:00
РФда Украинага қарши уруш қатнашчилари имтиёзли ипотекани ололмайди
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22 / 24.12.2024