Ўзбекистон | 19:01 / 17.05.2023
11032
3 дақиқада ўқилади

Самарқандга электробуслар, энергетикага 3,8 млрд доллар — ЕТТБ конференцияси доирасидаги битимлар

Самарқандда ўтаётган ЕТТБ йиллик йиғилиши доирасида қатор инвестициявий келишувлар имзоланди. Банкнинг ўзи Самарқандда электробуслар қатновини йўлга қўйиш учун 49 млн долларгача маблағ ажратмоқда. БААнинг икки компанияси эса 3,8 млрд долларлик энергетика лойиҳаларини амалга оширади.

Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши давом этмоқда. Анжуман давомида қатор инвестициявий битим ва шартномалар имзоланди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати ва ЕТТБ ўртасида Самарқанд шаҳрида электробуслар қатновини йўлга қўйиш учун 49 млн долларгача миқдорда суверен кредит ажратиш тўғрисида битим тузилди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Ажратилган маблағ зарядловчи қурилмалар билан бирга 100 тагача ўрта ўлчамдаги (10,5 м) электробусларни сотиб олиш, шунингдек, электобуслар парки, электр станцияси, фойдаланиш учун маъмурий бинолар ва техник хизмат кўрсатиш объектларини ўз ичига олган зарур инфратузилмани яратиш учун ишлатилади.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Булардан ташқари, конференция доирасида яна қуйидаги шартномалар ҳам имзоланди:

— Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва ТAQA компанияси ўртасида умумий қуввати 1600 МВт гача бўлган комбинациялашган газ-турбинали ускунани ўрнатиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича 1,2 млрд долларлик битим;

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

— Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва Masdar компанияси ўртасида 2,6 млрд доллари миқдорида қуввати 2150 МВт ва 500 МВт бўлган фото ва шамол электр станциялари лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича битим;

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

— Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Халқаро молия корпорацияси ўртасида Тошкент шаҳрида электр энергиясини тақсимлаш лойиҳаси бўйича 300 млн долларлик молиявий ва консалтинг хизматларини кўрсатиш тўғрисида битим;

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

— Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва Франциянинг “Suez” компанияси ўртасида Сурхондарё вилоятида сув таъминоти тизимини яхшилаш бўйича умумий қиймати 500 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш тўғрисида битим;

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

— Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва ACWA Power компанияси ўртасида “Яшил водород” лойиҳасини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 88 миллион долларлик инвестиция шартномаси.

Мавзуга оид